КАСБГА ХИЁНАТ ЁХУД ОҚ ХАЛАТДАГИ ДОҒ

Ҳар қандай касб ёки лавозим ҳар бир кишидан ҳалоллик ва фидойиликни талаб этади. Бу каби инсоний мезонларга амал қилиб яшаш инсон умрини безайди, уни юксакликка кўтаради. Аксинча, тўғри йўлдан адашиб, нопокликка қўл урган кимсалар охир-оқибатда эл назаридан қолиб, юзшувут бўлиши тайин. Буни қуйи­даги воқеа тафсилоти ҳам яққол тасдиқлайди.

Шифокор деганда, барчанинг кўз ўнгида оқ либосли жонкуяр ва халоскор сиймо гавдаланади. Бугунги кунда жамиятимизда шарафли касб ортидан обрў-эътибор қозониб, эл-юрт олқишига сазовор бўлган шифокорлар жуда кўп. Бироқ ўз нафси йўриғида юриб, таъмагирлик каби чиркин иллатларга қўл ураётганлар ҳам учраб туриши таассуфли ҳолдир.

Узоқ йиллардан буён Шаҳрисабз шаҳридаги марказий шифохонада жарроҳ сифатида фаолият юритиб келган Ўктам Мусурмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йили Мудофаа ишлари бўлими ҳузурида ташкил қилинган ҳудудий ҳарбий-тиббий чақирув комиссиясининг катта шифокорлигига тайинланади. Ушбу комиссия ҳарбий хизматга бориш ёки ҳарбий билим юртига ўқишга киришга талабгор бўлган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга тиббий хулосалар бўйича йўлланма бериш ваколатига эга.

Шаҳрисабз туманида яшовчи Жасур Нарзиев ҳарбий билим юртига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш мақсадида комиссияга мурожаат қилади.

Шундан сўнг Жасур барча мутахассис-шифокорлар кўригидан ўтиб, соғлом деб топилади. Аммо тиббий ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида Ў. Мусурмоновнинг нияти бузилади. У оёқларида нуқсон борлигини важ қилиб, Жасурдан пул талаб қилади.

– Мен сенга ёрдам бермоқчиман. Ота-онанг билан маслаҳатлашиб кўр. Агар “харажат”дан қочмасанглар, тиббий йўлланмани қўлимда деб ҳисоблайвер, – дейди таъмагир шифокор.

Ўғлидан бу гапни эшитган Шокир Нарзиев ўйланиб қолади. Чунки у фарзандининг шифокорлар кўригидан ижобий хулоса олганидан хабардор эди. Шу боис Ў. Мусурмонов билан юзма-юз учрашишга қарор қилади.

Улар учрашганда таъмагир шифокор агар айтилган пулни бермаса, Жасур ҳарбий билим юртига ҳужжатларини топшира олмаслигини ошкора маълум қилади.

Шунда ноилож қолган Ш. Нарзиев таъмагирнинг шартига розилик билдиради ва икки-уч кун ичида келишилган маблағни ўғлидан бериб юборишини айтади. Бироқ орадан айтилган муддат ўтар-ўтмас, Ў. Мусурмонов гоҳ ота, гоҳ ўғилга қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ олиб келишни, йўқса, Жасурнинг ҳужжатларини расмийлаштирмаслигини қайта-қайта уқтирарди.

Бундан жаҳли чиққан Ш. Нарзиев қонуний тўхтамга келади. У таъмагир шифокорга чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат этади. Ушбу аризага биноан ўтказилган тезкор тадбирда Ў. Мусурмонов Ж. Нарзиевдан талаб этилган миқдордаги пулни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинади. Шу тариқа узоқ йиллардан буён шифокор сифатида элга хизмат қилиб келган Ў. Мусурмонов нафс балосига учиб, мисқоллаб йиққан обру-эътиборини ҳавога совурди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, шифокор деган номга доғ туширди.

Суд Ў. Мусурмоновнинг қилмишини суриштирув ва тергов жараёнида тўпланган исбот ва далиллар асосида муҳокама этган ҳолда, унга нисбатан муайян муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, таъмагирлик ва ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш хавфли иллат ҳисобланади. Шу боис унга қарши курашга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш зарур.

Фаёза Қамбарова,

 Қашқадарё вилояти суди судьяси,

 Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: