КРЕДИТ ШАРТНОМАСИ МАЖБУРИЯТЛАРИ: ИЖРО, МАСЪУЛИЯТ ВА ЖАВОБГАРЛИК
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бироқ амалиётда тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бежармаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндир. Шунингдек, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.
Кредит шартномаси бўйича банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарз олувчига шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари, кредит бериш, қарз олувчи эса, олинган пулни қайтариш ҳамда унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Амалдаги қонун ҳужжатларида кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш, ҳисобвараққа ўтказиш бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб; қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келиши қайд этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, амалиётда кредит шартномаси бўйича қарз олувчи ўз мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажармаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бундай низоли ҳолатлар судларда кўриб чиқилиб, адолатли ҳал этилмоқда.
Буни Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилда 285 та кредит шартномаси билан боғлиқ низолар кўриб чиқилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Мисол учун айтадиган бўлсак, Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси иқтисодий судга «Агробанк» манфаатини кўзлаб даъво аризаси билан мурожаат этган. Яъни 2020 йил 17 сентябрдаги кредит шартномасига мувофиқ «Гулсанам Хамидулло Қудратилло» фермер хўжалиги ҳисобидан 31 миллион 917 минг сўм асосий қарз, 260 минг сўмлик унга ҳисобланган фоизлар — жами 32 миллион 177 минг сўмни ундириб беришни сўраган.
Суд даъво талабларини қисман қаноатлантириб, фермер хўжалиги ҳисобидан банкнинг фойдасига 18 миллион 280 минг сўм асосий қарзни ундириб бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафлар учун бирдек фойдали бўлиши баробарида иқтисодиётни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Шуҳрат Тўхтабоев,
Янгиқўрғон туманларо
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш