ҲАР БИР МУРОЖААТДА ИНСОН ТАҚДИРИ МУЖАССАМ
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишига эътиборнинг кундан-кун ортиб бораётганлиги, барча давлат бошқаруви органлари, жумладан, суд органларига ҳам юксак масъулият юкламоқда.
Мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш соҳасида янги давр бошланди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм қисқа фурсат ичида ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.
Сўнгги йилларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимни йўлга қўйиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 23 июлда кенгайтирилган тарзда “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлоқо янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилиши бунга ёрқин мисол бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам мазкур йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона ҳуқуқий тизим яратиб, ушбу соҳага тааллуқли ҳуқуқий базани такомиллаштириб бормоқда.
Жумладан, Олий суд раёсатининг 2021 йил 9 ноябрдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома янги таҳрирда тасдиқланди. Йўриқномада суд тизимида фуқаролардан умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш тартиби белгиланди.
Барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Умумий мазмундаги мурожаатлар, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлиб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Агар ариза ва шикоят муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
Кейинги йилларда суд органларига жисмоний ва юридик шахслардан мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят қилишга бўлган ҳуқуқ маҳкумга, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилига, жабрланувчига ва унинг вакилига, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли, деб кўрсатилган.
Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар, яъни судланувчи (маҳкум), даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари судга таъсир ўтказиш мақсадида, мурожаатни юқори идораларга, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Конституциявий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва бошқа давлат органларига юбормоқда.
Мурожаат қилиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик, биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш, иккинчидан, суд қарорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига, натижада, муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлишига сабаб бўлмоқда.
Фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратиш мақсадида, Олий суднинг ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2021 йил 16 сентябрдаги қонуни билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилиб, иш бўйича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қарорларини илова қилиш талаби бекор қилинди.
Кейинги йилларда аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фаолиятида кенг қўллаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Судлар фаолиятига замонавий ахборот- коммуникация технология тизимини жорий этиш, жисмоний ва юридик шахсларни судларга мурожаат қилишида қулайлик яратиш ҳам давлат раҳбари эътиборида.
Шу мақсадда Президент томонидан 2017 йил 30 августда “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 3 сентябрда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 29 январда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.
Ушбу қарорларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш, суд ишларини юритиш тизимида «Е-XSUD» ахборот тизимини пухта ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш каби бир қатор вазифалар белгиланди.
Мухтасар қилиб айтганда, судларда халқимизни рози қилиш йўлида аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахс мурожаатларининг ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаб, адолатли қарор қабул қилинишига эришилади.
Муҳтарама ТУРҒУНОВА,
Тошкент шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш