ОЛИЙ СУД РАИСИ ЎРИНБОСАРИ: «ДОД ДЕВОРГИНГ КЕЛАДИ БАЪЗАН!..»
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур маҳкама раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров иккита аччиқ ҳақиқатни тан олди.
Биринчиси — узоқ йиллар Олий суд эшикни «ичкаридан беркитиб» ишлагани рост. Раҳбарият ҳар ойда фақат бир кун фуқароларни қабул қиларди, холос. Шундаям қабулга келганларнинг ҳаммасига «тирик» раис ёки ўринбосарини кўриш саодати насиб этмасди.
Ҳозир раҳбарият ҳафтанинг беш кунида фуқаролар қабули билан банд бўлса, шанба ва якшанба кунлари жойларга — сайёр қабулларга чиқмоқда. Демак, қабуллар ҳар куни, дам олишсиз амалга оширилмоқда. Буни эътироф этмаслик инсофдан бўлмайди. Натижалар ҳам чаккимас. Бироқ «эшикни ичкаридан беркитиб» ишлаш ва бошқа омиллар тизимда муаммоларни шу даражада қалашиб ташлабдики, бундай оғриқли меросдан қутулиш учун икки-уч йил камлик қилишига ҳам таъкид шартдай…
Олий суд раиси ўринбосари айтган иккинчи ҳақиқатки, бу судларда бекор қилинаётган никоҳлар сони: ўтган йили фуқаролик судларида 11153та никоҳ бекор қилинган! Бу — низо судгача етиб, томонлар берилган муддат, маҳалланинг аралашуви ва бошқа чоралар кор қилмагандан кейин ҳосил бўлган рақам. Ҳолат жиддий ва ташвишлими? Ҳа. Оддий арифметик ҳисоб: никоҳи бекор қилинган ҳар бир оилада биттадан фарзанд бўлса — 11153 нафар, агар икки нафардан фарзанд бўлса, 22306 бола тирик етим бўлди, дегани бу!
Ажралишгача бориб етаётган оилавий низоларнинг ҳаммасини жиддий деб бўлмаслиги маълум. Аксариятининг замирида оилавий-маиший муаммолар ётади. Булар энди алоҳида мавзу.
Парокандаликка юз тутган оиладаги мурғак болаларнинг кейинги тақдири-чи?
Бу энди катта ташвиш.
Шулар ҳақида гапирар экан, Х.Ёдгоров қуйидагиларни қайд этиб ўтди: «…Вилоятлардаги сайёр қабуллардан вақт орттириб, бир неча Меҳрибонлик уйларида бўлдик. Шароитларига гап бўлиши мумкинмас. Бироқ у ердаги аксарият тарбияланувчиларнинг ота-онаси бор. Аммо ажрашган. Тартибга кўра, ота-онаси бор болалар Меҳрибонлик уйларида бир йил қолиши мумкин, холос. Фарзанди Меҳрибонлик уйининг «тўлақонли тарбияланувчиси»га айланиши учун айрим оналар нима қилишмоқда денг? Суд орқали ўзларини оналик ҳуқуқидан маҳрум этишмоқда! Чунки, собиқ эрдан нажот йўқ, онанинг маишати танг. Бирдан бир чора — фарзандини «детдом»га топшириш. Ўзини оналик ҳуқуқидан маҳрум этволса, боласи Меҳрибонлик уйида бемалол юраверади… Бундайларни кўриб, «дод» деворгинг келади, рости!».
Мулозим куйиб-пишиб гапирар экан, бу билан кўпгина оилалардаги ахлоқий-маънавий қадриятлар аҳволини баён қилиш баробарида тадбирда оммавий ахборот воситалари эътиборига ҳавола этилган бир эмас, иккита «Ота» ва «Фарзанд — омонат» қисқа метражли фильмни тасвирга олиниши сабабларини бевосита айтаётганди. Иккала фильм ҳам Олий суд ташаббуси билан суратга олинган. Ундаги воқеалар тўқима эмас, реал ҳаёт акс этган. Сайёр қабуллар жараёнида ажралиш остонасида турган оилаларни йиғиб, аввалига шу фильмлар кўрсатилмоқда. Шундан сўнг асосий масалага ўтилади: шу керакми сизларга?
Албатта, ҳаракатлар бесамар қолаётгани йўқ. Шундан кейин кўплаб оилалар ярашиб кетаётгани бор гап. Аммо ҳозир сўз Олий суд олган фильмлар ёки уларнинг бадиий қиммати ҳақида кетаётгани йўқ. Гап жамият учун аҳамиятли бўлган ташаббус ҳақида бормоқда. Суднинг иши нима? Томонларнинг хоҳиш-иродасига қараб, қонуний қарор қабул қилиш. Оилавий низолар судгача етиб келибдими, эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам «яшайсанми?» дея савол жавоби маълум. Шунга қараб қарор чиқаришдан осони йўқ, аслида. Суд бу йўлдан бормай, иложи борича, оилаларни сақлаб қолиб, тирик етимлар сонини камайтириш асносида хонадонлардаги муҳит барқарорлигига ҳисса қўшмаяптими? Оила — жамиятнинг кичик бўғини экани эътиборга олинса, бу хайрли ишнинг кўлами янада каттароқ намоён бўлади. Бу борада фойдаланилаётган воситаларнинг бадиий қимматига эмас, самарасига эътибор қаратиш керак. Зеро, қисқа метражли фильмлар бирорта рағбат ёки мукофотга даъво қилмайди, аксинча, фақат яхшиликка даъват этади. Муҳими шу.
Умумий гаплардан кура, яшаш шароитимиз огирлашиб бораётгани никохларни бузилишига катта туртки булаётгани, хозирги иктисодий жараёнлар талабга жавоб бермаслигини бунинг учун нимадир килиш кераклигини айтиш вакти келмайдими…