ВАТАННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ
«Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!» Нақадар гўзал, нақадар фахрли ибора. Озод бўлган Ватаннинг аскарлари илк бор мана шу муқаддас каломни тилга олганида бунинг нечоғлик аҳамиятли ва муҳим эканини, албатта, юрак-юракдан ҳис этишган. Миллий армиямиз сафларида хизмат қилишга киришаётган йигитлар ўзининг жонажон Ватанига, Ўзбекистонга ана шу тарзда содиқлик ваъдасини беради.
Бугун профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини қўриқлашга, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаяпмиз. Албатта, миллий армиямизнинг бугунги замонавий қиёфаси, юқори жанговар қобилияти ўз-ўзидан шаклланиб қолган эмас. Бунинг ортида кўплаб инсонларнинг фидойилиги ва ватанпарварлиги мужассам.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилган илк йиллари аввало ҳарбий кадрлар танқислиги юзага келди. Истиқлол ҳимоячиси ва таянчи бўлмиш миллий армия олдидаги бу жиддий муаммо мавжуд олий ҳарбий таълим муассасаларини босқичма-босқич кўп тармоқли офицер кадрларни тайёрлаш тизимига ўтказиш билан ҳал этилди. Ўтган тарихан қисқа даврда минтақада энг нуфузли саналган Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ҳамда ҳарбий учувчи, алоқачи, ҳарбий тиббиёт кадрларни тайёрлайдиган мутлақо янги олий ҳарбий таълим муассасалари ташкил этилиб, ҳарбий соҳадаги барча йўналишларда юқори профессионал қобилият ва малакага эга офицер кадрлар тайёрлаш тизими яратилди. Бу эса, Қуролли Кучларимиз таркибини сифат жиҳатидан бутунлай ўзгартириш ва уларни бугунги кун талабларига жавоб берадиган, пухта тайёргарликка, замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган командирлар билан тўлдириш имконини берди.
Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳарбий соҳани модернизация қилиш масаласига алоҳида ёндашилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатдаги ҳарбий қисмлар, дала-ўқув майдонлари ва ҳарбий билим юртларига ташрифлари давомида соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Шундан келиб чиққан ҳолда қисқа давр ичида ҳарбий соҳада тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.
Бунга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:
– Мудофаа Доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди;
– Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил қилинди;
– «Миллий армиямиз — ифтихоримиз ва ғуруримиз» тамойили асосида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди;
– Ўрта мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилиб, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари ташкил этилди;
– Қуролли Кучлар тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди;
– Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий таъминот тизими янада такомиллаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган беш йил том маънода миллий армиямиз учун ҳам туб бурилиш ва янгиланишлар даври бўлди. Давлатимиз томонидан қўшинларимизни ҳар томонлама ривожлантириш, жанговар шайлигини янада ошириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси», Қуролли Кучларни стратегик қўллаш Концепцияси ва Режаси, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги қарор янгидан ишлаб чиқилди, «Ватанга Қасамёд» матни янги таҳрирда қабул қилинди.
Миллий армиямизнинг жанговар қудратини ошириш мақсадида ривожланган мамлакатлар армияларининг илғор тажрибалари чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди. Натижада ҳарбий округлар қўшинлари жанговар таркиби такомиллаштирилди.
Ҳарбий қисм ва муассасалар тўлиқ рақамли алоқа тизимига ўтказилди.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўзига хос ҳимояланган электрон ахборот алмашинуви жорий қилинди. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган мобил қўмондонлик пунктлари яратилди, қўшинлардаги мавжуд мобил алоқа техникалари модернизация қилинди.
Жанговар тайёргарлик машғулотларини сифатли ўтказиш ҳамда юрт ҳимоячиларига муносиб хизмат шароитларини яратиш мақсадида барча полигон ва ҳарбий шаҳарчалар янгидан барпо этилди. Хусусан, ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда халқаро талабларга мос равишда полигонлар янгидан қурилиб, мутахассисларнинг профессионал тайёргарлигини ошириб боришга ихтисослаштирилди. «Чирчиқ» полигони ҳудудида янгидан барпо этилган «Мудофаа вазирлиги моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази» ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарликларини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Бугун янгиланиб, кундан-кунга замонавий қиёфа касб этаётган миллий армиямизда ҳарбий билимлар билан амалий машғулотлар уйғунлигини таъминлаш ҳам устувор вазифалар сирасига киради. Энди олдингидан фарқли ўлароқ, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда жанговар машғулотлар бир неча баробар кўпайтирилди. Ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро ижобий тажриба алмашиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида «Мен ғолиб» шиори остида 3 босқичдан иборат армия ўйинларининг ўтказилиши халқаро мусобақа ва танловларда ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.
Ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий соҳада ҳарбий хизматчилар ва ёш авлодни тарбиялаш ишлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Қабул қилинган маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлигини ошириш Концепцияси ҳамда «Халқ ва армия якдил» тамойили асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳарбий қисм ва муассасаларнинг эшикларини жамоатчилик, айниқса, ёшлар учун кенг очиб берди. Бундай саъй-ҳаракатлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини оширди, ёшларда эса миллий армиямиздан фахрланиш туйғуси ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳи ортди. Бир сўз билан айтганда, армия ва халқ бирлиги мустаҳкамланди.
Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» музейи ҳамда вилоятлар марказларида «Ватанпарварлар боғи»нинг барпо этилиши чин маънода тарихий ўзлигимиздан ҳикоя қилувчи муҳим манбага айланди. Ҳарбий қисм ва муассасаларда буюк аждодларимиз Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди қаҳрамонликлари, ватанпарварлик ва жасоратини намоён этувчи ўқув синфлари яратилди.
Кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор қаратилди.
Натижада юрт посбонларининг хизмат ва яшаш шароитлари яхшиланди.
Шунингдек, 3 765 нафар ҳарбий хизматчининг фарзандлари олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришида қўшимча имтиёз берувчи тавсияномаларга эга бўлишди.
Дунё миқёсида ўтказилиб келинаётган Халқаро армия ўйинлари бугун иштирокчи мамлакатлар Қуролли Кучлари қай даражада маҳоратли экани ҳақидаги тасаввурни шакллантиради. Миллий армиямизнинг халқаро майдонда кўрсатаётган натижаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Вакилларимиз 2019 йили умумжамоа ҳисобида 5-ўринни банд этган бўлса, 2020 йили барча иштирокчи давлатлар орасида 3-ўринни қўлга киритган эди. 2021 йилда эса дунёнинг 11 давлат ҳудудларида 42 мамлакат вакилларидан иборат 277 жамоа — беш минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этган «AрМИ — 2021» Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон ҳарбий жамоалари Хитой, Ҳиндистон, Беларусь, Вьетнам каби кучли жамоаларни ортда қолдириб, 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Ўзбекистон жамоасининг юксак натижалари ва ғалабали иштироки халқаро кузатувчилар томонидан юқори баҳоланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўтган 30 йил ичида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, барқарор тараққиётни таъминлаш вазифасини бажарадиган миллий армиямиз том маънода профессионал жиҳатдан ўзини кўрсата олди. Бу қисқа вақт ичида армия янгидан барпо этилди, ислоҳ қилинди ва бугунги кунга келиб, дунёнинг ривожланган профессионал армиялари қаторидан муносиб жой олди. Бу, албатта, она Ватанимизнинг янада ривожланишига, куч-қудрати ва салоҳияти ортишига хизмат қилади. Бинобарин, Қуролли Кучлар мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи, деган эътирофга бугун ҳар томонлама муносибдир.
Муроджон ҚОДИРОВ,
Олий суд Пленуми ва
Раёсати котибияти бошлиғи
Фикр қолдириш