ЮЗЁРУҒЛИК

Мамлакатимизда судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган йили 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Улар орасида фарғоналик Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носиров ҳам бор.

Иброҳим Тожибоев «FAR­G’O­NA NEFT BAZASI» унитар корхонаси раҳбари, Нодиржон Носиров эса, корхонанинг нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган. Улар жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2017 йил 16 январдаги ҳукмига биноан судланишган.

Суд ҳукмида қайд этилишича, икки ҳамкасб мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда 2015 йил декабрь ойидан 2016 йил июль ойига қадар «DIZEL GRANT FAYZ» масъулияти чекланган жамиятига 300 тонна 42 килограмм, «MANNON OIL PRODUCT» масъулияти чекланган жамиятига 73 тонна 770 килограмм, «FISH PETROLEUM» масъулияти чекланган жамиятига 378 тонна 285 килограмм, «Kamo­liy+MR» масъулияти чекланган жамиятига 11 тонна 450 килограмм монопол маҳсулот бўлган техник мойни биржа котировка нархларига нисбатан паст нархларда сотишган.

Бу ҳаракатлари билан улар Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли қа­­­рори билан тасдиқланган «Моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида»ги Низом ҳам­­­да 2011 йил 21 июнда қабул қилинган «Маҳсулотларнинг монопол турларини товар-хомашё биржаси орқа­ли сотиш рўйхатини янада кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 185-сонли қа­­­рори талабларини қўпол равишда бузган ҳолада унитар кор­хона манфаатларига 1 569 447 900 сўм миқдорида зарар етказганликда айб­дор деб топилган.

Суд корхона раҳбарини 1 йил, бўлим бошлиғини эса, 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиб, ҳар бирига энг кам иш ҳақининг уч юз баравари (39 072 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари муқаддам ноҳақ судланган ҳамюртларимиз сингари Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носировга ҳам катта умид бағишлади. Улар асоссиз ва ноқонуний айбланганини билдириб, Олий судга мурожаат қилишди. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 декабрдаги ажримига асосан жиноят иши қуйи инстанцияларга янгидан кўриш учун юборилди.

Апелляция суди мажлисида дастлабки тергов органи ва би­ринчи босқич суди Иброҳим Тожибоев ва Нодиржон Носировга жазо тайинлашда Жи­ноят­-процессуал кодекси ҳам­да Олий Суд Пленумининг тегишли қа­рорлари талабларига амал қилмагани аён бўлди. Хусусан, текшириш хулосаларининг қайси асосларга биноан ишончга сазоворлигини қў­шимча далиллар тўплаш орқали текширмасдан, текшириш да­лолат­но­малари ва гувоҳ М. Маматов кўрсатмасининг ўзигина уларни айблаш учун етарли далил бўла олиши ёки йўқлигига ҳуқу­қий баҳо бермаган. Қолаверса, ҳар иккала судланувчини гувоҳлар Б. Турсунов, Ш. Жамолов, А. Исматул­лаев­ ва А. Бобожоновнинг кўрсатмаларини ҳисобга олмасдан, фақат тахмин ва фаразларга асосланган ҳолда айб­дор деб топган. Бу билан суд жиноят ишини юритишнинг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган ва барча судлар учун ягона ҳамда мажбурий бўлган ҳақи­қатни аниқлаш ва айбсизлик пре­зумп­ция­си талабларини бузган.

Бундан ташқари дастлабки тергов органи ва суд гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда бош­қа тақдим қилинган ҳужжатларни ишончга сазовор далиллар билан ҳақиқатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқламай, асослантирилмаган ҳуж­жатли тафтиш юзасидан тузилган хулосаларни нима сабабдан мақбул далил деб эътироф этганини ёритиб бермаган.

Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қи­­линувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жи­ноят­ содир этишда айбдорлиги қо­нунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айб­сиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини ис­ботлаб бериши шарт эмаслиги, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шуб­ҳалар ҳам гумон қи­линувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, 83-моддасида эса, иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бў­йича жиноий ҳо­диса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жи­ноят­ таркиби бўл­маса, содир этилган жиноятга дахли бўл­маса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айб­сиз деб топилиши ва реабилитация қилиниши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жи­ноят­ ишлари бў­йича Фарғона ви­лоя­ти суди жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2017 йил 16 январдаги ҳук­мини бекор қилиб, И. Тожибоев ва Н. Носировни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қис­ми «а» банд­ларига мувофиқ айбсиз деб топиб, оқлади.­ Бундан таш­қари уларга реабилитация қи­линиши муносабати билан етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳам­да маънавий ва бошқа зиён оқи­бат­ларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида тартибида ҳал қи­лиш ҳуқу­қи тушунтирилди.

Шу тариқа икки ҳамкасбнинг эл-юрт, қўни-қўшни, қав­му қариндош ва ёру дўст­лари орасида юзи ёруғ бўл­ди. Улар энди адолат тантанасини умр бўйи қалбларида ҳис қилишади. Бу эса, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалий ифодасидир.

Фарҳоджон ҒАНИЕВ,

Фарғона вилояти суди

раиси ўринбосари,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: