«ИШДАГИ ИШҚ» МОЖАРОСИ – БУ КИНО ЭМАС, ҲАЁТИЙ ҲАҚИҚАТ
Шу йилнинг 2 февраль куни соат 20:30 ларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Оқил Дўстмуродовнинг эшиги қўнғироғи кутилмаганда жиринглаб қолди. Хонадон соҳиби набираси Фаёзбекка «Қани, қара-чи, ким келибди?», — деди.
— Ким у? — сўради бола эшикка яқин бориб.
— Мен ички ишлар ходимиман, эшикни очинг! — деди ташқаридаги нотаниш кимса.
— Бобо, ички ишлар ходимиман, деяпти, — дея қайтиб кирди Фаёзбек.
Шундан сўнг Оқил аканинг ўзи эшикни очди. Аммо чақирилмаган меҳмон ушбу хонадонга анчадан буён таниш бўлган Озодбек Акрамов (исм-шарифлари ўзгартирилган) эди. Озодбек ичкарига кираркан, кутилмаганда О. Дўстмуродовга ҳамла қилди, уни уриб-тепишга тушди. Шовқин-суронни эшитиб, ичкаридан хонадон бекаси Дилором Неъматуллаева ва қизи Самида Дўстмуродова югуриб чиқишди. Улар Оқил акани О. Акрамовнинг чангалидан қутқариб олишга уринишди. Бироқ О. Акрамов уларни ҳам аяб ўтирмади…
Қисқаси, Озодбек Акрамов она-болага ҳам тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан яширинди. Энг қизиғи, Оқил Дўстмуродовнинг яна бир қизи Зарифа Дўстмуродова у билан бирга қочиб кетди. Буёғини сўрасангиз, ўша куни оиланинг ёлғиз ўғли Ғолибжоннинг туғилган куни бўлиб, ҳаммалари ушбу санани нишонлашга йиғилишган эди. Бу воқеа юз берган пайтда Ғолибжон ва поччаси Қаҳрамон (Зарифанинг эри) шаҳар айлангани кетишганди. Улар қайтиб келишганда воқеа тафсилотларидан воқиф бўлишди. Табиийки, бундан Ғолибжон ва Қаҳрамоннинг ғазаби қайнайди. Аммо қочоқлар аллақачон жуфтакни ростлашганди.
Албатта, ушбу воқеадан сўнг жабрланувчилар 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилишади. Натижада уларга «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши» каби ташхислар қўйилади. Шифокорлар томонидан берилган хабарга асосан О. Акрамов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг тезкор ходимлари томонидан ушланади. Кейин содир этган қилмиши учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди уни Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлайди.
Хуллас, жиноят тафсилотлари шундан иборат. Аммо бу воқеа қандай содир бўлгани ва унинг омиллари нимадан иборат экани ўқувчини ўйлантирмай қўймайди. Ҳаммасидан кўра, Зарифанинг ота-онаси ва синглисини аёвсиз дўппослаган йигит билан бирга қочиб кетиши ҳар қандай кишини таажжубга солади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу жиноятнинг илдизи Зарифа Дўстмуродованинг оилавий ҳаётига бориб тақалади. У 2010 йилда Қаҳрамон Шарипов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Ўшандан буён эр-хотин рисоладагидек яшаб келишган, 2 нафар фарзандли бўлишган. 2019 йил февраль ойида Қ. Шарипов Россия Федерациясига ишга юборилади. У ишга жойлашгач, Зарифа ва фарзандларини ҳам олиб боради. Шунинг учун улар 2019 йил апрель ойидан буён Россияда яшаб келаётган эди.
Бу пайтда З. Дўстмуродова Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида таҳсил олаётган эди. Шу боис 2020 йил 14 март куни у битирув имтиҳонларини топшириш мақсадида фарзандлари билан бирга Тошкентга қайтиб келади. Аммо имтиҳонлар тугагач, Россияга қайтиб кетолмайди. Чунки ўша пайтда пандемия туфайли мамлакатимизга кириш ва чиқиш тўхтатилганди.
Шундан сўнг Зарифа уйда бекор ўтирмай, ишга кириш тараддудига тушади.
Бу мақсадини телефон орқали эрига ҳам айтади.
— Сиз узоқдасиз, мен эса четга чиқолмайман. Шунинг учун ўзим ва болаларнинг майда-чуйда харажатларига учун ишга кирсам дегандим, — дейди у эрига.
— Майли, мен қарши эмасман, — дея Қаҳрамон розилик беради.
Албатта, оила бошлиғи рафиқасига ишониб, унинг раъйини қайтармаганди.
Бироқ Зарифа ишончни оқлай олмади, тўғрироғи, ишончни поймол қилди.
Яъни 2020 йил сентябрь ойида Юнусобод туманидаги 58-сонли ҳарбийлашган мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинади. Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланади.
Суд мажлисида аён бўлишича, Зарифа ишга киргач, ҳамкасби Озодбек Акрамов билан танишиб қолади. Кўп ўтмай эса, бу танишув дўстликка, сўнг «ишдаги ишқ»қа айланади. Уларнинг муносабати шу даражада қуюқлашиб кетадики, аёлнинг кўзига «ошиғи»дан бошқа ҳеч ким кўринмайди. Шунинг учун у кейинчалик эрининг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди.
Табиийки, бундан Қаҳрамоннинг кўнглига шубҳа-гумон оралайди. Бир куни хотинига билдирмай, ўғли Жавоҳир билан гаплашганида унинг шубҳа-гумонлари тўғри чиқади. Яъни Жавоҳир уйга Озодбек келиб кетганини, ҳатто кунларнинг бирида тунаб ҳам қолганини айтиб беради. Шундан сўнг Қаҳрамон бу хусусда қайнона-қайнотасига хабар беради. Лекин Зарифа ота-онасини ҳам шахсий ҳаётига аралашганликда айблаб, Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ҳудуд профилактика инспекторига ариза билан мурожаат қилади. Охир-оқибат Қ. Шарипов оиласини сақлаб қолиш мақсадида 2021 йил 14 январь куни Тошкентга қайтиб келади. Уйига борганида З. Дўстмуродова унга пичоқ ўқталиб, ташланади. Кейин отасининг уйидан 6 ёшли қизчаси Муштарийни олиб, Озодбек билан қочиб кетади. Натижада Қаҳрамон ва қайнона-қайнотаси бедарак йўқолган шахс сифатида уни топиш юзасидан Юнусобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилишади.
Бундан ғазабланган Озодбек кечқурун Оқил ака, хотини ва қизини дўппослайди.
Тўғри, бу қилмиши учун О. Акрамов қонуний жазога тортилди. Лекин суд мажлисида Зарифа йигитни деб нафақат оиласидан, ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечишга тайёр эканини айтди.
Албатта, унинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо оила масаласига енгил-елпи қараб, ўзи ва турмуш ўртоғининг ҳаётини пароканда қилган, фарзандларини тирик етимга айлантирган бу аёлнинг хатти-ҳаракати инсонийлик мезонларига қанчалик тўғри келади? Қолаверса, кекса ёшдаги одамларни аёвсиз дўппослаган муштумзўрдан келгусида яхшилик кутиш мумкинми?
Оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни кўнгил майллари ва ўткинчи эҳтиросларга осонгина алмаштириш қанчалик асосли?
Бу каби саволларнинг жавоби қандай бўлишини олий ҳакам — вақт кўрсатади.
Баҳром БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани
суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш