ЎЗБЕКИСТОН СУД ИСЛОҲОТИ ТИЗИМИДА ҚАЙСИ ЙЎЛДАН БОРМОҚДА?

«Асосий мақсадимиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир».
Шавкат МИРЗИЁЕВ

 Тарихнинг бисоти –– халқнинг закосидан ҳосил бўлган маҳзан аслида. Маъдани ядун –– маънавий бойлик, деб ҳам атаймиз уни. Миллатнинг интеллектуал салоҳияти ана шу бисотнинг салмоғи билан белгиланади. Зеро, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” деган пурмаъно сўзлар замирида ҳам шу ҳикмат зоҳир. Халқимиз чин маънода улуғвор ўтмиш соҳиби. Дунёга донг таратган бунёдкорлик намуналари, шон таратган ўғлонларига эга. Зеро, ота-боболаримиз яратган барча ўлмас қадриятлар – бебаҳо меросимиз улуғ ишларга қодир халқнинг давомчилари эканимиздан шаҳодат бериб турибди. ХудоёрМАМАТОВ,Юристлар малакасини ошириш марказидиректорининг биринчи ўринбосари,юридик фанлари доктори, профессор.

01.JPG

 Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган. Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштиришнинг долзарблиги бир қатор омиллар билан изоҳланади. Улар асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан асослаб берилган. Хусусан, 2017 йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев – адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади. “Бу борада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Бу ҳақиқатни биз бугунги кунда, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тобора чуқур ҳис этмоқдамиз», деди Президентимиз. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга қайд этилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев бу борада ҳали ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммоларни атрофлича таҳлил қилиб, муҳим амалий хулосалар чиқаришга қаратилган кечиктириб бўлмас вазифаларни белгилаб берди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани,Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг яққол исботидир. Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди. Давлат ўз ваколатини давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан бўлишар экан, бундан, унинг кучи қирқилиб, ҳокимият сифатидаги таъсир қуввати заифлашиб қолади деган хаёлга бормаслик керак. Чунки, кучли давлатнинг қудрати– фуқароларининг унга нисбатан хайрихоҳлиги, давлатнинг ўз халқига қанчалик эркинлик ва имкониятлар яратиб берганлиги билан белгиланади. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 400га яқин суд мавжуд бўлиб, бу судларда қарийб 1400 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ амалда жорий этилаётган чора-тадбирлар, хусусан, судлар тўғрисида, прокуратура тўғрисида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида, судларни жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ихтисослаштирилиши муносабати билан қатор кодекслар ва қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши одил судлов даражасини янги сифат босқичига кўтариб,ишларни кўриб чиқиш муддатларини анчайин қисқартириш имконини таъминлади. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 400га яқин суд мавжуд бўлиб, бу судларда қарийб 1400 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Ислоҳотлар, пировардида судлар воситасида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш асносида, бу жараённинг истисносиз барча босқичларида ҳар иккала томоннинг тенглиги ва ўзаро беллаша олиши учун имкон яратиб бериш, айниқса, иқтисодиёт соҳасида содир этилган жиноятлар учун жазоларни сезиларли тарзда енгиллатиш ҳолатларини амалда таъминлади. Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу каби ўзгаришлар кўпчилик томонидан қизғин маъқуллангани бежиз эмас, чунки халқимиз шўролар тузуми даврида, ҳаттоки мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам бу каби ноҳақликлардан жуда кўп марта жабр чеккан, зада бўлган эди. “Пахта иши” билан қатағон қилинган минг-минглаб юртдошларимизнинг мол-мулки мусодара қилиниб, оила аъзолари ночор аҳволга тушиб қолган кунларни эслашнинг ўзи кифоя – ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Энди кимнингдир жинояти ҳисобига унинг оила аъзолари, болаларининг ризқи кесилмайди. Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда. Табиий бир савол туғилади: мавжуд тизимни янгилаш, уни модернизация қилиш учун қандай зарурат бор эди? Эркин фуқаролик жамиятининг муҳим жиҳатларидан бири Президентимиз таъбири билан айтганда, “халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши лозимлигидан иборат”. Ислоҳотлар жараёнида судларнинг мавқеини илғор мамлакатлардаги одил судлов идоралари билан тенглаштириш мақсадида, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига амал қилиш йўлидан борилаётгани ҳам судларнинг халққа тобора яқинлашаётганидан, жамиятнинг маънан соғломлашиб бораётганидан дарак беради. Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда. Табиий бир савол туғилади: мавжуд тизимни янгилаш, уни модернизация қилиш учун қандай зарурат бор эди? Жавоб ахтариб узоқ кетишнинг ҳожати йўқ, уни яқин ўтмишимиздан топамиз. Маълумки, собиқ тоталитар тузум шароитида суд ҳукмрон партиянинг тўқмоғи вазифасини ўтарди. Худди эртакдагидек, унга хўжайин томонидан “ур тўқмоқ” деб топшириқ берилса бас, айбдорми, айбсизми барчани бирваракайига саваларди. Шунинг оқибатида суд одамларнинг кўз ўнгида жазоловчи, қораловчи, озодликдан маҳрум этувчи орган сифатида гавдаланди. Фуқаролар суднинг одиллигига, унинг ҳақиқат ёки адолат посбони эканига ишонмай қўйишди. Шунинг учун ҳам, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг туб моҳияти – судларни том маънода халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чинакам ҳимоя қиладиган органга айлантиришдан иборат бўлди. Суд, том маънода халқнинг суянчиғига айланмоғи даркор. Унинг олдида турган эндиги вазифа, суд ҳокимияти, суд органлари ўз мустақиллигини мустаҳкамлаб, ҳаммага ҳам бир кўз билан қараши – бу оддий фуқароми ёки мансабдор ва амалдорми – ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун устуворлигини таъминлаши даркор. Дарҳақиқат, 13 июнь куни Тошкентда бошланган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий судлов тизими: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиси, Россия Федерацияси Олий судининг судьяси Юрий Иваненко ўз маърузасида Буюк бобокалонимиз, атоқли шоир Алишер Навоийнинг судья (қози) шахсига нисбатан билдирган қуйидаги сўзларига алоҳида эътибор қаратиб: “Судьянинг юраги маънан тоза, унинг тафаккури эса аниқ билимларга таяниши керак. Унинг юраги шахсий манфаатлардан холи, ўзидан иккиюзламачиликни соқит қилган бўлиши лозим. У ҳар бир инсонни одил тарзда суд қилиш лозим”. Менинг фикримга кўра, шоирнинг фикрлари одил судловнинг замонавий стандартларини ўзида акс эттирган”, дейди Россия Олий суди судьяси. Бир нарсани тан олишимиз керак: судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг уларга нисбатан ишончининг ортиши, жамиятимизда кенг кузатила бошланди. Социологик тадқиқотлар, ўз муаммоларига ечим топиш учун, арзларини икки энлик қоғозга тушириб, турли катта-кичик ташкилотларнинг қабулхоналарида сарғайиб юргувчиларнинг сони камайиб, судларга мурожаат этишлар кўпая бошлаганини эътироф этмоқдалар. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан ҳам дарак беради. Айниқса, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш; иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш; учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар. Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган. Хусусан, Навоий ҳазратлариқози-ю қуззот зикрида қалам тебратиб шундай ёзадилар: “Мустақим хат, ҳар қаёнким, майл қилди эгри бўлди. Соз торидекким, эътидолдин тажоввуз қилди, тузуки бузилди. Улки ҳукми эл моли ва жониға жорий бўлғай, керакким, даъби муқмир шиори бўлғай ”. Яъни, мустақим (жимжимдор) ёзув ҳар қаёққа қийшанглагани боис ҳарфлари эгри бўлди.Зеро, қонун сознинг торидек нозикки, бир пардага адашиш,мусиқани издан чиқаради. Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Шу ўринда фаранг файласуфи Дени Дидронинг қуйидаги фикрларини ҳам келтириб ўтиш ўринли бўлади: “Икки турдаги қонунлар мавжуд, – дейди у ўша замондаги судлар ҳақида фикр юритиб. – Бириси, сўзсиз адолатли ва умумий аҳамиятга эга. Бошқаси эса одамларнинг омилиги ёки замона зайли туфайли эътироф этилган бўлади. Мана шу турдаги ажримлар судлар ва халқлар шаънига доғ бўлиб тушадиган бадномликларга сабаб бўладилар. Эндиликда ким шарманда – Суқротми ёки уни ноҳақ заҳар ичишга мажбур қилган судьями?” Конституциявий-ҳуқуқий соҳада давлат тузилмалари фаолияти натижаларини баҳолашнинг яна бир муҳим шарти, жамиятдаги ҳуқуқий онг, юридик маданият даражасидир. Яъни соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларнинг натижаси ҳуқуқий онгнинг мавжуд даражасидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади. Ҳуқуқий тарбия билан боғлиқ фаолиятни, шу жумладан давлат-ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятни ҳуқуқий онг – шахс, гуруҳлар ва жамият ҳуқуқий онгларига бўлинишига асосланган ҳолда амалга ошириш керак бўлади. Бунда якка шахс ва гуруҳлар ҳуқуқий онги ижтимоий тусга эга. Жамият ва гуруҳлар ҳуқуқий онги якка тартибдаги (шахсий) ҳуқуқий онгдан ташқарида мавжуд бўлмайди. Ҳуқуқий воқеаликни акс эттириш чуқурлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий онг уч даражага, яъни: одатий (эмпирик), илмий (назарий) ва касбий даражаларга бўлинади. Конституциявий маданият даражасини ошириш бўйича ишлар ана шуни ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоғи лозим. Одатий онг ўз-ўзидан, муайян турмуш шароитлари, шахсий ҳаётий тажриба ва аҳоли фойдалана оладиган ҳуқуқий таълим таъсири остида пайдо бўлади, назарий онг эса анча кенг ва чуқур ҳуқуқий умумлаштиришлар, ҳуқуқий воқеликни билиш асосида шаклланади. Аввало айнан назарий ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражаси Ўзбекистон қонун ҳужжатлари сифатини, унинг ривожланиш йўналишларини белгилайди. Илмий ҳуқуқий онг – ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқишнинг бевосита манбаи. У юридик амалиётни такомиллаштиришга хизмат қилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – “…фуқаро, агар унинг қонуний манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган тақдирда, ҳар қандай масала бўйича ҳимоя учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмоғи даркор!” . Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир. Юқоридагилардан шундай хулосага келишимиз мумкин. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир. Унинг келажак истиқболи ҳақида гапирганда шуни ёдда тутмоқ керакки, суднинг адолатлилиги судьяларнинг одиллиги билангина белгиланмайди, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқини нечоғлик билиши – ҳуқуқий маданияти адолат тарозисининг мувозанатини белгилайди. Ёки буюк аждодимиз Абу Наср Форобий“Фозил одамлар шаҳри“ асарида таъкидлаганидек: “Билим ва фан, ахлоқ ва маърифат соҳасида юксак даражага кўтарилган жамиятгина ижтимоий тараққиётда самарали натижаларга эриша олиши мумкин”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “…айни пайтда қўлга киритилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим”.  

ЎзА 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: