“ФЕЙСБУК”ДАГИ ФИТНА

Бугунги ахборот асрида барчамиз интернет тизимидан фойдаланамиз. Албатта, бунинг фойдали ва қулай жиҳатлари тўғрисида узоқ гапириш мумкин. Шу билан бирга турли хил нохуш, ҳатто фожиали ҳолатларни келтириб чиқараётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Масалан, суднинг қора курсисида ўтирган Фарҳод Валиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1995 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Эндигина 27 ёшни қаршилаган бу йигит “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги шахсий профили орқали ақидапарастлик ва муттаасиблик ғоялари билан йўғрилган, мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган видеоматериалларни жойлаганликда айбдор, деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, прокурор ва адвокатнинг фикрлари тингланди.

Судда келтирилган далилларга кўра, судланувчи Ф. Валиев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, умумий овқатланиш муассасасида фуқароларга хизмат кўрсатиб келган. Оилали, бир нафар фарзанднинг отаси бўлган ушбу шахс “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги шахсий профилига 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида ақидапарастлик ва муттаасиблик ғоялари билан йўғрилган диний видеоматериалларни жойлаштиради. Бунинг оқибатида эса, вертуал оламдаги яқинлари ва унинг профилини кузатиб борувчи танишларига диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган видеоматериалларни улашади.

Шунга мувофиқ суд Ф. Валиевни Жиноят кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган жиноятни содир этаганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Албатта, суд жараёнида Ф. Валиев қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, афсус-надомат билан қайта-қайта кечирим сўради. Айниқса, унинг кексайиб қолган онасининг аҳволини тасвирлаш жуда оғир. Онаизор ўғлининг қилмишларидан уялиб, бошини кўтаролмай қолди. Бироқ энди буларнинг бари бефойда. Сўнгги пушаймондан ҳеч вақт наф бўлмаган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бугун юртдошларимизни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш мақсадида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилиб, улар огоҳ бўлишга, ҳаётга очиқ кўз билан қарашга чақирилмоқда. Бироқ ҳали-ҳануз ғараз ниятли кимсалар қўлида қўғирчоқ бўлаётган, уларнинг тўрига илинаётган ёшларимиз афсуски, учраб турибди. Баён этилган ҳодиса тафсилоти ҳам ана шундай кимсаларга сабоқ бўлса, ажаб эмас.

Дилмурод Мадаминов,

Наманган вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: