ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШНИ ЯНАДА ЭРКИНЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга суд-ҳуқуқ соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги аксарият ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш имконини бермайди. Аниқроқ айтганда, бу омил судга мурожаат қилиш имкониятини бир мунча чекламоқда.
Шунинг учун ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар, шунингдек, суд амалиёти таҳлили натижалари бу борада тегишли чора-тадбирларни жорий этиш заруриятини кун тартибига қўйди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекснинг 262-моддасига кўра, апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Бироқ амалиётда тадбиркорлик субъектлари турли сабабларга асосан апелляция шикоятини икки ойлик муддат ичида беролмаётгани, бу эса, биринчи инстанция суди қарори устидан юқори инстанция судларига шикоят қилиш ҳуқуқларини чеклаётган ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Шу боис тадбиркорлик субъектлари ушбу муддатни олти ойга узайтиришни таклиф қилишмоқда.
Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкинлиги белгиланган.
Ушбу даъво муддатининг ҳам қисқалиги, аксарият ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш имконини бермасдан, судга мурожаат қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда. Шу сабабли кенг жамоатчилик бу муддатни ҳам узайтириш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларни илгари сурмоқда.
Бу, ўз навбатида, судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш, аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида давлат органлари қарори устидан судга шикоят қилиш муддатини олти ойгача узайтиришга зарурат юзага келганидан далолатдир.
Юқорида баён этилган муаммоларни бартарф этиш, судга мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтириш мақсадида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий суд томонидан «Судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга:
биринчидан, иқтисодий суд ишларини юритишда апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечиктирмасдан берилиши белгиланган икки ойлик муддатни олти ойга узайтириш;
иккинчидан, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишнинг уч ойлик муддатини олти ойга узайтиришга оид ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Бу тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш баробарида уларнинг бузилган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя этишга муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Маълумки, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунда давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш мақсадида фуқаролар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идораларнинг хатти-ҳаракатлари устидан маъмурий судларга бериладиган аризалардан ундириладиган давлат божи миқдорларини камайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топишга доир 6 минг 920 та иш кўриб чиқилган. Бу ишларнинг 5 минг 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда бу рақамлар 5 минг 761 тани ташкил этиб, шундан 3 минг 538 таси қаноатлантирилган.
Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиққан ишларнинг 90 фоизидан ортиғини айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахсларнинг ҳаракати ё ҳаракатсизлиги юзасидан берилган ариза ва шикоятлар ташкил этмоқда.
Ушбу тоифадаги низолар бўйича бериладиган аризалардан давлат божини камайтирилиши фуқароларга одил судловга эришиш учун янада қулайликлар яратади.
Шу муносабат билан Олий суд томонидан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Айни пайтда ҳар икки қонун лойиҳаси юзасидан манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари олинмоқда.
Шундай қилиб, амалдаги қонунларга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар:
– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга;
– турли сабабларга кўра, вақтида шикоят қила олмаган тарафларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш имкониятини кенгайтиришга;
– давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилиниши имкониятларини кенгайтиришга;
– фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Шербек Назаров,
Олий суд бўлим бошлиғи
Фикр қолдириш