ЎН ОЛТИ КУНЛИК “ТАНАФФУС” ЁХУД ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН ЖИНОЯТЧИ ЯНА ЖАЗОЛАНДИ

Тошкент вилоятида яшовчи Рашид Ёрқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 30 октябрь куни ўзига тегишли бўлган автомашинани кўчада қолдириб, ишхонасига киради. У ишларини якунлаб чиққач, автомашинанинг жойида йўқлигини кўриб, дастлаб ҳайрон бўлади. Сўнгра бу ҳақда ички ишлар идорасига хабар беради.

Янгийўллик Ҳусан Бобоназаров ўша куни ёлланма ишчи сифатида ишлаш учун Нурафшон шаҳрига келганди. У кечқурун ишдан чиқиб, ошхоналардан бирида спиртли ичимлик истеъмол  қилади. Сўнг маст ҳолда кўчага  чиққач, йўл бўйида турган оқ рангли “Жентра” русумли автомашинага кўзи тушади. Автомашинага яқинлашиб, унинг эшиги очиқлиги ва калити ўт олдириш тизимида қолдирилганини кўриб, фикри бузилади. У ўйлаб ҳам ўтирмай автомашинани олиб қочади. Аммо автомашинани катта тезликда ҳайдаб кетаётганда  рўпарадан келаётган “Спарк” русумли автомашина билан тўқнашиб кетади.

— Машинангизни ўзим таъмирлаб бераман, — дейди у шоша-пиша  жабрланувчи ҳайдовчига.

Қисқаси, ўша паллада Ҳ. Бобоназаров жабрланувчининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, яна йўлга тушади. Бироқ у автомашинани катта тезликда ҳайдагани сабабли бошқарувни йўқотиб қўяди ва ариққа тушиб кетади. Иложсиз қолган Ҳ. Бобоназаров автомашинани ташлаб, воқеа жойидан  қочиб кетади.

Р. Ёрқуловнинг мурожаатига асосан жиноятчининг изидан тушган изқуварлар тез орада уни қўлга олишади. Шундан сўнг унга  нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд судланувчини Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, ўн  йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида Ҳ. Бобоназаровдан жабрланувчига етказилган 19 877 836 сўмлик моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Спарк” русумли автомашинасига етказилган зарар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси билан қўзғатилган маъмурий иш доирасида ҳал қилиниши тушунтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “а” бандида транспорт воситасини такроран ёки хавфли рецидивист томонидан олиб қочганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Буни таъкидлашдан мақсад шуки, Ҳ. Бобоназаров 3 йил муқаддам ҳам худди шундай қилмиши учун жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига мувофиқ, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. Сўнг у жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг 2022 йил 14 октябрдаги ажримига асосан ўталмай қолган 2 йил 4 ой 27 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Афсуски, у атиги 16 кунлик “танаффус”дан сўнг яна жиноятга қўл урди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳаётда бировнинг ҳақи ҳеч қачон бошқага буюрмаган. Қолаверса, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди.

Баён этилган воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.

Ғофур ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нурафшон шаҳар

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: