ЖАВОБГАР ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАЙДИ, ЧУНКИ СУД УНГА ШУНДАЙ МАЖБУРИЯТ ЮКЛАДИ

Миллий қонунчилигимизда ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Меҳнат қонунчилигининг ҳар қандай бузилиши эса, ходим ва иш берувчи ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлади.

Меҳнат низолари — бу иш берувчи билан ходим ўртасидаги меҳнат тўғрисидаги қо­нунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, жамоа шартномаси ҳамда меҳнатга оид ҳужжатлар, шунингдек, янги меҳнат шартномаларини ўз­гартириш масалалари юзасидан келиб чиқадиган келишмовчиликлардир. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, юртимизда меҳнат қонунчилиги талабига қатъий­ амал қилиниши адолат ва қонун устуворлиги таъминланаётганини кўрсатади.

Фикримизни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фаолияти мисолида давом эттирадиган бўлсак, шу йилнинг биринчи ярим йилида вазирлик томонидан юртимиздаги 14 минг­та корхонада назорат тадбири ўтказилган. Ушбу назорат тадбирлари чоғида 41 минг 150 та қонунбузилиш ҳо­латлари аниқланган.

Натижада меҳнат қонунчилиги талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан 12 миллиард сўмдан ортиқ жарима қўлланилган. Ёки ана шу ярим йилда ишдан ноқунуний бўшатилган 623 нафар ходим ишга қайта тикланган. Уларга тегишли миқдорда иш ҳақи ундириб берилган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими шу йил 29 июлда А. Очилова манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қил­ди. Даъвогар вакили Д. Қосимжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судда А. Очилова ишдан ноқонуний бўшатилгани ҳақида далиллар келтирди. Аниқроқ айтганда, жорий йил 27 январда А. Очиловага «Қишлоқ қурилиш банки»нинг Каттақўрғон тумани филиали тугатилиши муносабати билан меҳнат шарт­но­маси бекор қилиниши ҳақи­да огоҳлантириш хати берилган. Банк муассасаси билан ходим А. Очилова ўртасидаги меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан шу йилнинг 24 июнь куни тугатилган. Ушбу банк муассасаси негизида янгидан бошқа тузилма ташкил этилган.

Аслини олганда, даъвогарга шу йилнинг 6 майидан ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган бўлиб, унинг уч ёшга тўлмаган фарзанди ҳам бор.

Иш берувчи ходимнинг қарамоғида уч ёшга тўлмаган фарзанди борлигини би­латуриб, қонунга зид равишда у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор килган. Шу маънода судга киритилган даъво аризасида банк филиали бошқарувчисининг шу йил 21 июндаги 68-сонли буйруғининг А. Очиловага тегишли қисмини ноқонуний деб топиш ва бекор қилиш, қўшимча жавобгар — «Қишлоқ қурилиш банки» Самарқанд минтақавий филиалига ходимни ўз вазифасига ёки унга тенг бўлган бошқа лавозимга ишга тиклаш мажбуриятини юклаш ҳамда 5 миллион сўм маънавий зарар ундириш сўралган.

Суд мажлисида даъвогар даъвони қўллаб-қувватлади.

Ўз навбатида, жавобгар томон вакили У. Умарқулов даъвони тан олмасдан, 2021 йил 22 декабрда 20-сонли кузатув кенгаши қарорига асосан ходимлар билан тузилган меҳнат шарт­номаси бекор қилингани, банк филиали тугатилгани, меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимлар янги ташкил этилган «Қишлоқ қу­рилиш банки» Каттақўрғон тумани филиалига танлов асосида ишга қабул қилингани, А. Очилова билан меҳнат шартномаси қонуний асосда бекор қилинганини таъкидлаб, даъво аризасини рад этишни сўради.

«Қишлоқ қурилиш банки» Самарқанд минтақавий филиали ходимлар бўлими мутахассиси Э. Наврўзов А. Очилованинг ишдан бўшатилганидан бехабар экани, ходимни ҳомиладорлик вақтида ва фарзанди туғилганидан сўнг уч йил ичида унинг ўзини розилигисиз ишдан бўшатиш қонун талабига зид эканини қайд этиб, даъво аризасини қонуний асосда кў­риб чиқиш лозимлигини таъкидлади. Суд мажлисида банк­нинг минтақавий филиали касаба уюшмаси раиси Б. Алиев ҳам шундай фикрни билдирди.

Судда ушбу фуқаролик ишини кў­риш жараёнида аён бўл­дики, «Қишлоқ қурилиш банки»нинг 2021 йил 28 ок­тябр­даги 26-сонли бошқарув қарорига асосан ягона МФО технологиясини жорий этиш мақсадида банк филиаллари ва уларнинг таркибидаги мини-банк, жамғарма кассалар тугатилиб, улар ўрнида Банк хизматлари маркази ёки Банк хизматлари офисини ташкил этиш режалаштирилган. «Қишлоқ қурилиш банки» Каттақўрғон тумани филиалида ҳам янгилик сифатида банк хизматлари офиси ташкил этилган.

Шу ўринда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қи­лишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарори 27-бандига эъ­тибор қаратсак, унда меҳнат шартномаси корхонанинг тугатилиш сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-банди бўйича бекор қилинган шахсларни иш­га тиклаш ҳақидаги низоларни ҳал қи­лишда корхона мулкдорининг алмашиши ёки унинг қайта ташкил этилиши (қўшилиши, бўлиниши, янгидан ташкил топиши, ажралиб чиқиши, бирлашиши) корхонанинг тугатилиши деб қаралмаслигини ва меҳнат муносабатларини бекор қилишни келтириб чиқармаслигини судлар эътиборда тутиши лозимлиги алоҳида қайд қилинган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Судга тақдим қилинган Каттақўрғон тумани ФҲДЁ бўлими томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада 2021 йил 8 февраль куни туғилган Очилова Комила Ҳамидовнанинг онаси Очилова Альбина Анваровна экани қайд этилган.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, иш берувчи ходимнинг уч ёшга тўл­маган фарзанди борлигини била туриб, Меҳнат кодексининг 237-моддасига зид равишда меҳнат шартномасини бекор қилган. Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаб ва эъ­­тирозларига асос қилиб кўр­сатган ҳо­латларни исботлаши шарт.

Бироқ уш­­бу низони судда кўриш жараёнида иш бе­рувчи тараф вакили меҳнат шартномасини қонун талаби асосида бекор қилинганини исботлаб беролмади.

Суд «Қишлоқ қурилиш банки» Катта­қўрғон тумани филиали бошқарувчисининг 2022 йил 21 июндаги 68-сонли буйруғининг даъвогар А. Очиловага тегишли қисмини ноқонуний деб топди ва уни ишга тиклаш мажбуриятини «Қиш­лоқ қурилиш банки» Самар­қанд минтақавий филиали зиммасига юклади. Суд одиллик ва оқилоналик тамойилидан келиб чиқиб, ундирилиши лозим бўлган маънавий зарар учун компенсация даъвогарнинг ўртача иш ҳақидан кам бўл­мас­ли­гини инобатга олди ва маънавий зарар миқдорини 2 миллион 200 минг сўм этиб белгилади.

Шунингдек, «Қиш­лоқ қу­рилиш банк» Самарқанд минтақавий филиалидан 600 минг сўм давлат божи ундирилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, қо­нун адолатни ёқлади, ноҳақ ишдан четлатилган бир ходимга одилона кўмак берди. Шу ўринда меҳнат қонунчилиги соҳасида юртимизда туб ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Яқинда янги таҳрирдаги Меҳ­нат кодекси қабул қилинди. Ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта, кенг қамровли ушбу қо­нуннинг қабул қилиниши, шуб­ҳасиз, халқимиз ва жамиятимиз манфаатларига хизмат килади.

Отабек ТЕМИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: