МАҲАЛЛИЙ ИНВЕСТОРНИНГ ҲУҚУҚИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ТИКЛАНДИ
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳам хорижий, ҳам маҳаллий инвесторлар эркин фаолият юритиши, иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида уларнинг ўрни беқиёс.
Айтиш керакки, инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда судлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Қуйида суд амалиётидан келтирилган мисол ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Гап шундаки, Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси жиддий асос ва теран таҳлилсиз, масаланинг моҳиятини чуқур ўрганмаган ҳолда маҳаллий инвесторни анча овора қилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Маҳаллий инвестор нега овора бўлди?
Аниқланишича, Бешариқ туманида яшовчи Элнур Маъруфов 2020 йил 20 январь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ва балансда сақловчи — Бешариқ туман ҳокимлиги ўртасида уч томонлама имзоланган 10-сонли олди-сотди шартномасига асосан туманнинг Бахмал қишлоғида жойлашган собиқ «Оталар чойхонаси» биносини 12 ой муддатда 100 миллион сўм инвестиция киритиш ва 4 тадан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш мажбурияти билан 30 миллион 306 минг сўмга сотиб олган.
Шартномага асосан, Э. Маъруфов объектга 2020 йилнинг иккинчи чорагида 30 миллион сўм, учинчи чоракда 35 миллион сўм, йилнинг тўртинчи чорагида 35 миллион сўм инвестиция киритиши, қўшимча бинолар қуриши, ободонлаштириш ишларини амалга ошириши белгиланган. Маҳаллий инвестор ишни бинони реконструкция қилиш ва ҳудудни ободонлаштиришдан бошлаган. Реконструкция ва бошқа бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач, Фарғона вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Бешариқ тумани филиали 2021 йил 8 апрель куни реконструкция қилинган бино-иншоотни фойдаланишга қабул қилиб олган ва бу ҳақида 144-сонли далолатнома расмийлаштирилган. Шундан сўнг инвестор объектга 144 миллион 600 минг сўм инвестиция киритиб, 4 та янги иш ўрни ҳам яратган. Буни масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «AUDIRES» аудиторлик ташкилоти томонидан 2021 йил май ойида ўтказилган текширув хулосаси ҳам тасдиқлайди. Янги иш ўринлари яратилгани тўғрисида Бешариқ тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 24/05-01/06-239-сонли маълумотномаси ҳам мавжуд. Яъни Элнур Маъруфов 2021 йилнинг апрель ойида кечикиб бўлса-да, зиммасидаги инвестиция мажбуриятларини бажарган.
Аммо бунга қарамай Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, юқоридаги олди-сотди шартномасини бекор қилиш ва инвестордан 15 000 000 сўм жарима ундиришни сўраган. Суднинг 2021 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво тўлиқ қаноатлантирилган. Бироқ инвестор суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Фарғона вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти билан мурожаат қилди.
Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Қолаверса, суд ҳал қилув қарори қабул қилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 279-сонли қарори 5-иловаси билан тасдиқланган «Давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий муносабатлар қабул қилиниши шарти билан «нол» харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисда»ги Низомга асосланган.
Ваҳоланки, низо объекти бўлган бино-иншоот ушбу қарорнинг 4-иловаси билан тасдиқланган «Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан 30 306 731 сўмга инвестиция киритиш шарти билан сотилган.
Тўғри, тарафлар ўртасида имзоланган шартноманинг 6.5-бандида агар харидор томонидан ҳеч қандай моддий ҳисса бўлмаган тақдирда унга нисбатан олинган инвестиция мажбуриятлари қийматининг 15 фоизи миқдорида жарима санкциялари қўлланилиши белгиланган. Аммо Э. Маъруфов 2021 йил 23 январь куни қисман, 2021 йилнинг апрель ойида эса, тўлиқ инвестиция киритиб, мажбуриятини бажарган. Бу ҳолат даъвогар томонидан расмийлаштирилган далолатномада ҳам ўз ифодасини топган.
Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекснинг 279-моддасига биноан, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмагани, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмагани, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилгани ёхуд нотўғри қўлланилгани биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Апелляция инстанцияси суди ана шундай ҳуқуқий асосларга таяниб, Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 2 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди ва ушбу иш бўйича янги қарор қабул қилди.
Яъни даъвогарнинг даъво талаблари рад этилди.
Шу тариқа адолат қарор топди. Маҳаллий инвесторнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, унинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилди.
Зеро, қонун ҳалол тадбиркорни ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
Иброҳим ТУРСУНОВ,
Фарғона вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш