КАМАЙТИРИЛГАН ПЕНСИЯ МАЪМУРИЙ СУД ТОМОНИДАН ТИКЛАНДИ

Бу ҳаётда ҳар бир киши танлаган касби орқасидан обрў-эътибор топиб, ёруғ юз билан нафақага чиқиш ва фарзанду набиралари қуршовида кексалик гаштини суришни ният қилади.

Асака туманининг Саид­обод маҳалласида яшовчи М. Расулов ҳам 2010 йили 55 ёшга етгач, имтиёзли пен­сия­га чиққанди. Аммо 2019 йилнинг январь ойида кутилмаганда, унинг пенсияси нақд тўрт­дан уч қисмга камайиб кетди. Аниқроғи, 1 149 000 сўмлик пенсияси бирданига 400 000 сўмга тушиб қолди.

Албатта, М. Расулов бундан ташвишга тушди ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Асака туман бўлимига мурожаат қилди. Бунга жавобан бўлим мутахассислари охирги 10 йиллик иш стажи инобатга олинмаганини маъ­лум қилишди.

Аниқланишича, М. Расулов жами 36 йиллик иш стажига эга бўлган.

Шундан 23 йилида — 1987 йилдан 2010 йилга қадар Россия Федерациясининг Тюмень вилоятида жойлашган «Инкомнефть» акциядорлик жамиятида ишлаган. Табиийки, ўша даврда унинг иш ҳа­қи­дан ҳам белгиланган даромад солиғи ва суғурта бадаллари ушлаб қолинган. Бироқ пенсия жамғармаси мутахассислари М. Расуловга 2000 йилдан 2010 йилгача ушланган суғурта бадаллари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан таш­­қари пенсия жам­ғармасига келиб тушмаганлигини рў­кач қилиб, ана шу даврни иш стажидан чегириб ташлашган. Натижада М. Расуловнинг пенсия миқдори кескин камайиб кетган.

Табиийки, М. Расулов бундан норози бўлиб, бўлим бошлиғига оғзаки равишда мурожаат қилади. Лекин ҳеч нарса ўз­гармагач, у Асака туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, пенсия жамғармаси туман бўлими зиммасига юқоридаги иш стажини инобатга олиш мажбуриятини юклашни сўради.

Суд жараёнида аён бўлишича, М. Расуловнинг 2000-2010 йиллардаги иш ҳақи маълумотномасида суғурта бадаллари ушлаб қолинганлиги қайд этилган. 1992 йил 13 мартда им­золанган «Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат иштирокчиларининг фуқароларини пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги келишув»нинг 6-моддасида ушбу Келишув кучга киргунга қадар фуқароларнинг барча иштирокчи давлатларнинг ҳудудидаги ва собиқ иттифоқ ҳудудида орттирилган иш даври иш стажига қўшилиши, Келишувнинг 13-моддасида эса, ушбу келишувдан ҳар бир иштирокчи депозитарийга юборилган тегишли ёз­ма билдиришнома билан чиқиб кетиши, бундай ҳолатда депозитарий олинган кундан бошлаб аъзо мамлакат Келишувдан 6 ой ўтиб, чи­қиб кетиши, аъзо мамлакат ке­ли­шувдан чиқиб кетган тақдирда ҳам, ушбу давлат фуқароларининг пенсия ҳу­қуқлари ўзининг кучини йўқотмаслиги белгиланган. Ўзбе­кис­тон Республикаси эса, ушбу Келишувдан чиқиб кетмаган ва Келишув талаблари ай­ни пайтда ҳам амалда.

Бундан ташқари амалдаги «Давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қо­нуннинг 2012 йил 5 январгача амалда бўлган таҳрири 36-моддасига мувофиқ, чет элда ишлаган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қои­далар назарда тутилмаган бўл­са, меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Қонуннинг айни пайтдаги таҳ­рири 6-моддасида ҳам, фуқаролар давлат пенсия таъминоти соҳасида Ўзбекистон Республикасининг миллий қонун ҳужжатларидан хал­қаро шартнома қои­далари устувор аҳа­миятга эга эканлиги белгиланган.

Айтиш керакки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 1-моддасида «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳуж­жатлари ушбу кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади» дея қайд этилган. Шу боис, суд Молия вазирлиги ҳу­зуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси Асака тумани бўлими зиммасига М. Расуловнинг 2000-2010 йилларда Россия Федерация­сининг Тюмень вилоятида жойлашган «Инкомнефть» акциядорлик жамиятида ишлаган даврини ҳи­собга олинган ҳолда пенсия тайинлаш мажбуриятини юк­лаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу тариқа фуқаронинг бузилган ҳуқуқи суд томонидан тик­ланди. Бу ҳам Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кў­ламли ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.

Баҳром БЕРДИЕВ,
Асака тумани маъмурий
судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: