НОҲАҚ СУДЛАНГАН СУДЬЯ ОЛИЙ СУДГА МУРОЖААТИДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ

Ҳаётда аёлнинг матонати, сабр-бардоши ва иродасидан мустаҳкамроқ инсоний фазилат бўлмаса керак. Шу боис унга «Муқаддас аёл» дея таъриф берилади.

Мақоламиз қаҳрамони — фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси вазифасида ишлаган Нав­баҳор Қодирова ҳақида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин.

Навбаҳор Қодирова 2008 йил 11 сентябрдан 2013 йил 25 майга қадар судьялик лавозимида фаолият юритган. Ана шу вақт мобайнида касбий масъулиятидан келиб чиқиб, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш борасида фидойилик билан меҳнат қилган.

Аммо иш фаолиятининг сўнг­ги ойларида уни «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Асака туман филиали раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г”-бандлари, 209-моддаси 2-қисми «а»-банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида туман прокуратурасига чақиришган. Яъни туман прокуратураси суд раисига қайноғасининг ўғли Даврон Ашурохуновни филиалга ҳуқуқшунос ёрдамчиси вазифасига ишга жойлаштириб, аслида суд мажлиси котиби ишларини бажартириб юрганлик важи билан айб эълон қилмоқчи бўл­ган.

Табиийки, Н. Қодирова буни инкор этган. Бироқ 2013 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари (айни пайтда со­биқ) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш ва лавозимига тавсия этиш бўйича Олий малака комиссиясига тақдимнома киритилган.

Натижада 2013 йил 15 майда суд раиси меҳнат таътилига чиқарилган. Кейинчалик — судьялик муддати тугашига 2 ой қолганда туман прокуратураси терговчиси унга муддатидан олдин вазифасидан озод қилинганини билдирган.

Шундан сўнг 2013 йил 16 ноя­бр­­да Навбаҳор Қодирова ак­ция­дорлик тижорат «Агро­банк»­нинг Андижон вилоят бош­қармаси юридик бўлими бошлиғи вазифасида иш бошлаган. Лекин 2015 йил 13 ноя­бр­­да банк раҳбари «Сиз судланган экансиз», — дея ишдан бў­шаш тўғрисида ариза ёзишини талаб қилган. Бу гапни эшитиб, Н. Қодирова буткул ҳайрон бўлиб қолган.

Ахир, у судланган бўлса, бу­ни биринчи навбатда, ўзи би­лиши керак-ку?! Аммо Н. Қодированинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. У шуларни ўйлаб, бут­кул тинчини йўқотди ва тегишли идоралардан сўраб-суриштиришга тушди. Пировардида унга 2013 йилда Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми «в»-банди, 28,167-моддаси 2-қисми «б», «в, «г»-бандлари, 28,209-моддаси 2-қисми «а»-банди билан жиноят иши қўз­ғатилиб, жиноят ишлари бў­йича Асака туман судининг 2013 йил 15 июндаги ажрими билан жиноят иши айблилик масаласи ҳал қилинмай туриб, амнистия актига асосан тугатилганини маълум қилишди. Буни эшитиб, собиқ суд раиси аввалгидан ҳам баттар ҳайратга тушган. Ахир, унинг ўзи бехабар ҳолда қандай қилиб жиноят иши қўзғатилиши ва амнистия акти қўлланилиши мумкин?!

Бинобарин, Навбаҳор опа вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, юқори турувчи идораларга мурожаат қилди. Натижада 2015 йил 2 декабрда Андижон вилоят прокуратураси томонидан жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2013 йил 15 июндаги ажримини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун бошқа суд таркибига юбориш ҳақида кассация протести киритилди. Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди юқо­ридаги ажримни бекор қилиб, ишни жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг бошқа таркибига юборди. Аммо суд жиноят­ ишини дастлабки терговга қайтарди. Шу боис вилоят прокуратурасининг топшириғига мувофиқ, ушбу иш Шаҳрихон туман прокуратурасига юборилди. Охир-оқибат салкам бир йиллик тергов-суриштирув жараёнларидан сўнг Навбаҳор Қодировага нисбатан Жиноят кодексининг 28,167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г»-бандлари, 205-моддаси 1-қисми «в»-банди, 28,209-моддаси 2-қисми «а»-банди, 167-моддаси 2-қисми “б”, “г”-бандлари, 209-моддаси 2-қисми «а»-банди билан айблов эълон қилиниб, жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судига юборилди. Суднинг 2017 йил 31 январдаги ҳукмига биноан, Н. Қодирова Жиноят­ кодексининг 28,209-моддаси 2-қисми «а»-банди, 167-моддаси 2-қисми “б”, “г”-бандлари, 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми «а»-банди билан оқланган. Бироқ Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қис­ми билан айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жа­­зодан озод қилинди. Собиқ суд раисининг ушбу ҳукм­дан ҳам норози бўлиб берган апелляция шикояти эса, қаноатлантирмасдан қолдирилди.

Фақат шу йил 9 март куни Ўз­бекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасида бў­либ ўтган сайёр қабулида Олий суд раиси К. Комиловга мурожаат қилгандан сўнггина адолат қа­рор топди. Яъни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 1 августдаги ажрими билан апелляция ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят­ судига юборилди. Бинобарин, суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан ўрганиб чиқди, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Натижада дастлабки тергов органи ҳамда биринчи ва апелляция босқич судлари томонидан Жиноят-процессуал кодекси, Олий суднинг тегишли Пленум қарорлари ҳамда бош­қа қонунлар талаблари бузилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, Асака иқтисодиёт коллежида ўқиётган Даврон Ашурохунов судда амалиёт ўтаган. Ана шу жараёнда «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Асака  туман филиа­ли томонидан қарздорликларни ундириш юзасидан судга тақдим этилган ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа жараёнларга ёрдамлашган. Натижада Даврон ўз қобилияти билан филиал раҳбария­тига маъқул келиб, ишга қабул қи­линган. Унинг ишга қабул қилиниши Навбаҳор Қодированинг кўрсатмаси билан эмас, балки ихтиёрий ва қонуний бўл­ган. Гарчи суд раиси Д. Ашурохуновнинг «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Асака туман филиалининг даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб, 568 та суд мажлиси баённомаларини ёзишда суд мажлиси котибларига ёрдамлашишига йўл қўйган бўлса-да, бу ҳолат унинг мансаб ваколатларига алоқадор эмас ва ваколат доирасидан четга чиққанини англатмайди. Қолаверса, суд тергови мобайнида Н. Қодированинг хатти-ҳаракатлари билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ёки қонун билан қў­риқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказганлигини тасдиқловчи далиллар аниқланмади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқ­лайдиган, шу­нинг­дек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши, 23-моддасида айбдорликка оид барча шуб­ҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айб­ланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, қо­нун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган.

Юқорида қайд этилган асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судининг 2017 йил 31 январдаги ҳукмининг Нав­баҳор Қодировани Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиш қисмини бекор қилиб, уни оқлади. Қолаверса, суд ажримида Н. Қодировага реаблитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқи­батларини Жи­ноят процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди. Энг муҳими, собиқ судьянинг маҳалла-кўй, таниш-билиш ва ҳамкасблари орасида юзи ёруғ бўлди.

Маълумки, ҳаётда аёл барча эзгуликларнинг тимсоли сифатида қадрланади. Шу маънода айтганда, Навбаҳор Қодирова ҳам ўзининг 6 йиллик машаққати ва адолат учун кураши билан аёл кишининг нималарга қодир эканлигини яна бир карра исботлади. Энг эътиборлиси, айни пайт­да унинг катта фарзанди Достонбек Ашурохунов Избоскан туман прокурорининг ёрдамчиси вазифасида меҳнат қилмоқда. Иккинчи ўғли Жаҳонгир эса, Тошкент давлат юридик университетининг 1-бос­қичида таҳсил олмоқда. Онаси ва акаларига ҳавас қилган Заринабону эса, ҳозир 10-синф ўқувчиси.

Қувонарлиси, Навбаҳор опа фар­занд­ларини ҳам эртаю кеч адолат ҳи­моячиси бўлишга, ўзгаларга ҳа­миша яхшилик қи­лишга, келажакда ҳалол ва пок бўлишга ундаб келмоқда.

Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: