МЕДИАТИВ КЕЛИШУВ ТАРАФЛАР МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Кейинги йилларда ҳаётимизга «медиация» тушунчаси кириб келди ва бугун у амалда кенг қўлланилмоқда. Энг муҳими, 2018 йил 3 июлда қабул қилинган «Медиация тўғрисида»ги қонун 2019 йилнинг 1 январдан эътиборан кучга кирди.

Медиация бу — бир-бирини тушуниш ва низоли ҳо­латни бартараф этувчи битим тузишга эришиш мақсадида холис шахс — медиатор (воситачи) иштирокида тарафларнинг эркин музокарага кириш йўли билан низони ҳал қилиш тамойилидир.

Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қи­лиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

Албатта, медиатив келишувнинг тарафларга манфаатли бўл­ган афзалликлари бор. Жумладан, тарафлар низони судда кўриш жараёнида бундай келишувга эришса, давлат божи тўлашдан озод этилади. Натижада уларнинг маблағи ўз ихтиёрида қолади.

Келинг, шу ўринда фикрларимизнинг исботи тариқасида айрим иқтисодий ишларга эътибор қаратсак. Хусусан, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Фарғона сув таъминоти» масъулияти чекланган жамиятидан 4 222 539 835 сўм қарздорликни ундиришни сў­раган. Аммо суд мажлисида тарафлар 2019 йил 23 октябрь куни медиатив келишувга эришганини маълум қилиб, даъво аризасини кўр­масдан қолдиришни сўрашди.

Суд мажлисида аён бўлдики, судга тақдим этилган медиатив келишувни «Фарғона худудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори А. Сайд­алиев ҳамда «Фарғона сув таъминоти» масъу­лияти чекланган жамияти директори М. Йўлдошев имзолаган.

«Медиация тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига биноан, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Шу сабабли суд медиатив келишув шартларини муҳокама қилмади ва уларга ҳуқуқий баҳо бермади.

Амалдаги «Давлат божи тўғ­рисида»ги қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда давлат божи қайтарилиши ло­зим. Айни қои­да «Медиация тўғрисида»ги қо­нуннинг 17-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Иқ­тисодий процессуал кодексининг 107-моддасида тарафлар ўртасида медиатив келишувнинг тузилгани даъво аризасини кўр­масдан қолдириш учун асос бўлиши қайд этилган. Ана шу асосларга таянган суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириш юзасидан ажрим чиқарди. Қолаверса, суд медиатив келишув битими тузилганлиги сабабли ушбу иш юзасидан давлат бо­жи ундирмасликни лозим топди.

Борди-ю, даъво аризаси охиригача кўрилиб, иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қи­лин­ганда эди, «Фарғона сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти 84 450 796 сўм миқдорида давлат божи тўлаган бў­ларди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг Ташқи иқ­тисодий фаолият «Миллий банк»­и манфаатини кўз­лаб, 2020 йил 21 октябрда киритган даъво аризаси ҳам шу тартибда ечим топди. Аниқланишича, банк «Данғара Агро Томат» масъулияти чекланган жамиятига хорижий валютада 998 000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Бироқ жамият кредит қарзини ҳам, 26 842 АҚШ доллари миқдоридаги кредит фоизини ҳам муддатида тўламаган. Пировардида айни масала судгача етиб келган. Яъни даъво аризада «Данғара Агро Томат» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан асосий қарз ва кредит фоизи билан бирга 1 024 842 АҚШ доллари ундириш, ундирувни эса, «Бахт Шодлик Замини» масъу­лияти чекланган жа­мия­ти томонидан гаровга қў­­йилган мулкларга қаратиш сўралган.

Суд мажлисида даъвогар вакили 2021 йил 8 январь ку­ни низо юзасидан нопрофессионал асосдаги медиатор — «ADL HIMOYASIDA» адвокатлик бюроси адвокати Х. Йўлдошев иштирокида медиатив келишув тузганини билдириб, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўради. Бинобарин, суд юқорида тилга олинган қонуний асосларга таяниб, даъво аризани кўрмасдан қолдирди. Агар 2021 йил 8 январь ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10 449,44 сўм­ни ташкил қилганини назарда тутсак, медиатив келишув натижасида жавобгар 214 188 499 сўм­лик давлат божини тўламайдиган бўлди. Албатта, бу ҳар қандай субъект учун кичкина маблағ эмас.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, хорижий давлатлар, хусусан, Европа ва уммон орти мамлакатларида қайсидир хў­жалик юритувчи субъект­нинг иши жавобгар сифатида судгача етиб борса, бошқа субъект­лар, турли компания ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари унга шубҳа би­лан қарайди. Аниқроғи, ун­га нисбатан ишонч йўқолади. Низони медиация асосда ҳал қилган тарафлар эса, ўзаро ишончни йўқотмай, келгусида яна рисоладагидек ҳамкорликда ишлаши мумкин.

Эътироф этиш керакки, медиатив келишувга эришилишида медиаторнинг хизмати муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қонунда медиаторга доир қатор талаблар белгиланган. Агар яна тарафлар манфаати нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, медиатор медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида фақат медиация тарафларининг розилиги билан ҳаракат қилиши, низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний восита ва усулларидан фойдаланиши, ўзининг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўр­са­тиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўл­са ёки юзага келса, бу ҳақда тарафларга маълум қилиши шарт.

Медиатор тарафлар олдида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижасида етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Шерзод МИРЗАҲАКИМОВ,

Қўқон туманлараро

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: