ПАНД БЕРГАН ЎЗБОШИМЧАЛИК
Маълумки, ҳуқуқий саводхонлик, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, зарур ҳолларда ўз манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилиши, айни вақтда, бурч ва мажбуриятларини тўлиқ адо этиши жамиятда қонунустуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти саналади. Чунончи, қонунни ҳурмат қилиш, белгиланган тартиб-қоидалар доирасида фаолият юритиш барчага бирдек тегишлидир. Бинобарин, ҳуқуқий-демократик давлатда қонун барчага баробар тамойили амал қилади.
Бироқ ҳаётда бу ҳақиқатни тан олгиси келмайдиган, ўзининг манфаатларини ўйлаб, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига путур етказишдан тоймайдиган кимсалар ҳам, афсуски, учраб туради.
Масалан, Деҳқонобод тумани ҳокимлигининг 2007 йилдаги Х=466/11-сонли қарорига асосан, Рустам Махсумовга якка тартибда турар-жой қуриш учун 600 квадрат метр ер майдони ажратилади. Шунингдек, ушбу ер майдони унинг номига 2021 йил 4 майда давлат рўйхатидан қайта ўтказилади.
Аммо шу туманда яшовчи Самандар Мақсудов Р. Махсумовга тегишли ҳужжатларни тан олмасдан, турли сохта далиларни рўкач қилиб, ер майдонини эгаллаб олади.
Буни қарангки, мутасадди идораларнинг С. Мақсудовни инсофга чақириб, ер майдонини эгасига қайтариб бериш ҳақидаги бир неча марта ёзма ва оғзаки огоҳлантиришлари ҳам фойда бермади. Охир-оқибат ушбу ер низоси судгача етиб келди. Пировардида, суд ушбу низоли масалани атрофлича ўрганиб чиқди ва С. Мақсудов ер майдонини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олган, деган хулосага келди.
Айтиш жоизки, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 180-моддаси тўртинчи қисмида «жавобгар арз қилинган талабни тан олса ва суд тан олишни қабул қилса, арз қилинган талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилади», дея қайд этилган. Шунингдек, Ер кодексининг 91 моддаси 1-бандида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ғайриқонуний эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра, қайтарилиши кўрсатилган. Шу боис, суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонидан С. Мақсудов мажбурий тартибда чиқариладиган бўлди.
Дарҳақиқат, судлар қонун талабидан келиб чиқиб, фаолият юритаркан, унда ҳақиқат акс этиши муқаррар. Аслида адолат мезони ҳам моҳиятан шунга қаратилган. Шундай экан, ҳар бир киши қонун талабларига амал қилса, ортиқча оворагарчилик ва нохуш ҳолатларга ўрин қолмайди.
Аксинча, қонунларга нописандлик билан қараб, ўзбошимчалик йўлини тутиш ҳеч кимга ҳеч қачон наф келтирмаган.
Нодир ГАДОЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Ғузор туманлараро суди раиси,
Абдунаби БОБОЁРОВ,журналист
Фикр қолдириш