ЯРАТИЛГАН ЯНГИ ФИЛЬМ ТАЪСИРИ ТУФАЙЛИ 38 ОИЛА ҚАЙТА ТИКЛАНДИ
Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров ва Олий суд судьялари Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Ёшлар маркази мажлислар залида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда турли сабабларга кўра ажрашиб кетган 108 нафар эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ҳамда маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Оила ва фарзанд муқаддаслиги, оиладаги нотинчликнинг келиб чиқиш сабаб ҳамда оқибатлари чуқур ҳуқуқий ва маънавий таҳлил қилиб берилди.
Шунингдек, Олий суд буюртмаси асосида оилавий ажралиш оқибати ҳақида суратга олинган “Фарзанд – омонат” ва “Ота” деб номланган қисқа метражли фильмлар намойиш этилди.
Бу эса иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Фильмни барча кўзида ёш билан томоша қилди. Бундан ўзига тегишли хулоса чиқарган 38 оила ярашди, уларнинг фарзандлари энди ота-она бағрида вояга етадиган бўлди.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Урганч ва Хива шаҳридаги қабул натижалари бўйича жами 73 нафар фуқаро ва тадбиркор қабул қилинди. Шундан 21 та мурожаат назорат тартибида ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
Қабулларда 52 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 9 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. Жумладан, фуқаро Қ. Тангирбегеновнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Унинг онаси, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, 1992 йилда туғилган Т. Х. га озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, у хотин-қизлар кафиллигига берилган ҳолда суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Бундан ташқари, Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров раислигида жойлардаги барча туман, шаҳар ҳокимлиги қурилиш ишлари бўйича ўринбосарлари, архитектура ва қурилиш бўлими ва “Ермулккадастр” филиали раҳбари тадбиркорлар иштирокида ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш соҳасидаги қонунчилик ва низоларни судларда кўришда учраётган муаммолар, қонунчиликни қўллашда тегишли ҳокимлик органларининг мажбуриятлари ва бу соҳада қабул қилинган янги қонунчилик талаблари уларга тушунтирилди. Шу хусусида Олий суд томонидан тайёрланган китоб шаклидаги қўлланма уларга тарқатилди.
Шунингдек, Олий суд судьялари, вилоят судлари судьялари Хива шаҳридаги болалар уйига ташриф буюрди. Учрашувда ўз иқтидорларини намойиш этган тарбияланувчилар тақдирланди. Барча тарбияланувчиларга турли мавзудаги болалар адабиётлари совға қилинди.
ЎзА
Фикр қолдириш