САЙЛОВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БОРМИ?
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Андижон, Наманган, Фарғона вилояти маъмурий судлари судьялари иштирок этган тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” лойиҳаси III босқичи доирасида ташкил этилди.
Айни кунларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон. Янги сайлов” шиори остида ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Семинарда Сайлов кодекси ва ундан ўрин олган 30 дан ортиқ янги нормаларда ўз ифодасини топган кўплаб ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, “Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим жиҳатлари таҳлили”, “Сайлов ҳуқуқига оид низоларни суд томонидан кўриб чиқилиши бўйича халқаро тажриба” мавзуларида маърузалар тингланди.
– Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган, – дейди Фарғона вилояти маъмурий суди раиси А. Эранов. – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайловга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи 8 та модда ўз ифодасини топган. Бугун ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва масъул ходимлари, Тошкент давлат юридик институтининг профессор-ўқитувчилари бу борада батафсил тушунтириш берди.
Қизғин савол-жавоблар тарзида ўтказилган семинарда кўтарилган масалалар келгусида судлар томонидан сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқилишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
ЎзА
Фикр қолдириш