АДОЛАТ ТАРОЗУСИ

Ҳаётда бировнинг ризқи бошқага буюрмаслиги кўп марта ўз исботини топган. Аммо баъзи кимсалар ҳаётнинг шу оддий ҳақиқатини англаб етишмайди.

Масалан, Янгиариқ тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутасаддилари кечмиш йили айнан шу йўсинда иш тутишди. Тумандаги «Yangi Ariq Tex» масъулияти чекланган жамияти ҳи­собига 244 миллион сўмни ўтказиб беришдан бўйин товлашди. Давлат ғазнасидан ажратилган ва қоидага кўра, бандлик муассасаси орқали етказиб берилиши кўзда тутилган ушбу маблағни ўзининг ҳақиқий эгасига топширишни пайсалга солишди. Аслини олганда, бу маблағ пахта йиғим-терими қатнашчилари меҳнатини рағбатлантириш учун ажратилганди.

…Ўтган йили туманда 10 минг нафардан зиёд ҳашарчини ўзида жамлаган 143 та ихтиёрий муваққат терим гуруҳи тузилган. Уларнинг меҳнатини ташкил этиш, йўналтириш ва мувофиқлаштириб бориш учун 2021 йилнинг 27 сентябрида туман Бандликка кўмаклашиш маркази ва «Yangi Ariq Tex» масъулияти чекланган жамияти ўртасида кўнгилли етакчилар меҳнатига ҳақ тўлаш юзасидан 220-сонли шартнома имзоланади. Унга кўра, терим давридаги меҳнати учун ҳар бир етакчига 2 миллион — жами 286 миллион сўм миқдорида ҳақ тўлаш кўзда тутилган. Туман Банд­ликка кўмаклашиш маркази ушбу миқдордаги маблағнинг бир қисмини тўлади, холос. Қолган 244 миллион сўмлик иш ҳақи эса, ора йўлда қолди. Масъулияти чекланган жамия­ти мутасаддилари бу ҳолатга бефарқ қа­рашмади, аксинча, гуруҳ раҳбарлари олдидаги қарзни ўз ҳисобидан қоплашди. Бинобарин, ўртадаги шартномавий келишув бунга монелик қилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жам­ғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ҳамда томонлар ўртасидаги шартномада белгиланишича, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жалб этилган теримчилар гуруҳлари раҳбарларига 2021 йил пахта ҳосили йиғим-терими якунига қадар икки миллион сўм­дан меҳнат ҳақи ушбу ташкилотларнинг аниқ ҳи­соб-китоби ва буюртмаларига асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан тў­ланиши лозим.

Бунда иш ҳақи тўлови даст­аввал пахта-тўқимачилик кластери томонидан амалга оширилади. Кластерлар тарафидан сарфланган маблағ кейинчалик Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бандлик ташкилоти айнан ушбу тўловнинг ижросини пайсалга солди.

Аниқро­ғи, тўлов ҳақидаги талабни рад этди. Шундан сўнг ўртада низо келиб чиқди. Иш судга оширилди.

Даъвогар «Yangi Ariq Tex» масъулияти чекланган жа­мия­ти вакили бу жараёнда корхона тарафидан сарф­ланган 244 миллион сўм маблағ тегишли тартибда жавобгар ташкилотига йўл­ланган сў­ровномага қарамасдан ҳо­зиргача қопланмаганини маълум қилди. Жавобгар томон эса, даъвони тан олмади. Тўлов тегишли мазмундаги далолатнома ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари Бандлик марказига белгиланган муддатда тақдим этилмагани боис амалга оширилмаганини таъкидлади.

Суд тарафларнинг далилларини кўриб чиқаркан, ҳалол меҳнат албатта, ўз рағбатини топиши, иш ҳақи маблағлари ҳар қандай ҳо­латда ҳам ўз эгасига қайтарилиши зарур, деган хулосага келди. Чунки жавобгар тараф вакилининг иш ҳақи ҳужжатлари бандлик муассасасига белгиланган фурсатда топширилмагани ҳа­қи­­даги важига қўшилиб бўл­майди. Зеро, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 ноябр­даги 666-сонли қарори 3-бандида гуруҳлар раҳбарларига пахта йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўм миқдоридаги меҳнат ҳақини тўлаш учун қи­линган харажатларни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жорий йил 1 декабрга қадар тақдим этилган аниқ ҳисоб-китоб ва буюртмаларга асосан Жамоат ишлари жам­ғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилгани тўлов учун қонуний асос ҳисобланади.Қарорнинг ушбу талаби даъвогар корхона тарафидан тўлиқ адо этилган. Жавобгар томон эса, бу борадаги мажбу­риятга панжа орасидан қа­раган. Мавжуд тўлов чеклари ва бошқа ҳужжатлар белгиланган иш ҳақи «Yangi Ariq Tex» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилганини тўлиқ тасдиқлади.

Қонун — адолат тарозуси. Уни тенг тортиш зарур. Суд ана шу қоидага таянди ва даъвогарнинг талабини қа­ноат­лан­тирди. Жавобгар зиммасига 244 миллион сўм­ миқдоридаги асосий қарзни бартараф этиш, уни даъвогар тарафга тўлиқ миқдорда тўлаш мажбуриятини юклади. 4,9 миллион сўмлик давлат божини ҳам жавобгар тўлайдиган бўлди.

Шу тариқа ҳақиқат қарор топиб, низога сабаб бўлган қарздорлик ундириладиган бўлди. Бу ҳолат ҳар бир шарт­нома иштирокчисининг ўз мажбуриятини вақтида бажариши зарурлигини кўр­сатади.

Баҳодир Давлатов,

Боғот туманлараро

иқтисодий суди раиси

 

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: