ТАДБИРКОР ФОЙДАСИГА ЎНГЛАНГАН ИШ ЁКИ БУГУНГИ КУНДА ОДИЛ СУДЛОВ АДОЛАТ ҚЎРҒОНИГА АЙЛАНАЁТГАНИ ХУСУСИДА
Бугун юртимизда ҳар бир фуқаро тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, шу орқали оиласини тебратиш билан бирга жамиятга фойда келтиришга кенг имкониятлар яратилган.
Эътиборлиси шундаки, собиқ шўро даврида тақиқланган соҳаларда ҳам бугун бемалол тадбиркорлик фаолиятини юритиш мумкин.
Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Жом қишлоғида туғилган Э. Орзиқулов металл буюмлар, дастгоҳ ва ускуналарни йиғиш ва тегишли манзилга элтиб бериш билан шуғулланарди. Шу ниятда у Хоразм вилоятига келиб, жорий йилнинг 20 майигача жами 5 минг 88 кило темир буюмларни тўплади.
Энди уни белгиланган манзилга етказса бас. Элёр фурсатни бой бермай алоҳида машина ёллади-да, юкни ортди. Мижознинг истагига кўра, уни пойтахт — Тошкентга элтиб бериш мажбуриятини зиммасига олган «Исузу» машинаси ҳайдовчиси ҳам ҳаялламади.
Юқорида эслатилган санада пойтахт томон йўл олди.
Афсуски, Элёрбек томонидан пойтахт сари жўнатилган машинанинг йўли қисқа бўлиб чиқди. Урганч туманининг Чолиш шаҳарчасига туташ Амударё кўприги ёқасидаги назорат маскани юк етиб келган сўнгги манзил бўлди. Машинани синчиклаб кўздан кечирган ҳуқуқ тартиботи идораси ходимлари ундаги буюм ва дастгоҳларни гумон остида рангли металл парчаларига йўйишди. Иш терговга кўчди. Юк эгаси Элёр Орзиқулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузишга доир 219-1-моддаси билан айбдор деб топилди. Аммо тез орада вазият бошқача тус олди. Э. Орзиқулов тўплаган металл намуналарининг тури ва тоифаси жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Тергов идораси олиб кетилаётган юкни турли номдаги рангли металл парчалари туркумига киритган бўлса, Э. Орзиқулов бунга қатъий эътироз билдириб, уни бус-бутун, аммо таъмирталаб жиҳозлар сифатида эътироф этишни талаб қилди. Э. Орзиқуловнинг айтишича, ушбу ускуналар Тошкентдаги усталар томонидан соз ва яроқли ҳолга келтирилгач, албатта, ўз эгаларига қайтарилади. Қарши тараф айбланувчининг бу даъвосини тан олмади. Бунинг устига жавобгар бошқа бир жиддий айбга ҳам рўпара келди. Уни рухсат олинмаган тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда айбдор деб топишди. Тергов тарафнинг бу даъвоси эътирозга ўрин қолдирмади. Жавобгар айбини тан олганча, хатони бартараф этишга киришди. Фурсатни бой бермай, тезда Самарқандга жўнаб, у ердан якка тарздаги тадбиркорликка расман рухсат берилганини тасдиқловчи ҳужжат билан изига қайтди. Иш барибир ўнгланмади. Дастлабки босқич суди тергов томонидан қўйилган айбни асосли, деб топди ва судланувчига энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади. Олиб қўйилган юк эса, давлат эгалигига мусодара қилинди.
Бугун одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билади. Бу ҳолат Э. Орзиқуловнинг кейинги ҳаракатларида ҳам яққол намоён бўлди. У ёзган шикоят аризасига мувофиқ маъмурий иш яна бир марта, аммо бу гал маъмурий ишлар бўйича вилоят суди кассация ҳайъатида кўриб чиқилди. Бу жараёнда олиб қўйилган металл буюмлар лаборатория текширувига юборилди. Таассуфки, унинг натижалари мужмал бўлиб чиқди. Пировардида судда кўрсатма берган Хоразм вилоят Синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси У. Аҳмедов умумий қиймати 1 миллион 118 минг сўмга тенг бўлган ушбу ашёлардан етарлича намуна олиш, тўла идентификациялаш ва қайси турдаги металлга мансублигини аниқлаш имкони бўлмагани, уларни таъмирлаш ва соз ҳолга келтириш мумкинлиги, бироқ таъмирланса-да, барибир стандартлаш талабларига жавоб бермаслигини таъкидлади.
Суд ҳам ўз хулосасини эълон қилди. Унда баён этилишича, тергов ва биринчи босқич судида олиб қўйилган ускуналар ичида бирорта ҳам қимматбаҳо металлар сирасига кирувчи рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитлари ҳамда қора металл бўлаклари, ундан ҳосил бўлган намуналар мавжуд эмас.
Бундан келиб чиқадики, бу буюмлар тўплаш, олиб кетиш ва фойдаланиш ман этилган рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитлари тоифасига киритилмаслиги зарур. Уларни тақиқланган ашё сифатида эътироф қилиш юзасидан чиқарилган дастлабки хулосалар эса, асосли эмас. Кассация ҳайъати ушбу ҳолатни назарда тутиб, жавобгарга тегишли асбоб-ускуналарни металл парчалари сифатида эътироф этган тергов органи ва дастлабки босқич судининг хулосасини асоссиз, деб топди. Суд айни пайтда Э. Орзиқулов муқаддам, аниқроғи, унга тегишли ашёлар олиб қўйилгунга қадар ўтган вақт ичида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани ҳақидаги айбга ҳам аниқлик киритди. Маълум бўлишича, жавобгар Э. Орзиқулов жорий йилнинг 25 май санаси, яъни ўзига тегишли мол-мулклар олиб қўйилгач, орадан бир неча кун ўтмаёқ Самарқанд вилояти Нуробод туман Давлат хизматлари марказида «Радиоэлектрон аппаратлар, маиший ва офис машиналарини, приборлар ва ҳисоблаш техникаси воситаларини таъмираш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш» соҳалари бўйича якка тадбиркор сифатида рўйхатга олинган. Лекин у бу борадаги фаолиятини анча олдин тегишли тартибда рухсат олмаган ҳолда бошлаган ва бу ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланиши даркор. Бу ҳолат кассация ҳайъати судида алоҳида қайд этилди.
Унинг бу ҳуқуқбузарлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 219-1-моддаси билан эмас, балки унинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қаратилган қоидани бузишга тааллуқли 176-моддаси 1-қисми бўйича малакалашни тақозо этади.
Судлов ҳайъати муқаддам йўл қўйилган ушбу хатони бартараф этди.
Ҳуқуқбузар фуқаронинг айби амалдаги кодекснинг қайд этилган моддаси билан малакаланди. Шу билан бирга, қонуннинг бошқа бир асосли ва мантиқий талаби ҳам адо этилди. Унга кўра, (эслатилган модданинг 4-қисми) «Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субьектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик нарсаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилади».
Мазкур кодекснинг 271-моддаси 10 банди эса, ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда, шахсни жавобгарликдан озод этиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритмаслик, бошланган ишни эса, тугатишни талаб қилади.
Судлов ҳайъати ушбу қоидага амал қилди. Юртимизнинг тадбиркорни ардоқлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга доир тартиб-таомилларини қўллади. Э. Орзиқуловга нисбатан юритилган маъмурий ишни тугатиб, уни жавобгарликдан озод қилди. Олиб қўйилган жами 123 турдаги, вазни 5 минг 88 килодан иборат асбоб-ускуналар унга қайтарилди. Дастлабки босқич судининг ушбу масала юзасидан муқаддам чиқарган қарори ана шу йўсинда мурувват муждаси томон ўзгартирилди.
Э. Орзиқуловнинг кейинги саъй-ҳаракатлари қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани, фаолиятини қонунийликнинг кенг, равон ва истиқболли йўлларига сола олганидан, ҳалоллик, поклик манзилларини ихтиёр этганидан дарак беради.
Чиндан ҳам, шундай: омад иш ва турмушнинг умумэътироф этган, ҳалоллик, поклик, фидойилик томон дадил интилганларга доимо пешвоз чиқади. Бунга шубҳа қилмаслик даркор. Ҳаётий ҳақиқат ҳамиша ўз ижобатини топади. Яхшиларнинг меҳнат ва ҳаёт йўли бунга яққол мисолдир.
Умрбек Ҳасанов,
Хоразм вилояти
маъмурий судининг судьяси
Фикр қолдириш