ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ: АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ СУДЛАРИДА ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ТЎҒРИ ВА БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАШНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги йиғилишида «Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама этилди ва қабул қилинди.
Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, ушбу Пленум қарорини қабул қилиш учун қандай зарурат бор эди?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан Олий хўжалик суди Пленумининг бир қатор қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилди.
Шунингдек, иқтисодий судлар томонидан ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўришда Иқтисодий процессуал кодекс нормалари айрим ҳолларда турлича қўлланилаётгани аниқланди.
Буларнинг бари бу борада Олий суд Пленумининг янги қарорини қабул қилиш заруратини юзага келтирди.
Шу мақсадда ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси тегишли судлар ва идораларга юборилиб, таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар олинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари билдирган таклифлар асосида қарор лойиҳаси янада такомиллаштирилди.
Бундан ташқари қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Олий суд томонидан иқтисодий суднинг апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилган ишлар статистикаси ҳамда суд амалиёти ўрганиб чиқилиб, тегишли тартибда умумлаштирилди. Энг асосийси, ушбу умумлаштиришлар, шунингдек, Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ушбу инстанцияларда қабул қилинган суд ҳужжатларини қайта кўриш жараёнида аниқланган ҳолатлар Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олинди.
Жумладан, 2018 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар иқтисодий судларнинг апелляция инстанциясида 1 минг 808 та, кассация инстанциясида 2 минг 66 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг қонунийлиги ўрганиб чиқилди. 2019 йил 11 ойида бу кўрсаткич тегишлича 2 минг 452 та ва 2 минг 210 тани ташкил этган.
2018 йилда апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан жами 1 минг 67 та суд ҳужжати бекор қилинган, 649 таси ўзгартирилган. 2019 йилда бу кўрсаткич тегишли равишда 1 минг 141 та ва 767 тани ташкил этган.
Суд амалиётида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилинаётган ҳолатлар ҳам учрайди.
Маълумки, ушбу шахслар, Иқтисодий процессуал кодекснинг 259-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, 282-моддаси биринчи қисмига асосан эса, қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса, тегишлича апелляция ёки кассация протести бериши мумкин.
Юқорида қайд этилган қонун талабини назарда тутиб, Олий суд Пленуми қарорининг 2-бандида ушбу шахслар, жумладан, жисмоний шахслар ҳам ишда иштирок этувчи шахсларнинг Иқтисодий процессуал кодекснинг 42-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланиши ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Пленум қарорининг 3-бандида эса, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам шикоят қилишнинг, протест беришнинг мустақил предмети бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодекснинг 259-моддаси биринчи қисми ва 282-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган шахслар мазкур кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция ёки кассация шикояти (протести) беришга ҳақли.
Қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддати эса, қўшимча ҳал қилув қарори қайси санада қабул қилинганидан қатъи назар, асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан ҳисобланади.
Суд амалиётида шикоятни қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда ушбу ҳаракатлар биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилган ҳолатлар ҳам учрайди.
Бу қоида, аслида, Хўжалик процессуал кодексида мавжуд бўлган.
Янги қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодексда эса, шикоятни қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилиши назарда тутилмаган.
Шундан келиб чиқиб, Пленум қарорида, гарчи, шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш учун асослар мавжуд бўлса-да, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция ёки кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шартлиги белгилаб қўйилди. Шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш масаласини ҳал этиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилишига йўл қўйилмайди.
Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодексда агар ҳал қилув қарорини тушунтириш, ёзувда йўл қўйилган хатоларни, имловий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш, ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиш тўғрисидаги ва бошқа аризалар бўйича суд мажлиси тайинлангандан кейин ушбу суд ҳужжати устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) келиб тушган тақдирда, суд томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар назарда тутилмаган.
Бу ҳолатни инобатга олиб, Пленум қарорида судларга бундай ҳолларда биринчи инстанция суди ариза бўйича иш юритишни Иқтисодий процессуал кодекснинг 101-моддаси 1-бандига мос ҳолда тўхтатиб қўйиши ва ишни шикоят (протест) билан бирга тегишли судга юбориши ҳақида тегишли тушунтириш берилди.
Бундан ташқари Пленум қарорининг 6-бандига кўра, қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан берилган кассация шикоятини қабул қилиш, Иқтисодий процессуал кодекснинг 291-моддаси биринчи қисми 2-бандига асосан, рад этилиши лозим. Пленум қарорининг 7-бандида апелляция шикояти (протести) мазмуни Иқтисодий процессуал кодекснинг 263-моддаси, кассация шикояти (протести) мазмуни эса, ушбу кодекснинг 286-моддаси талабларига мос бўлиши кераклиги баён этилган.
Шунингдек, Пленум қарорида турли хил сансалорликларнинг олдини олиш мақсадида, шикоятни қабул қилиш чоғида таъсис ҳужжатларига мувофиқ шикоятни имзолаган шахснинг уни имзолашга ҳақли эканлигига шубҳа туғилса, судья апелляция ёки кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиши ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилиши, шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаганда эса, апелляция ёки кассация инстанцияси суди шикоятни кўрмасдан қолдириши ҳақида тушунтиришлар берилди.
Маълумки, бугунги кунда Тошкент шаҳар иқтисодий судидан ташқари барча вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судларида 4 тадан судьялик штати мавжуд. Айрим ҳолларда ушбу судларда апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) ни кўриб чиқиш учун суд таркибини шакллантириш имконияти бўлмай қолиши мумкин. Бундай ҳолларда эса, Олий суд томонидан иқтисодий иш бошқа судга ўтказилади.
Бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, Пленум қарорининг 11.2-бандида, агар судда шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун суд таркибини шакллантиришнинг имкони бўлмаса, ушбу судда фаолият кўрсатаётган судья шикоятни (протестни) якка тартибда иш юритишга қабул қилиш масаласини шикоят келиб тушган кундан беш кунлик муддатда ҳал қилиши, шундан сўнг шикоятни (протестни) апелляция ёки кассация тартибида кўриш учун ишни бошқа иқтисодий судга ўтказиш масаласини ҳал қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиши ҳақида тушунтириш берилди.
Суд амалиётида шикоятни қайтариш учун бир нечта асос мавжуд бўлса-да, баъзи судьялар томонидан уни қайтариш ҳақидаги ажримда айрим камчиликларни қайд этиш билан чекланиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса, ўз навбатида, шикоятни иккинчи, баъзи ҳолларда эса, учинчи марта қайтариш учун сабабларни келтириб чиқаради.
Шу муносабат билан Пленум қарорининг 15-бандида агар шикоятни (протестни) қайтариш учун бир нечта асос мавжуд бўлса, суд ажримида ушбу асосларнинг ҳар бири кўрсатиб ўтилиши ва улар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс апелляция ёки кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли экани кўрсатилиши ҳақида тушунтириш берилди.
Шунингдек, Пленум қарорининг 24-бандида ишларни апелляция ва кассация судларида кўриб чиқиш муддатини суд раиси томонидан узайтириш бўйича бир хил амалиётни шакллантириш мақсадида, алоҳида ҳолларда шикоятни (протестни) кўриб чиқиш муддати суд раиси томонидан маърузачи судьянинг билдиргисига асосан, кўпи билан бир ойга узайтирилиши белгилаб қўйилди. Агар суд раисининг ўзи маърузачи сифатида иштирок этган тақдирда, ишни кўриш муддатини узайтириш ҳақида маълумотнома тайёрланиши ва у томонидан имзоланиши, билдирги ёки маълумотнома иқтисодий ишга тикиб қўйилиши тўғрисида тушунтириш берилди.
Шу билан бирга, Пленум қарорида ишларни қайд этилган инстанцияларда кўриш учун муҳим бўлган бошқа бир қатор тушунтиришлар ҳам мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хулоса ўрнида айтганда, Олий суд Пленумининг ушбу янги қарори Иқтисодий процессуал кодекс нормаларини амалда бир хил ва тўғри қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.
Бахтиёр Сайфуллаев,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяси
Фикр қолдириш