ЮКСАК ИШОНЧНИ ОҚЛАШ КЕРАК
Ички ишлар ходимларини кўрганимизда тинчлик ва осойишталик ҳимоячиси сифатида уларга ишонч ва ҳурматимиз ошади. Зеро, масъулиятли вазифани бажараётган бу соҳа вакиллари туну кун ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажармоқда. Афсуски, улар орасида шундай шарафли касбга доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.
Нодир Қорабоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Афсуски, у тўғри йўлдан адашди. Иш фаолияти давомида тадбиркорлик билан шуғулланган танишига «ёрдам бериш»ни ўз зиммасига олган инспектор хизмат мавқеидан фойдаланиб, «ишбилармонлик» қилишни режалаштиради.
Н. Қорабоев 2018 йилнинг 8 сентябрь куни таниши Зилола билан иш юзасидан учрашмоқчи бўлиб, Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган кафеларнинг бирига келади. Зилола ўзининг танишлари — Аҳрор ва Санжар билан ўтирган даврага Н.Қорабоевни ҳам таклиф қилади.
Суҳбат чоғида Аҳрор анчадан бери қийнаётган муаммоси ҳақида гап очади.
2018 йилнинг июнь ойида сирдарёлик «Зил» машинаси ҳайдовчиси Аҳрорнинг 9 миллионлик темир маҳсулотларини олиб кетиб, қайтариб бермаётгани, бу ҳолат юзасидан у Учтепа тумани ИИБга мурожаат қилгани, бироқ орадан бир неча ой ўтган бўлса-да, бирор чора кўрилмаётгани ҳақида айтади. Шундан сўнг, Зилола Н. Қорабоевдан сирдарёлик ҳайдовчидан Аҳрорнинг пулларини олишда ёрдам беришини илтимос қилади.
Н. Қорабоев ўзига бириктирилган ҳудудда мазкур иш бўйича туман ИИБга мурожаат қилган тақдирда ушбу мурожаат раҳбарият томонидан қонуний кўриб чиқиш учун ўзига берилишини билган ҳолда, қонун билан белгилаб қўйилган ваколатларини унутади. У Зилолага 2018 йил 9 сентябрь куни ўзига бириктирилган маҳалла ҳудудида «Зил» юк машинаси ҳайдовчиси ва Аҳрор ўртасида ўзаро жанжал бўлаётгани ҳақида Тошкент шаҳар ИИББнинг «102» хизмат телефон рақамига қўнғироқ қилдиради.
Н. Қорабоев ўзининг айбларини ёпиш мақсадида ёлғон устига қайта ва қайта ёлғонлар тўқийди. Вазиятни янада ишонарли қилиш мақсадида навбатдаги — ҳужжатларни сохталаштириш режасини тузади. У Миробод туманидаги 3-сонли ИИБ бошлиғи номига 9 миллион сўм миқдордаги пул маблағларини олиб келаётган «Зил» юк машинаси ҳайдовчиси машинани Аҳрорга қараб атайлаб бошқаргани ва воқеа жойидан яширингани ҳақида сохта ариза ва тушунтириш хати олади. Буни туман ИИБ НҚдаги Шакл-2 китобидан 5759-рақами билан қайд қилдиришга эришади.
Орадан бироз вақт ўтгач, Н. Қорабоевнинг виждони уйғонади. Касбидан айрилишдан қўрқибми, ёки бошқа сабаб у ўзига бириктирилган ҳудудда жанжал бўлмагани ҳақида сохта далолатнома расмийлаштириб, ушбу далолатномага икки фуқарони холис сифатида қатнашгани ҳақида такроран сохта маълумотлар киритади.
Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари эрталаб ишга келганида ҳовлида нотаниш бир фуқаро («Зил» машинаси ҳайдовчиси) ни кўриб, унинг нима мақсадда келганини навбатчи ходимдан сўрайди.
Навбатчи бу фуқарони профилактика инспектори Н. Қорабоев ариза юзасидан тахминан соат тунги 02:30 лар чамасида олиб келгани, бироқ ушбу шахсни ушлаб туришга ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмаганини маълум қилади. Бундан шубҳаланган Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари шу куни тушган хабар ва аризалар бўйича тезкор маълумотларни текширади. Текширувлар натижасида Н. Қорабоевнинг қилмишлари ошкор бўлади.
Халқимизда «Ёлғон айтган кишининг, хатари бор ишининг», деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳар қандай ёлғон ва сохталикнинг ортида тубанлик, разиллик ётади. Айниқса, у халқ ишончига, эътирофига сазовор бўла туриб, унга беҳурматлик қилса, жиноятларнинг олдини олиш ўрнига уларни тарғиб этса, буни қандай тушуниш мумкин? «Мард ўғлон» Давлат мукофоти совриндори Н. Қорабоев «мард ўғлон» деган буюк номга муносиб бўлолмади. У виждонсизлик қилмаганида, балки келажакда юксак марраларни забт этармиди?
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди Н. Қорабоевнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.
Темур КАСИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой тумани суди судьяси
(“Жамият” газетаси, 2019 йил 13 сентябрь)
Фикр қолдириш