НОШУД ҲАМТОВОҚЛАР
Инсон жиноят кўчасига билиб-билмай қадам босишида унинг кимлар билан яқин мулоқотда бўлаётгани муҳим аҳамиятга эга. Буни судланувчининг қуйидаги қилмиши ҳам яққол тасдиқлайди.
Рашид Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) тайинли ишнинг бошини тутмади. «Кўр кўрни қоронғуда топибди» деганларидек, Рашид билан Мурод деярли ҳар куни бекорчиликдан нима қилишни билмай кўчада сандироқлаб юришарди. Шундай кунларнинг бирида Рашид эски таниши Шералининг автомашинасида доим пул бўлишини Муродга айтади. Ўз навбатида, Мурод пулни ўғирлашни таклиф қилади.
Енгил даромад илинжидаги Рашид бу таклифга дарров рози бўлади.
Кунларнинг бирида Шералининг автомашинасини ошхона олдида очиқ қолдириб кетганини кўрган Рашид буни Муродга маълум қилади. Икки ҳамтовоқ автомашинада катта миқдорда пул бор деган ўйда уни олиб қочади. Пана жойда автомашинани тўхтатиб, юкхонадаги пулни бўлиб олишади.
«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деганларидек, жиноят тезда фош бўлди. Ношуд ҳамтовоқлар эса, судда қилмишига яраша жазо олишди.
Аҳаджон ЎЛМАСОВ,
жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ
тумани судининг раиси
Фикр қолдириш