СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЯНГИ БОСҚИЧДА
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқлигини, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти эканлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини қўллашни кенгайтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Судларнинг прокуратурадан мустақил, эркин фаолият олиб боришини таъминлаш борасида қўйилган дастлабки қадамлар ўз натижасини бераётганини ўтган уч йил вақт мобайнида оқланган шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, 2016 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш амалиёти деярли бўлмаган. Кейинги уч йилда эса бир минг 705 нафар инсон суд ҳукми билан оқланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, бу йил Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ҳам ана шундай инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлганини қайд этди.
Мазкур жазони ижро этиш колонияси ёпилиши нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам ижобий маънодаги катта «шов-шувга» сабаб бўлди. Бунга қадар ўтган йили ҳам республикамизда иккита қамоқхона ёпилган эди. Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли қисқа даврда мамлакатимизда маҳкумлар сони икки баробар камайишига эришилди.
Ўзбекистон Президенти Конституцияда ўзига берилган ваколатлардан келиб чиқиб, кейинги 3 йил ичида афв этиш тўғрисида 8 та фармон имзолади ва унинг натижасида афв этилганларнинг умумий сони 4 мингдан ошди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунга қадар амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларига маҳлиё бўлиб қолмасдан, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришимиз зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришимиз лозимлигини айтди.
Маърузада ишни судга қадар юритиш босқичида шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилди. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видеотасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахснинг оила аъзолари бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши кераклиги, буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйиш таклиф этилди. Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарурлиги, бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозимлиги қайд этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 82-моддасида эса суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини юритишда қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат прокурор томонидан амалга оширилиши белгиланган. Лекин ушбу босқичларда прокурорнинг хатти-ҳаракатлари устидан ким назорат қилиши ёки қабул қилган қарорлари устидан кимга, қайси органга мурожаат қилиш мумкинлиги қонунчилигимизда аниқ белгиланмаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилиши, шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилиши таъкидланди.
Ҳақиқатан ҳам бундай муҳим ўзгариш бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.
Маърузада қайд этилганидек, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, охирги инстанцияга айланиб қолган эди.
Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Маърузада қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришилгани, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлиши таъкидланди.
Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифа эканлиги, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шартлиги, шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
Маърузада қайд этилганидек, бу тизимнинг ҳуқуқий мақомини кучайтириш, адвокатлар ваколатларини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида, адвокатура институтини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам бу борада ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар ҳам бор.
Мисол учун, 33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди.
Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган шахслардир. Улар орасида 30 ёшга тўлмаган ёшлар 70 нафарга ҳам етмаслигини қандай изоҳлаш мумкин, – деди Президентимиз.
Бундай ачинарли ҳолатга барҳам бериш учун, аввало, адвокатлар нуфузи ва мақомини ошириш, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлашимиз шартлиги, яқин истиқболда Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш лозимлиги, ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шартлиги таъкидланди.
Хулоса сифатида шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун амалга оширилаётганини, бу борада «Холис тергов, кучли ҳимоя, шаффоф назорат, адолатли суд» деган янги тамойил юзага чиқаётганлигини кузатиш мумкин.
Баҳром САИДОВ,
ИИВ Академияси илмий кенгаши котиби,
юридик фанлари номзоди,
доцент, подполковник
(“Postda” газетаси,
2019 йил 11 декабрь)
Фикр қолдириш