ЎҒРИГА АЙЛАНГАН ҚЎРИҚЧИ
Ҳеч кимга сир эмас, инсон эл-юрт олдида ҳамиша ёруғ юз билан юриши аввало унинг тарбиясига боғлиқ. Ҳар бир қадамни ўйлаб босиш, ўз-ўзини назорат қилиб бориш тарбия маҳсулидир.
Ҳаётда шундай қинғир ишлар бўладики, у ҳақда эшитган вақтимизда беихтиёр «Туппа-тузук йигит эди-ку, нима жин уриб номақбул ишларни қилибди?» — дея ҳайрон қоламиз. Аслида бунинг сабаби ўз вақтида тарбияда йўл қўйилган кемтикликка бориб тақалади. Суд амалиётида бунга мисоллар етарлича топилади.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг қора курсисида ўтирган Акмал (исмлар ўзгартирилган) ҳақида уни таниган-билганлар яхши фикрларни айтиши мумкин. Унинг ўғрилик қилишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Гап шундаки, у «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли корхонада қўриқчи лавозимда ишлаб, озми-кўпми ҳамкасбларининг ишончини қозона олган.
Кунларнинг бирида ундан ҳамкасби Тўрабек телефонига «Click» дастурини ўрнатиб беришни сўрайди. Телефонга бундай хизматларни қандай ўрнатишни яхши тушунмаслигини айтиб, унга ўзининг телефонини ва пластик картасини ташлаб кетади.
Бундан Акмал «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлади. У ҳеч иккиланмай ўзининг телефонидаги «Оson» дастурига ҳамкасбининг пластик картаси рақамларини ўрнатиб олади.
Орадан тахминан 10 кун ўтгач, икки марта Тўрабекнинг пластик картасидан 5 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини ечиб олади.
Сўнгра танишидан олган 4 миллион 500 минг сўм қарзини узади.
Лекин чучварани хом санаган Акмал суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди.
Хулоса шуки, ҳаёт йўллари мураккаб бўлиб, ҳамма унда учрайдиган муаммоларнинг тезроқ ҳал бўлишини истайди. Лекин бунда инсоннинг қай даражада вазмин бўла олиши, ўзини назорат қилиши, мулоҳаза билан иш тутиши олган тарбиясига боғлиқ. Зеро, тарбия ҳаёт-мамот масаладир.
Шерзод ЮЛДАШЕВ,
Музаффар КУКИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани суди судьялари
Фикр қолдириш