“ХОРАЗМ ҒУНЧА” МЧЖ ИШИГА ОИД
2020 йил 9 январда YouTube тармоғида эълон қилинган “Хоразм Ғунча” масъулияти чекланган жамияти ишига оид видеомурожаат (https://www.youtube.com/watch?v=VPTuaVOZ4iE) юзасидан маълумот
Хива шаҳар ҳокимлиги Боғот туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар “Хоразм Ғунча” масъулияти чекланган жамиятига ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмани бузиш ва 9 095 444 сўм етказилган зарарни ундиришни сўраган.
Боғот туманлараро иқтисодий суди 2019 йил 16 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар “Хоразм Ғунча” масъулияти чекланган жамияти зиммасига Хива шаҳридаги “Гулшан-2” маҳалласи худудида жойлашган жами 1 366 кв. метрда қурилган ноқонуний қурилишлар ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг 10 кунлик муддатда ўзининг ҳисобидан бузиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
Боғот туманлараро иқтисодий суди 2019 йил 16 августдаги қабул қилган ҳал қилув қароридан норози бўлиб, унинг устидан жавобгар “Хоразм Ғунча” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хоразм вилоят иқтисодий судига апелляция шикоятига келтирилган.
Хоразм вилояти иқтисодий суди апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 9 октябрдаги қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирмасдан, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Боғот туманлараро иқтисодий суди ҳал қилув қарори ҳамда вилоят иқтисодий суди апелляция судлов ҳайъатининг қарори устидан жавобгар “Хоразм Ғунча” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 декабрдаги қарори билан Боғот туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 16 августдаги ҳал қилув қарори, Хоразм вилоят иқтисодий судининг 2019 йил 9 октябрдаги қарори бекор қилиниб, иш янгитдан кўриш учун Урганч туманлараро иқтисодий судига юборилиб, назорат шикояти қисман қаноатлантирилган.
Мазкур иш Урганч туманлараро иқтисодий судида янгитдан кўриб чиқилиши маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш