ИНСОФ ЧЕГАРАСИДАН ЧИҚМАНГ!
Ўмарилган қилдай нарса эртага арқондай бўлиб чиқиб кетиши бор гап. Энг ёмони, бундай нобоп ишлар одамлар орасидаги оқибатни кўтаради, ишончни сўндиради. Баракадан айиради. Ишончдек буюк неъматни сўндиради. Инсоф чегарасидан ўтганлар эса кун келиб, албатта, қилмишига яраша жазосини олади.
Ориф Алиев (исм-шарфлар ўзгартирилган) Дилшод Каромов билан Шохруҳ исмли ошнаси орқали таниш. Улар давраларда кўп ҳамсуҳбат бўлгани учун бир-бирига буткул ишонишади. Аммо бу ишончнинг умри боқий бўлмади.
Боиси Д. Каромов таниши О. Алиевнинг ҳақига хиёнат қилди.
Кунларнинг бирида у Ориф Алиевга «Олмазор бизнес сити» қурилиши муносабати билан ўзи раҳбарлик қилаётган «А’LO-ALI AX» МЧЖнинг Олмазор туманида жойлашган ер-жойлари ўрнига компенсация тариқасида Яккасарой тумани Бобур кўчасида жойлашган кичик саноат ҳудудидан 70 сотих ер майдони ажратилаётгани, аммо тадбиркорлигини бошлаш учун ўзида етарли миқдорда маблағ йўқлигини айтади. Биргаликда ушбу ер майдонида мехмонхона ва кўп қаватли уй қуришни ҳамда жамиятга 50 % лик таъсисчи бўлиб киритиб, биргаликда меҳмонхонани бошқаришни таклиф қилади. Шунда О. Алиев унинг фирмасига ажратилаётган ер майдони ҳақида ҳокимнинг қарори бор-йўқлигини сўрайди. Уддабурон ошнаси эса ҳокимнинг қарори 2-3 кун ичида имзоланиши, ернинг ҳужжатлари узоғи билан бир ҳафтада тайёр бўлишини айтади.
Шундан сўнг 2018 йилнинг 2 октябрь куни Яккасарой туманидаги кафеларнинг бирида Д. Каромов О. Алиевдан аввал 200 минг доллар, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас 400 доллар олади. 5 декабрь куни улар яна шу иш юзасидан учрашишади. Бу сафар эса Д. Каромов танишидан 150 минг доллар, жами 350 минг 400 доллар миқдоридаги пулини олиб, берган ваъдасини унутади.
Орадан анча вақт ўтган бўлса-да, ажратиладиган ердан дарак бўлмайди. О. Алиев Д. Каромовдан берган пулларининг ҳисобини сўраганда, пулнинг бир қисмини архитектор ва лойиҳа харажатлари учун сарфлаганини айтади.
Аммо иш ҳадеганда ҳал бўлавермайди. Жабрланувчи пулларини талаб қилавергач, уддабурон «тадбиркор» Сирғали туманидан 110, Олмазор туманидан 70 сотих ер майдони хариталарини кўрсатиб, ушбу жойлар унга берилаётгани ҳақида навбатдаги ёлғонини тўқийди. Лекин бу сафар унинг ёлғонлари узоққа чўзилмайди. Улар олмоқчи бўлган ер аллақачон бировнинг номига расмийлаштирилганидан О. Алиев хабар топади. У фирибгарга алданганини билиб, Тошкент шаҳар ИИББга мурожат қилади.
Ҳар бир ишнинг ўз интиҳоси бор. Эзгуликнинг охири яхшилик билан, ёмонлик, қинғирликнинг ниҳояси эса, албатта, жазо билан тугайди.
Мазкур жиноят иши ўрганилиб, Д. Каромов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-кисми «а» банди билан айбдор деб топилди. 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жабрланувчи фойдасига 350 минг 400 доллар миқдорида моддий зарар ҳукм эълон қилинган кундаги Ўзбекистон Республикаси миллий банкининг расмий қийматида — миллий пул бирлиги (сўм) да ундирилиши қонунан белгиланди.
Темур КАСИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 11 октябрь)
Фикр қолдириш