ИШ БЕРМАГАН ҲИЙЛА: СУД ТОВЛАМАЧИГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ

Хивалик Ёрқин Холмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Урганч шаҳрида гурланлик Шаҳло Собирова билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат чоғида Шаҳло Ёрқинга тумандаги «Чинобод орзу биолаборатория 1» масъулияти чекланган жамиятида раҳбар бўлиб ишлагани, лабораторияни «Чинобод» муқобил машина-трактор парки раҳбари Тўхта Дўсжонов хусусий мулк сифатида сотиб олиб, уни 120 миллион сўмга бош­қа бир кишига сотиб юборгани ҳақида гапириб беради.

Аёлнинг сўзларини эшитган Ёрқин дарҳол «беминнат» ёрдамга тайёрлигини билдиради. У «Чинобод орзу биолаборатория 1» масъулияти чекланган жамиятининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ваколатли юридик шахс мақомида ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Муаммолар гирдобида қолган аёл «осмондан тушган ҳамкор»нинг шартига осонгина кўнади. Шундан сўнг сонда бор-у, саноқда йўқ лабораторияга Ёрқин Холмуродов мудир қилиб та­йинланади.

Ёрқин лабораториянинг янги раҳбари сифатида бу ерда юзага келган нохуш вазият билан атрофлича танишади, мижози тарафидан тақдим этилган ҳужжатларни синчиклаб ўрганади. Сўнгра белни маҳкам боғлаган куйи «иш»га киришди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у томонидан ёзилган ариза ва шикоятлар турли идораларга юборилади. Бунинг ортидан «текшир-текшир»лар бошланади. Тафтишу текширувлардан безор бўлган лабораториянинг янги эгалари ўзаро келишувни таклиф этади. Айни шу таклифни кутиб турган Ёрқин очиқчасига товламачилик йўлига ўтиб, лабораторияга етказилган «зарар»нинг миқдори 200 миллион сўм эканини айтиб, ушбу талаб бажарилган тақдирдагина «ёз-ёз»ларга чек қўйилиши мумкинлигига шаъма қилади. Томонлар ўртасидаги кескин баҳс-мунозара 180 миллион сўм миқдоридаги товон тўловига оид келишув асносида ниҳоясига етади. Лабораториянинг янги эгалари ушбу миқдордаги пулни муассасанинг кўп йиллик раҳбари Ш. Собировага топширмоқчи бўлганида Ёрқин бунга рози бўлмайди. У пулни шахсан ўзига топширишни талаб қилади.

Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ ўтган йилнинг 17 август куни Урганч шаҳрида учрашишади. Жавобгар томон келишилган 180 миллион сўмнинг 116 миллион сўми ёнида эканини маълум қилади.

Масаланнинг чигал тарафи шунда эдики, томонлар гарчи битимга эришган бўлса-да, бир-бирига нисбатан ҳануз рақиб­лигича қолишган эди. Шу боис Ёрқин пулни шу ернинг ўзида санаб олиш ҳақидаги таклифни рад этади.

Ўзини устамон санаган Ёрқин ҳийла ишлатиб, пулни «ишончли» ошнаси орқали олишга қарор қилади. У Хива туманининг Журён қишлоғида яшовчи таниши Ш. Машариповга телефон қилиб, бир нотаниш киши томонидан олиб бориладиган пулни олиб қолишни илтимос қилади.

Аммо Ш. Машарипов 116 миллион сўм пулни қабул қилиб олгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларининг сўроғига жавоб беришга мажбур бўлди. Натижада товламачи Ё. Холмуродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Ё. Холмуродов тергов ва судда айбини тан олмасдан, 180 миллион сўм миқдоридаги пулга нисбатан даъво ўзи ва анча йиллардан буён фаолият кўрсатмаётган лабораторияга етказилган моддий зиён қопланмагани оқибатида пайдо бўлганини тинимсиз таъкидлади. Ушбу зиён мавжуд эмаслиги борасидаги далилларни тан олмади.

Судда низоли масала атрофида аслида товламачлик ҳолати юз бергани аниқ-равшан тасдиғини топди. Суд айбланувчи Ё. Холмуродовга амалдаги Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Жабрланувчиларга жиноят натижасида етказилган моддий ва бошқа зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шу тариқа адолат қарор топди. Товламачилик орқали бировнинг ҳақини ўзлаштирмоқчи бўлган кимса қонуний жазосини олди.

Ҳамид АВЕЗОВ,

жиноят ишлари бўйича

Хива шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: