АЁЛ СУДЬЯЛАРНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ҲИССАСИ
2023 йил 11 март куни Тошкентда «Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган.
Ушбу сана муносабати билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар ҳам иштирок этди.
Конференцияни Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров очиб, тадбир иштирокчиларини Халқаро аёл судьялар куни табриклади.
Шундан сўнг Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Демократия ва бошқарув офиси директори Фэй Хаселкорн ва Аёл судьялар халқаро ассоциацияси президенти Сьюзан Глейзбрукнинг тадбирнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева сўзга чиқиб, конференция қатнашчиларини Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этдилар.
Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 30 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 8 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 5 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Конференцияда аёлларнинг судьялик касбига эришиш имкониятлари масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, юридик таълим, судьяларнинг малака ошириши ва номзодларни тайёрлаш, ихтисослашган таълимга оид масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, анжуман кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу – одил судловни таъминлашда гендер тенгликни таъминлаш масаласида ҳам иштирокчилар суд ишини юритишда гендер ёндашувни қўллашнинг заруриятига урғу бердилар.
Аёл судьяларни суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнларига жалб қилиш, хусусан, бу жараёнларда аёл судьяларни фаоллаштириш, аҳоли ва жамоат бирлашмалари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш масалалари ҳам иштирокчилар эътиборидан четда қолмади.
Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш муаммоларини муҳокама қилиб, уларни қўллаш бўйича ўзларининг миллий тажрибалари, бу борада мавжуд муаммолар ва тавсиялар билан ўртоқлашди.
Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 182 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.
Фикр қолдириш