ТУҲМАТНИНГ ОҒИР ТОШИ ЁХУД ОЛТИ ЙИЛДАН КЕЙИН ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ

Маълумки, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар самараси ўлароқ, судлар томонидан адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, судлар томонидан ўз вақтида ноҳақ айбланиб, жазога тортилганларни оқлаш, ҳақи­қатни қарор топтириш қатъий таъминланаётгани одамларда адолатга бўл­ган ишончни янада мустаҳкамламоқда. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 27 июндаги ажрими ҳам юқоридаги фикримизга яққол далил бўла олади. Мазкур ажримга биноан муқаддам ноҳақ судланган Муродилло Қуллиев айбсиз деб топилди ва оқланди.

Гап шундаки, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 20 ноябрдаги ҳукмига биноан Муродилло Қуллиев Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми «в»-банди, 28, 211-моддаси 3-қисми «в»-банди ва 168-моддаси 2-қисми «б»-банди билан айбдор деб топилиб, мазкур кодекснинг 45-моддасига мувофиқ 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазосига ҳукм этилган. Тайинланган жазо Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорига асосан учдан бир қисмига қисқартирилган.

Хўш, М. Қуллиев ҳақи­қатан ҳам, жиноят содир этганмиди?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, ўшанда М. Қуллиев терговда ҳам, судда ҳам ўзининг айбсиз эканлигини қайта-қайта таъкидлаган, аммо унинг сўзларига ҳеч ким қулоқ солмаган эди.

Фақат Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳу­қуқ тизимида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий исло­ҳотлар М.Қуллиевга умид бағишлади. Бинобарин, Муродилло Қуллиев ҳақиқат қарор топишига ишониб, ҳимоячиси ёр­дамида кассация шикояти билан судга мурожаат қилди. Қолаверса, суднинг юқоридаги ҳукмига нисбатан Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳам кассация протести келтирилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инс­танцияси М. Қуллиев ва ҳимоячиси келтирган кассация шикояти ҳамда прокуратура протестида баён этилган важларни, гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳамда ишдаги барча ҳолатларни батафсил ўрганиб чиқди.

Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, ўша пайтда Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси Бухоро вилоят бўлимида шўъба бошлиғи лавозимида ишлаган И. Ашуров 2012 йил май ойида Жиноят кодексининг 210-моддаси тегишли бандига асосан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилади. Орадан бир йил ўтгач, жазони ўтаётган И. Ашуров М. Қуллиевга пора бергани ҳақида 6 та ариза билан мурожаат қилади. Ажабланарли томони шундаки, И. Ашуров ёзган аризаларда пора миқдори турлича кўрсатилган: бирида 20 000 АҚШ доллари, иккинчисида 10 – 12 000 АҚШ доллари, яна бирида 1 000 АҚШ доллари, бошқаларида эса, 2011 йил 23 ноябрь куни 400 АҚШ доллари, 2012 йил 9 январь куни 500 АҚШ доллари ва ҳоказо миқдорда пора бергани қайд этилган.

Гарчи М. Қуллиев И. Ашуров би­лан юзлаштириш жараёнида ҳам пора олганини тан олмаган бўлса-да, ўша пайтдаги МХХ ходимлари унга жисмоний куч ишлатиб, қўрқитиб, сўроқ баённомаларига имзо чектиришган. Аслида И. Ашуровнинг пора бергани ҳақидаги аризалари ҳам худди шундай тазйиқ ва қўрқув остида ёздириб олинган. Ваҳоланки, иш ҳужжатларида Бухоро вилояти давлат солиқ бош­қармасининг 342-ШТ-сонли буйруғидан кўчирма мавжуд бўлиб, унга кўра, М. Қуллиев 2011 йил 30 декабрда меҳнат таътилига чиққан. 2012 йил 16 январь куни эса, тегишли буйруқ би­лан меҳнат таътилидан чақириб олинган. Бундан кўринадики, И. Ашуровнинг 2012 йил 9 январь куни М. Қуллиевга хизмат хонасида пора бергани ёлғондир. Биринчи босқич су­ди эса, ишни кўриш жараёнида бу ҳолатларга эътибор қаратмаган. Шунингдек, И. Ашуровнинг М. Қуллиевга нисбатан шахсий адовати борлиги ҳам инобатга олинмаган. Аниқроқ айт­ганда, 2005 йилда М. Қуллиев ва И. Ашуровнинг номзодлари бир лавозимга — Когон шаҳар давлат солиқ идораси раҳбарлигига кўрсатилган.

Аммо Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2005 йил 28 декабрдаги буйруғига асосан М. Қуллиев Когон шаҳар давлат солиқ идораси бошлиғи этиб та­­йинланган. Кейинчалик Республика Давлат солиқ қўмитасининг 2006 йил 10 ноябрдаги буйруғига мувофиқ, М. Қуллиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Натижада И. Ашуровнинг номзоди яна Когон шаҳар давлат солиқ идораси раҳбарли­гига тавсия этилган. Бироқ М. Қуллиев фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ишга тиклаш тўғрисида даъво аризаси киритган. Пировардида, суднинг 2007 йил 7 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Давлат Солиқ қўмитасининг юқо­ридаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, М. Қуллиев давлат солиқ идораси бошлиғи ла­во­зимига қайта ишга тикланган. Шу боис И. Ашуровнинг номзоди яна қайтарилган. 2010 йил февраль ойида эса, И. Ашуров М. Қуллиевга ўринбосар этиб та­йинланган. Бир сўз билан айтганда, уларнинг иш фаолиятида ўзаро зиддиятлар бўлган. Бундай ҳолатда И. Ашуровнинг кўр­сатмала­рини ишонч­га сазовор деб бўлмайди.

Бундан ташқари ўшанда М. Қу­л­лиевга қўйилган айблардан бири — унинг вилоят давлат со­лиқ бошқармаси бошлиғи Б. Нормирзаевга 320 000 сўмлик кийим-кечакларни пора тариқасида бергани ҳам ишда тўпланган объектив далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топмади. Аниқроқ айтганда, М. Қуллиев бошқарма бошлиғига порани айнан қандай ҳаракатни унинг манфаатини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига бергани, бу борада улар ўртасида келишув, сўзлашув ва манфаатдор бўлганлик факти аниқланмаган.

Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори (ушбу қа­рор 2018 йил 18 августда янги таҳрирда қабул қилинган) да суриштирув, тергов органлари ва судлар исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғ­ри ҳал этиши, далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши, далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал қилинмаса, далил номақбул деб топилиши белгиланган.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш лозимлиги, гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатмалар олишга ҳаракат қилиш ман этилиши, иш бўйича исботланиши зарур бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва хо­лисона текшириб чиқилиши кўр­сатилган. Кодекснинг 464-моддасига мувофиқ, жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, шунингдек, жи­ноят бошқа шахс томонидан содир этилгани аниқланса ҳамда судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, судланувчини оқлайди.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инс­танцияси жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2013 йил 20 ноябрдаги ҳукмини бекор қилди. Муродилло Қуллиев айб­сиз деб топилиб, оқланди.

Оқлов — кўнгилларга ишонч, умид, шукроналик ва яшашга ян­ги иштиёқ бағишлайдиган эз­гу тамойилдир. М. Қуллиевнинг орадан олти йил ўтгач, айбсиз экани эътироф этилиши ҳам унинг ои­ласи, яқинлари кўнглига шундай эзгу туйғуларни олиб кирди.

Зеро, судларнинг вазифаси адолатни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қи­лишдан иборатдир.

Наргиза КАСИМОВА,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири

(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 13 сентябрь)

  • Ойбек Рахимов

    Бу жараёнларнинг накадар кийинлигини купчилик билади, оклов хукмиларининг илохим кети узилмасин омиин…

    13.09.2019 at 22:20
  • Ойбек Рахимов

    Бу жараёнларнинг накадар кийинлигини купчилик билади, оклов хукмиларининг илохим кети узилмасин овмиин…

    13.09.2019 at 22:21

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: