ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XVIII ЙИҒИЛИШИ

2023 йил 11 март куни Олий суд раиси Б. Исламов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Нью-Деҳли шаҳрида Ҳиндистон Республикаси раислигида ўтказилган ўн саккизинчи йиғилишида иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси Олий судлари, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари қатнашди.

Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган йиғилишда томонлар ўзаро манфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.

Анжуман “ақлли судлар” ва суд ҳокимияти истиқболларига доир масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, одил судловга эришишга кўмаклашув бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари суд тизими олдида турган институционал муаммоларга оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мақсад ҳамда тамойилларига таянган ҳолда келгусида ШҲТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида ҳамкорликдаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини эътироф этишди.

Тарафлар келгусидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида ШҲТ минтақасида одил судловни такомиллаштириш, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилувчи тажриба алмашиш, халқаро анжуманлар, қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Йиғилиш иштирокчилари миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг XVIII йиғилиши конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорлик муҳитида ўтди.

Йиғилиш якуни бўйича имзоланган баёнотга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши 2024 йилда Ўзбекистон Республикасида ўтказилади.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: