АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИ ИСЛОҲОТИ: ЗАРУРАТ ВА ЭҲТИЁЖ

Маълумки, қонун нормалари мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб, тўғри қўллай олиш уларнинг таъсирчанлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Бу эса, қонун ҳужжатлари имкон қадар содда ва равон ёзилишини, қўллаш механизми ҳам оддий ва қулай бўлишини тақозо қилади.

Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда, тарафларнинг суд қарорларига нисбатан эътирози — шикоят қи­лиш ҳу­қуқини амалга ошириш тизимини мақбуллаштириш, фуқаролик-процессуал қонунчиликдаги апелляция инсти­ту­ти­да айрим ўзгартиришларни жорий этиш эҳтиёжи бор. Зе­ро, суд қарорларига нисбатан шикоят бериш тарафларнинг энг муҳим ҳуқуқ­ларидан биридир.

Айтиш керакки, Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, раислик қи­лувчи суд ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш вақтида унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтира­ди.­ Яъни «Ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу суд орқали Тошкент ша­ҳар (тегишли ви­лоят)­ судига апелляция шикояти берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкин».

Матндаги «ушбу суд» сўз­лари «ҳал қилув қарорини қа­бул қилган суд» маъносини ифо­далашини амалиётчи ҳу­қуқшунос бўлмаган ишдаги тарафлар доим ҳам тўғри анг­ламаслиги тажрибада кўп кузатилади.

Тўғри, Фуқаролик процессуал кодекси 384-моддасининг 1-бандига кўра, Қора­қалпо­ғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бў­йича судлов ҳайъатлари қуйи судлар қарорлари устидан бе­рилган апелляция шикоятларини (про­тест­ларини) кў­риб чиқади. Бироқ мазкур Кодекс 385-моддасининг 1-қисмига кўра, апелляция шикояти (протес­ти) тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси суди номига йўлланса-да, лекин у ҳал қи­лув қарорини (ажрим, қа­рор) чиқарган суд орқали берилади.

Айни ҳолатда қонуннинг тартибга солиш механизми тизимлилиги бузилгандек кўринади, бу оддий мантиққа ҳам зиддек тасаввур уйғотади.

Зеро, қонунлар оддий, ҳаётий ва тушуниш осон бўлиши учун тизимли ҳам бўлиши талаб этилади.

Қолаверса, «Норматив-ҳу­қуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётига кўра, қонун лойиҳасининг матнига нисбатан жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги; таърифнинг аниқлиги; баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги бўйича талаблар ўрнатилган.

Бундан ташқари фуқаролик-процессуал қонунчилик тартибига кўра, суд ҳужжатлари устидан шикоятнинг юқо­ри инс­танция суди номига йўлланиши, бироқ шикоят суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали амалга оширилиши юқоридаги услубиёт талабларига ҳам мос эмас.

Бир сўз билан айтганда, бундай тартиб фуқароларда тушунмовчиликлар ва қонунни тўғри қўллашда қи­йинчи­лик­ларни юзага келтиради.

Суд ҳужжатларига нисбатан берилган апелляция шикоятини кўриш ваколати апелляция инстанциясига тегишли бў­либ, шикоятнинг кўрилиш-кўрилмаслиги масаласи ҳам айнан ушбу инстанция томонидан ҳал қилиниши зарур. Апелляция инстанцияси томонидан кўриладиган шикоятнинг тўғри ёки нотўғри берилганлиги масаласини қуйи инстанция суди ҳал қилиши ҳам қонуннинг тартибга солиш тизимида номувофиқликларни юзага келтиради.

Чунки биринчи инстанция судининг қарори қанчалик қонуний, асосли ва адолатли бўлмасин, ишдаги тараф бу қарор билан келишмаяпти. Демак, унинг эътирози қарор қабул қилган суднинг иродасига боғлиқ бўлиши холислик ва беғаразлик тизимини таъминлашда мувозанат бузилишига ҳам олиб келади.

Шу маънода ўзи кўриб чиқадиган шикоятнинг тўғри расмийлаштирилган-расмийлаштирилмаганини айнан шикоятни кўрадиган суд сифатида апелляция инстанция­си ҳал қилиши, бу масала унинг ваколатига тааллуқли бўлиши лозим.

Илгари сураётган таклифлар, ўз-ўзидан, муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғ­ри тўланганлиги каби муайян камчиликларга кўра, шикоятни қайтаришга оид тартибларни ҳам апелляция суди ваколатига беришни тақозо қилади. Бу, биринчи навбатда, фуқароларда суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инс­танция судига нисбатан турли шубҳаларга барҳам беради.

Апелляция шикоятлари тўғридан-тўғри шу инстан­ция­га берилиши шикоятларнинг ушбу босқичга етиб бориши жараёнида бир бўғин ёки босқич четлаб ўтилган бўлади ҳамда эътирозларга оид барча масалаларни тушунарли ва ихчам тартибда ҳал этиш имкониятини ҳам пайдо қилади. Энг муҳими, процессуал қонунлар мазмуни ва ишлаш механизмининг унификациялашуви юз беради.

Нега деганда, Фуқаролик процессуал кодекси 405-моддасининг 1-қисмига кўра, кассация шикояти (протести) апелляция шикоятлари тақдим этишдан фарқли равишда бевосита Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Суд ҳужжатларини қайта кўрувчи иккита инстанцияга шикоятларни бериш тартибининг турлича эканлиги фуқароларда англашилмовчиликларни юзага келтираётир. Чунки тартибга солинаётган механизм битта — суд ҳужжатини қайта кўриш, лекин юқори инс­танция турига қа­раб шикоят бериш тартибининг ўзгариб бормоқда.

Шунингдек, процессуал қонунлар унификациялашувининг яна бир усули бу — Фуқаролик процессуал кодексида шикоятларни бериш ва расмийлаштириш юзасидан мавжуд тартибни Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги тартиблар билан бирхиллаштиришдир.

Чунончи, Иқтисодий процессуал кодексининг 261-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 202-моддаси талабларига кўра, апелляция ши­коя­ти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Фуқаролик процессуал қонунчилигида ҳам бундай тартибнинг ўрнатилиши юқо­рида қайд этилган муайян камчиликлар билан тақдим этилган (муддат ўт­казиб юборилганлиги, суд харажатлари нотўғри тў­лан­ганлиги) апелляция шикоятини иш юритувга қабул қилиш ҳам­да шикоятнинг тақдирига оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) апелляция инс­танцияси суди томонидан ҳал қилиниши имкониятини беради.

Аслида ана шу тегишли кодексларда суд ҳужжатларига шикоят бериш муддатлари, шикоятни кўриб чиқиш тартибининг бир хил қилиб белгилангани ҳолда, фақат Фуқаролик процессуал кодексида шикоятни расмийлаштириш тартибининг бошқача қайд этилиши мантиққа тўғри келмайди.

Таклиф этилаётган тартиб шикоятларнинг нисбатан тез кўриб чиқиш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади, назаримизда. Яъни процессуал қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ишдаги тарафлар томонидан суиистеъмол қилинишининг ол­дини олади, шикоятларни судда кўриш учун тайёрлаш ва та­йинлаш билан боғлиқ жараёндаги ноқулайликлар бартараф этади.

Амалиётга кўра, шикоятнинг тўғри берилган-берилмаганлигига охирги баҳони апелляция инстанцияси берар экан, ушбу ваколат бошидан мазкур инстанцияга тааллуқли бўлиши лозим.

Суд амалиётида ишдаги тарафлар томонидан бу процессуал тартибни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраётгани бор гап. Айниқса, ишда бир неч­та тарафлар иштирок этаётган ҳолатларда уларнинг ҳар бири томонидан навбат билан шикоят берилиши натижасида иш такрор ва такрор бир неча марта биринчи инс­танция судига қайта расмийлаштириш учун юборилмоқда.

Оқибатда ишдаги бошқа тарафларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда, апелляция инстанцияси эса, шикоятни кўрувчи ҳамда агарда камчиликлар билан расмийлаштирилган бўлса, ушбу камчиликларни кўрсатиб, қайта расмийлаштириш учун юбориш ваколатига эга суд сифатида шикоятни бевосита қабул қила олмаслиги натижасида мантиқсиз ҳолат юзага келиб, мавжуд тартибнинг ўзи сансалорликка йўл очиб бермоқда.

Амалдаги процессуал қонун талабларига кўра, ишда иштирок этувчи шахс­ларни апелляция инстанцияси судида иш­ни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилади. Суд мажлисининг вақти ҳам ушбу суд томонидан белгиланади.

Сўнгги йилларда апелляция шикоятлари кўпайиб бораётгани сир эмас.

Шикоятларнинг кўрилиш вақти биринчи инс­танция судлари томонидан бел­гиланиши туфайли амалиётда бир вақт­да бир нечта ишларнинг тайинланиши, натижада фуқароларнинг суд мажлисини узоқ вақт кутиб қолиши ҳолатлари ҳам юз бермоқда.

Таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра, шикоятлар апелляция инстанциясига тўғридан тўғри берилса, суд мажлислари вақти ҳам шу инстанция томонидан мавжуд жадвални инобатга олган ҳолда тайинланади. Бу эса, турли сансалорлик ва эътирозларнинг олдини олиш имкониятини беради.

Энг муҳими, ушбу таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш жараёнининг узвий қисми бўлган суд ҳужжатларини қайта текшириш институтини янада такомиллаштириш орқали апелляция инстанцияси институти фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу, шунинг­дек, бу­гунги кунда иш юкламаси катта бўлган биринчи инстанция судлари ишини бирмунча осонлаштиришга ҳам асос бўлади.

Шуҳрат Аббасов,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари

 — фуқаролик ишлари бўйича

 судлов ҳайъати раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: