СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ ҲАМ СУДЬЯГА, ҲАМ ТАРАФЛАРГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТАДИ
Маълумки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2021 йил 16 сентябрь куни қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қонун билан бир қатор кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунда қайд этилишича, энди суд ҳужжатларида (ажримлар, ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, апелляция ва кассация шикоятлари (протестлар), баённомалар ва бошқалар) бошқа маълумотлар билан бирга суд ишининг рақами ҳам кўрсатилиши лозим.
Шунингдек, судьяларнинг «E-XSUD» ахборот тизимидан суд ҳужжатларини рақами бўйича олишига имконият яратилгани муносабати билан апелляция ва кассация шикоятларига (протестига) иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинишига оид талаб чиқариб ташланди.
Айниқса, Фуқаролик процессуал кодексининг «Соддалаштирилган тартибда иш юритиш» деб номланган 25-1-боб билан тўлдирилиши ҳам судьяга, ҳам тарафларга қулайлик яратади. Унда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар, уларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, бу борадаги даъво аризага қўйиладиган талаблар белгиланди. Мазкур боб кодекснинг 279-1 – 279-5, 284, 385-1, 386 ва 395-моддаларини ўз ичига олади. Хусусан, 279-1 – 279-5-моддаларга биноан, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса, беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Бунда ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди. Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтириш, эътироз ва важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарори қабул қилади. Ҳал қилув қарори ушбу кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради. Борди-ю, апелляция шикояти (протести) берилса, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Тарафларга қулайлик яратиш мақсадида кодекснинг 284-моддаси «Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафларга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай топширилгани маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, у электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин» тарзида баён этилди. Шунингдек, кодекснинг 385-1-моддаси «Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин» деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.
Бундан ташқари кодекснинг 395-моддаси «Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади» деган мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.
Хулоса қилиб айтганда, соддалаштирилган иш юритиш тартиби судларни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади.
Ўткиржон ИСМОИЛОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш