ҚИММАТГА ТУШГАН АЛДОВ

Қўшни Тожикистон Республикасидан Сурхондарё вилоятида яшовчи жияниникига меҳмонга келган Шукур Қурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ер участкаси сотиб олганда сарсонгарчиликка дуч келаман деб ўйламаган эди…

У Жарқўрғон туманида яшовчи жияни Бозорбой Жў­рақуловникида  меҳмондорчиликда ўтирган чоғида қизиқ гапни эшитиб қолди:

— Тоға, олдинги гал келганингизда, шу атрофда со­ти­лади­ган­ ер участкаси бўл­са, сураб-суруштиргин, пулини қан­ча де­са ҳам, майли, келишамиз, деган эдингиз.­ Қўш­ни қишлоқлик Собир аканинг сотиладиган ер участ­каси бор экан. Эртага шуни бориб кўр­сак, ни­ма дейсиз?

Эртаси куни тоға-жиян Собир Маҳкамовнинг уйига боришди. Улар қис­қа салом-аликдан сўнг қишлоқдан унча узоқ бўлмаган ер участкасини бориб кўришди. С. Маҳкамов 0,42 сотих ер участ­каси келинига тегишлигини маълум қилди.

— Келиним ҳозир чет элга ишлагани кетган, яқинда ўзи ҳам келиб қолади, — деди у. — Аммо агар ер участ­касига харидор чиқадиган бўлса, савдолашиб, сотиб юбораверинг, пулига намунали уй-жойлардан олмоқчиман, деб розилик берган. Агар савдомиз тўғри кел­са, ер участ­каси сизники бў­лади. Кадастр хужжатларини эса, келиним келгач, ўзининг гувоҳлигида расмийлаштириб берамиз.

Қисқа музокарадан сўнг савдо «пишди». 0,42 сотих ер майдони 18 минг АҚШ долларига сотилди.

Тез орада Ш. Қурбонов ер участкасида дастлабки қурилиш ишларини бошлаб юборди. Ер участкасини ҳужжатлаштириш С. Маҳкамовнинг келини ҳали ҳам қайтмагани ба­­ҳонасида ортга сурилаверди. Бу эса, Шукур аканинг кўнг­лига хавотир солди. Шу боис Жарқўрғон тумани «Ер-мулк ка­дастр» бўлимига мурожаат қил­ди. Шунда ушбу ер майдони фермер хўжалиги ҳисобида экани маълум бўлди.

Фириб тузоғига илиниб, «чув» тушганини англаб етган Ш. Қурбонов ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага ари­за билан мурожаат қилди.

Суриштирув ва тергов асносида С. Маҳкамов ўзгалар мулкига нисбатан фирибгарлик ва товламачилик жиноятларини содир этгани аён бўлди.

Суд фирибгарнинг жиноий кирдикорларини атрофлича ўр­­ганиб чиқиб, унга нисбатан қонуний жазо та­йин­лашда Ш. Қурбоновга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини инобатга олди.

Кези келганда шуни айтиш жоизки, бу борада Ш. Қурбоновнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Чунки унинг қўшни мамлакатда яшаб туриб, Жарқўрғон туманида ҳеч қандай рўйхатда турмасдан, расмий хужжатларсиз ер участ­каси сотиб олиши қо­нунга хилоф. Бу каби ўйламай босилган қадам эса, уни сарсонгарчиликка гирифтор қил­ди. Бинобарин, амалдаги қо­нунларни четлаб ўтиб, қинғир йўлни ихтиёр этганлар афсус-надоматда қолиши тайин.

Олим Тоғаев,

жиноят ишлари бўйича

Шеробод тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: