РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО

Тижорат банклари юртдошларимиз ва хўжалик юритувчи субъектларга молиявий кўмак берувчи муассаса ҳисобланади. Фуқаролар банк кредитларидан фойдаланган ҳолда турмуш тарзини яхшилаб олса, юридик шахслар фаолиятини янада ривожлантириши мумкин. Бунда тарафлар ўртасида ту­зиладиган кредит шартномаси муҳим аҳамиятга эга.

2018 йил 12 март куни ак­ция­­­дор­лик тижорат «Асака банк»ининг Фарғона филиали ҳамда «Афросиёб барака савдо» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 11-сонли кредит шарт­но­маси имзоланган. Шарт­номага мувофиқ банк корхонага «CAP­TIVA» русумли автомашина сотиб олиш учун йиллик 20 фоиз устама билан 36 ой муддатга 129 миллион сўм миқдорида автокредит ажратган.

Табиийки, ҳар бир қарздор тў­лов жадвалида белгиланган муддатда кредитни қайтариши ва ус­тама­ла­ри­ни ўз вақтида тўлаши шарт. Би­роқ мижоз зим­ма­си­даги мажбуриятни тў­лиқ бажармаган. Банк фи­лиали 2020 йилнинг 4 февраль ҳолатига кўра, 5 609 718 сўм миқдорида муддати ўтган қарздорликка йўл қўйгани учун қарздорга огоҳлантириш ха­ти юбориб, 3 банк иш куни мо­бай­нида тўловни амалга оширишни талаб қилган. Акс ҳол­да кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қи­лиш, унди­рув­ни кредит таъминоти си­фа­тида гаровга олинган мол-мулкка қа­ратиш ва кредит тўловларини ун­­дириш юзасидан иқтисодий судга мурожаат этишини маълум қилган.

Бироқ бу талаб ҳам бажарилмагач, иш суд мажлисида кў­­риб чиқилди. Унда корхона ва­кили даъвогарнинг талабига эътироз билдирмади. Аксинча, устама фоизлари тў­лангани, агар муддат берилса, автомашинани банкка гаровга қўйишга ваъда берди. Шунда банк масъуллари гаров шартномаси лойиҳасини тасдиқлашни сў­раб, қарз­дорга мурожаат этмагани аён бўлди.

Аниқроғи, корхонага банк ходимлари жавобгар билан гаров шарт­номасини тузиш учун тегишли ҳаракатларни амалга оширмаган. Устига устак, банк филиали даъво талабида корхонага гаров шартномасини тузиш мажбуриятини юклашни сўрамаган. Банк­нинг даъво талаби асоссиз бўл­гани учун суд уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Шу тарзда тад­биркорлик субъектининг манфаати ҳимоя қилинди.

«CAPTI­VA» ўз эгаси их­тиёрида қолди.

Ҳусниддин ЖАМОЛИДДИНОВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: