МЕҲРСИЗ ОИЛАДАН БАХТ ҚОЧАДИ

Ҳаётда турмушга чиққан қизнинг тинч ва аҳил-иноқ яшаши, халқимиз ибораси билан айтганда, борган жойида тошдек қотиши ота-она ҳамда оиланинг ёши улуғлари учун чинакам бахтдир. Аксинча, эр-хотин ёки қайнона-келиннинг ўзаро келишмовчилиги туфайли ҳар икки оиладан ҳаловат ариб, қуда-андалар ўртасидаги қариндошлик ришталарига дарз кетади.

Наманган шаҳрида яшовчи Нозимжон Жумаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Дилноза Эрматованинг турмуши ҳам рисоладагидек кечмади. Аслида, икки ёш 2002 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, бир ёстиққа бош қўй­ганларида жуда бахтли эди.

Бирин-кетин икки нафар фарзанд кўришганда эса, уларнинг бахти бекам бўл­гандек эди гўё.

Аммо орадан ўн йилдан кўп­роқ вақт ўтгач, ёш ои­ланинг гулдек ҳаётига кўз тегди. Яъ­ни Нозимжон бўлар-бўл­масга Дилнозадан камчилик қидирган, қайнона бўл­миш Фароғат опа эса, келинини ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейдиган бў­либ қолди. Буёғини сўрасангиз, Ф. Жумаева қудаси Заҳро Эрматова билан қа­рин­дош бўлгани, уларнинг оиласини яхши билгани ва Дилноза онаси сингари оғир-босиқ қизлиги боис уни келин қилганди. Хуллас, бора-бора бу рўзғор кунда-кунора жанжал, бири иккинчисига ўхшамаган «де­ди-деди»лар аримайдиган можарохонага айланди-қолди.

— Мени десанг, шу хотинингдан кечасан! Сенга онаси ўпмаганини олиб бераман, — деди Ф. Жумаева бир куни ўғлига шарт қўяркан.

— Она, ундан қандай воз кечаман?! Ахир, ўртада иккита болам бор, — эътироз билдирди Нозимжон.

Аммо кунлар ўтиши билан у барибир онасининг йў­риғига юришга мажбур бўл­ди. Ҳатто Дилноза аразлаб кетиб қолганда, амакиси Рашиджон Эрматов бир-икки марта уларни яраштириб қўй­ди. Бир гал эса, уларнинг оилавий низоси маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама ҳам қилинди.

— Гулдек оилани бузиб, икки гўдакни тирик етим қилманглар, — дея насиҳат қи­лишди маҳалла оқсоқоли ва фаоллари.

Бироқ оиладаги нотинчлик барибир босилмади. Охир-оқибат Фароғат опа ўғ­ли билан бирга келиндан қутулишнинг «антиқа» йўлини ўй­лаб топди. Аниқроқ айт­ганда, улар 2017 йил декабрь ойида гўёки Дилнозанинг руҳиятида ўзгариш юз берганини рў­кач қилиб, уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди. Бир йил ичида бу ҳо­лат икки-уч марта такрорланди. Пировардида Нозимжон шуни баҳона қилиб, хотини билан ажрашди. Бошқача айтганда, Дилнозани ке­лин бўлиб тушган уйида қолдириб, икки нафар фарзанди билан шаҳарнинг Орзу даҳасига — янги ҳовлига кў­чиб ўтди. Чунки Н. Жумаев бошқа аёлга уйланганди. Унинг бу қилмиши Рашиджон Эрматовга қат­тиқ таъсир қилди. Натижада қу­даларнинг муносабати худди газак олиб бораётган ярадек та­ранг­лашаверди. Ахийри, Орзу маҳалласида яшовчи, Р. Эрматовнинг аммасининг ўғли Шермуҳаммад Искандаровнинг тў­йида «яра ёрилди».

Ўша куни маҳалладош сифатида Нозимжон ҳам тўйга чиққанди. У тўйхонага кириб борганда Рашиджон ака мезбонлар қатори меҳмонларни кутиб олаётганди. Нозимжонни кўрдию, шу заҳотиёқ унинг авзойи бузилди. Тўй тугашига яқин Р. Эрматов куёвини четга тортди.

— Жиянимнинг ҳаётини бар­бод қилишга қилдинг. Энди қаровсиз қолдирмай, уни ҳам таъминлаб тургин, — деди у.

Аммо ширакайф Нозимжон қайнотасининг укасига беписандлик қилди.

— Қўлингдан нима келади?! — дея у жеркиб берди.

Табиийки, бу ҳурматсизлик Рашид аканинг сабр косасини тўлдирди.

Бинобарин, у ёни­да олиб юрган пичоғини чиқариб, Н. Жумаевнинг кўк­рагига қандай санчганини ўзи ҳам билмай қолди. Кейин­ юраги ва қўлларига ҳам беш-олти маротаба зарба берди. Натижада кутилмаган зарбадан Нозимжон ерга қулади. Шунда Р. Эрматов ён-атрофдаги фу­қароларга ички ишлар идорасига хабар беришни айтди.

Албатта, жиноятга гу­воҳ бўлганлар, аввало, Н. Жумаевни шифохонага жўнатишди. Кўп ўтмай воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори Рашид Эрматовни ша­ҳар ИИБга олиб кетди. Бироқ Но­зим­­жон ҳаёти учун оғир жа­роҳат олгани боис шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида ҳаётдан кўз юмди.

Шундан сўнг Р. Эрматовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Қо­лаверса, ушбу ҳолат юзасидан судга оид руҳшунослик экспертизаси тайинланди.

Натижада Р. Эрматов жиноятни содир этаётган вақтда ҳам, экспертиза жараёнида ҳам ўз ҳаракатларини идрок қилгани, тергов ҳаракатлари ва судда иштирок этишга қодирлиги, тиббий йўсиндаги мажбурий текширув ҳам­да даволанишга муҳтож эмаслиги ўз тасдиғини топди.

— Мен у билан гаплашиб, уни огоҳлантирмоқчи эдим, холос. Лекин унинг қўполлигидан жаҳлим чиқиб, нима қилганимни билмай қолдим. Қилган ишимдан чин кўн­гилдан пушаймонман, — деб кўр­сатма берди айбдор суд мажлисида.

Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди унинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Энди ҳақли савол туғилади: нега маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва жамоатчилик вакиллари Жумаевлар оиласидаги можарони бир-икки марта муҳокама қилиш билангина чекланишди? Яъ­ни нима сабабдан бу оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш чораларини кўришмади? Мана оқибати — икки нафар вояга етмаган фарзанд, ўзлари таъкидлаганларидек, тирик етим эмас, чиндан ҳам, отасиз етим бў­либ қолишди. Энди уларга беқиёс ота меҳрини ким бе­ра олади?

Албатта, ҳеч ким. Шундай экан, оилавий можароларни бир зум ҳам эътиборсиз қолдириш мумкин эмаслигини барча маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари теран англаб етишлари шарт.

Хайрулло ҲАЗРАТҚУЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Тўрақўрғон тумани судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: