УНДИРИЛГАН УЛУШ ФАРЗАНДЛАР КЕЛАЖАГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилада эркак ва аёлга ўзига яраша масъулият, бурч ва вазифалар юклатилган. Айнан оила умримизга мазмун, ҳаётимизга файз бағишлаб, жамият равнақи ва юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Зеро, соғлом муҳит барқарор бўлган оилаларда соғлом ва юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатадиган фарзандлар камол топади. Аммо ҳаётда ўз оиласи олдидаги масъулияти, бурч ва вазифаларини унутган кимсалар ҳам учраб туради.

Китоблик Жавлон Фозилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қўшни қишлоқда истиқомат қилувчи Дилрабо Салимовага кўнгил қўйиб уйланди. Бу орада уларнинг уч нафар фарзанди дунёга келди.

Тақдир экан, кейинчалик фарзандларидан бири ҳаётдан бевақт кўз юмди. Энг ёмони, эр-хотин фарзандининг ўлимида бир-бирини айбдор санагани туфайли ўртадаги муносабатларга дарз кетди, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат йўқолди.

Шундан сўнг Дилрабо икки фарзанди билан ота уйига қайтиб боришга мажбур бўлди. Бу орада Жавлон Назокат исмли аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олди. Д. Салимова эса, фарзандлари келажагини ўйлаб, Ж. Фозилов билан ўзаро турмуш кечирган даврда қурилган уйдан ўз улушини ажратиб беришни сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

— Жавобгар яшаб келаётган уй-жой қурилишига менинг ҳам меҳнатим синган, — деди у суд жараёнида. — Ҳозирда икки нафар фарзандим ўзимнинг қарамоғимда. Уч хонадан иборат олди пешайвонли уй қурганмиз. Бу уйни бозор нархида баҳолаб, менинг улушимни ундириб беришингизни сўрайман. Чунки айни пайтда фарзандларим билан қийин шароитда яшаб келмоқдаман.

Буни қарангки, Жавлон Фозилов даъво талабини тан олмасдан, уй-жойдан даъвогарга тегишли бўлган улушни нақд пул ҳисобида тўламаслик илинжида турли важларни ўйлаб топди.

Аммо қонун жабрланувчининг манфаатларини ёқлади. Хусусан, Оила кодексининг 23-моддаси 1-бандида “Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилганига қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ва никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади”, дея қайд этилган.

Суд ушбу қонун талабига асосан экспертиза тайинлади. Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза Маркази Қашқадарё вилояти бўлимининг 2023 йил 7 мартдаги хулосасида Жавлон Фозиловнинг номида бўлган низоли уйнинг экспертиза ўтказиш вақтидаги умумий баҳоси 169 миллион 467 минг 476 сўмга тенглиги қайд этилган.

Суд қонун талабларига таянган ҳолда даъвони қаноатлантириш ҳамда жавобгардан даъвогар фойдасига низоли уй-жойнинг иккидан бир қисми миқдоридаги ҳиссасини (84 миллион 733 минг 738 сўм) ундириб бериш тўғрисидада ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, ҳаётда амалдаги қонунларни яхши билган, унга риоя қилган киши ҳеч қачон ютқазмайди. Д. Салимова ҳам қонунга мувофиқ иш тутиб, фарзандлари билан узоқ йиллар яшаб келган уй-жойдан ўз улушини ажратиб олишга муваффақ бўлди. Эндиликда бу маблағ фарзандларининг келажаги учун сарфланади.

Сарвар Мустафоев,

фуқаролик ишлари бўйича

Шаҳрисабз туманлараро суди судьяси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: