ЖОҲИЛЛИК КАСРИ
Халқимизга хос меҳмондорчиликнинг ўзига хос тартиб-таомиллари бор. Дилтортар суҳбат, самимий муомала, иззат-икром унинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Табиийки, бунда мезбон меҳмонинг, меҳмон эса, мезбоннинг раъйига қарайди.
Афсуски, ўтган йил 24 сентябрь куни Қўшўпир туманининг «Шихобод» маҳалласида рўй берган фожеали воқеа боис ана шу эзгу удумга путур етди. Элда расм бўлган таомил мезбон эмас, балки меҳмонлар — шу қишлоқда яшайдиган Раҳим Бобоқулов ва Назар Раҳматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан бузилди. Бир-бирига қариндошлик ришталари билан боғланган бу икки кимса хасталаниб ётган қўшниси Содиқдан кўнгил сўргани борганда, кутилмаганда ўзаро жанжаллашиб қолишади. Охир-оқибат аёвсиз дўппослашувлар натижасида ҳар иккови ҳам тан жароҳати олади. Калтакнинг кўпи Р.Бобоқуловнинг бошига ёғилади. Бунинг оқибатида у ҳолсизланиб қолади. Уни шу алфозда уйига олиб кетишади.
Фарзандлари уни бундай аҳволда кўриб, касалхонага олиб бориш тараддудига тушиб қолишади. Бироқ Р. Бобоқулов унамайди. Бунинг ўрнига у ўғли Раҳмат Бобоқулов ва набираси Рустам Раҳимовга “зўравон” қариндоши Н. Раҳматовни оёғини ерга теккизмай олиб келишни буюради.
Ғазабга минган ота-ўғил орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ Назар Раҳматовнинг уйига етиб келишади. Аммо Н. Раҳматовнинг хотини эри аламидан ичаётгани ва маст эканини айтади. Ота-ўғил Н. Раҳматовни бундай аҳволда олиб кетиш мушкул эканини англашса-да, барибир шаштидан қайтишмайди. Улар Н. Раҳматовни судрагудек алфозда уйдан олиб чиқиб, автомашинага ўтқизишади-да, йўлга тушишади. Аммо улар уйга етиб келгач, Н. Раҳматовни автомашинадан тушириш оғир кечди.
Аниқроғи, йўлда Н. Раҳматовнинг аҳволи бирдан ёмонлашган, у ҳушини йўқотгандек, қимир этмай ётарди. Аммо ота-ўғил бунга эътибор ҳам қилишмайди, аксинча, уни судраганча уйга олиб киришади ва ота – Раҳим Бобоқуловга рўпарў қилишади.
Афсуски, Н. Раҳматов қимир этмас, ҳатто гапиришга ҳам ҳоли йўқ эди.
Бундай вазиятда у билан гаплашиб бўлмасди. Энг ёмони, унинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди. Бу ёқда Раҳим Бобоқуловнинг ҳам аҳволи оғир эди. Шу топда фарзандлари қаттиқ дард чекиб, танида қўзғалган кучли оғриқдан ҳушини йўқотаёзган Н. Раҳматовнинг эмас, ота — Р. Бобоқуловнинг атрофида парвона бўлишади.
Орадан кўп ўтмай Р. Бобоқуловнинг уйига ҳар икки тарафнинг яқинлари, қўни-қўшнилар, маҳалла раиси, ички ишлар ходимлари кириб келишади.
Ўзаро жанжал жабрини ҳаммадан кўп тортган Р. Бобоқулов ва Н. Раҳматов зудлик билан шифохонага ётқизилади. Орадан бир неча кун ўтгач, Р. Бобоқуловнинг соғлиги деярли тикланди, у шифохонадан уйига қайтди. Лекин Н. Раҳматовнинг аҳволи ўнгланмайди. Аксинча, унинг соғлиги кундан-кунга оғирлашиб борди. Охир-оқибат орадан олти кун ўтгач, у касалхонада дунёдан ўтди.
Албатта, Н. Раҳматовнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бунинг устига одамлар орасида унинг ўлимига ота-ўғил Раҳим Бобоқулов ва Рустам Раҳимов сабабчи бўлгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди.
Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Н. Раҳматовнинг ўлимига ким сабабчи?
Қисқаси, бу саволларга тергов жараёнида тўлиқ ойдинлик кириитилди.
Аниқланишича, Н. Раҳматов қўшниси Р. Бобоқулов билан жанжал пайтида жиддий жароҳат олмаган, соғлигига ҳеч нарса хавф солмаган, унинг азалдан ногирон ва оқсоқлигини эътиборга олмаганда, уйига тўрт мучали бут ҳолда қайтган. У уйига келибоқ “қадрдони” шишага ёпишган. Аламини ичкиликдан олган. Ота-ўғил Раҳмат ва Рустам уни автомашинага ўтқизаётганда ҳам унинг соғлиги жойида бўлган. Аммо автомашинада кетаётиб, ҳаммаси кутилмаганда, ўзгарган, Р. Бобоқуловнинг хонадонига етиб келишганда, у деярли беҳуш ҳолатда бўлган, сўнг олти кун оғир аҳволда ётиб, вафот этган. Демак, ҳаммаси йўлда, автомашина ичида рўй берган. Бунга табиийки, ота-ўғил Раҳмат Бобоқулов ва Рустам Раҳимовнинг қилмиши сабаб бўлган. Бироқ ота-ўғил тергов томонидан эълон қилинган айбни кескин рад этишди. Уларнинг иддаосича, Н. Раҳматовга нисбатан автомашинада ҳам, уйда ҳам бирон-бир тарзда зўравонлик, тажовузкор ҳаракат содир этилмаган. Раҳмат Бобоқулов ўзининг бор-йўқ айби кекса отасининг сўзини ерда қолдирмай марҳум қариндоши Н. Раҳматовни қўлтиғидан олганча уйига олиб келганидан иборат эканини таъкидлади. Унинг ўғ ли Рустам эса, Н. Раҳматовга ҳатто қўл ҳам теккизмагани, фақат автомашинани бошқариб, бориб-келганини билдирди. Қарши тараф бу даъволарнинг барини қатъиян рад этди.
Марҳум Н. Раҳматов автомашинага ўз оёғи билан чиқиб, орадан бир неча дақиқа ўтгач, деярли ҳушсиз ҳолатга тушгани шубҳа-гумонлар тегирмонига сув қўйди. Марҳум Н. Раҳматовнинг қонуний вакили М. Раҳматов, гувоҳлар Б. Шоназаров, Ж. Матёқубова, Л. Матёқубова, М. Раҳимов, Н. Раҳимова, М. Раҳимов, М. Юсупов, С. Оллаберганова, У. Раҳимова, А. Эминов, Қ. Эгамова, Д. Матёқубованинг бу фожиа ҳақидаги фикрлари деярли бир жойдан чиқди. Уларнинг айтишига қараганда, ота-ўғил Р. Бобоқулов ва Р. Раҳимов Н. Раҳматовни уйидан судраб олиб чиқишган, бўралатиб сўкиб ҳақорат қилишган, автомашинага мажбуран ўтқизишгач, тепиб-тепкилаб, аёвсиз мушт туширишган. Бундай тажовузкор хатти-ҳаракат Р. Бобоқуловнинг хонадонига етиб келганга қадар давом этган. Охир-оқибат эса, у аёвсиз калтаклар таъсирида чалажон аҳволга тушган.
Айтиш керакки, судда гувоҳ сифатида кўрсатма берган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Хоразм филиали Қўшкўпир тумани бўлинмаси эксперти Н. Раҳматовнинг ўлими ингичка ичак, қорин бўшлиғида қон кетиши, 5 та қовурғанинг синиши ва бошқа жароҳатлар оқибатида юз берганини қайд этди. Унинг айтишига қараганда, барча жароҳатлар қаттиқ ва ўтмас шаклдаги буюмнинг кучли зарбаси таъсирида етказилган. Ўрни келганда шуни таъкидлаш жоизки, тиббий экспертиза хулосасига қараганда, одам мушти ҳамда оёғи (тепки) ҳам ана шу тўмтоқ буюмлар сирасига киради.
Суд чоғи марҳум ва жабрланувчи тарафнинг шахсига ҳам аниқлик киритилди. Гувоҳ Аҳмад Эминов ва Бекмурод Жўраевнинг таъкидлашича, марҳум Н. Раҳматов ва жабрланувчи Р.Бобоқулов маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлган. Аммо кейинги пайтларда улар ичкиликка берилган.
Суд марҳум Н. Раҳматовнинг ўлимида Бобоқуловлар хонадонига яқин бўлмиш бошқа шахслар, хусусан, жабрланувчи ва унинг яна бир ўғли — Б. Бобоқуловнинг ҳам қўли борлиги ҳақидаги даъвони ҳам ўрганиб чиқди.
Бироқ суд муҳокамаси чоғида аниқланган ҳолатлар бу эътироз асоссиз эканини кўрсатди.
Қисқаси, суд жараёнида Н. Раҳматовнинг ўлимига Р. Бобоқулов ва Р. Раҳимовнинг қўпол ҳатти-ҳаракати сабаб бўлгани ҳақидаги айблов ўз исботини топди. Шу билан бирга Н. Раҳматовнинг ўлими қасддан қилинган ҳаракат натижасида эмас, балки жиноий эҳтиётсизлик оқибатида юз бергани яққол ойдинлашди. Суд бу ҳолатларнинг барини эътиборга олди.
Айрим ҳолатларни қонун талабига мослади. Пировардида Жиноят кодексининг 104-моддаси 3 қисми “д” банди айбланувчиларга нисбатан тўғри қўлланилганини эътироф этди. Ана шу модда талаблари доирасида Р. Бобоқулов ва Р. Раҳимовга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Албатта, бу фожеали воқеа ҳар бир кишини ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди. Агар эътибор берилса, бу мудҳиш воқеани рўй беришига ҳаётга енгил қараш, ақл билан иш тутмаслик ва ниҳоят, ичкиликка муккасидан кетиш сабаб бўлганини кўриш мумкин. Бунинг устига марҳум Н. Раҳматов ҳам, Р. Бобоқулов ҳам ёшларга тўғри йўл кўрсатадиган, панд-насиҳат қиладиган ёшга етганига қарамай ичкиликка рўжу қўйишгани, қўни-қўшничилик ва қариндошчилик ҳақини унутиб, аянчли якун топган жанжал кўтаришганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини жорий этиш турли низо ва фожиаларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бу оила, маҳалла, кенг жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.
Ўктамбой Машарипов,
жиноят ишлари бўйича
Шовот тумани суди раиси
Фикр қолдириш