СУДДА ТОВЛАМАЧИ ЭР-ХОТИНГА НИСБАТАН ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Қўқон шаҳрида яшовчи Ботир Ваққосов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йил 28 июнь куни уяли телефони орқали “Одноклассники” ижтимоий тармоғига кириб, “Массаж” деб номланган профилни кўриб қолади. Мазкур профилга кириб кўрганда, у Нозима исмли аёлга тегишли экани аён бўлади.

Чиндан ҳам, ушбу профил шу шаҳарда истиқомат қилувчи Нозима Турғунова томонидан очилган эди. Шундан сўнг Ботир Нозиманинг телефон рақамини сақлаб қўяди.

Бинобарин, кечки пайт – соат 19.00 ларда Telegram мессенжери орқали унинг рақамига “Фақат массажми ёки бош­қа хизматлар ҳам борми?” дея сўров юборади. Бунга эса Н. Турғунова “Барча хизматлар бор, сизга нима керак?” – деб саволга савол билан жавоб қайтаради. Шу боис Б. Ваққосов ўз мақсадини баён қилади. Натижада улар қўнғироқлашиб, учрашишга келишиб олишади. Ботир бозор-ўчар қилиб, соат 23.00 ларда Н. Турғунованинг уйи­га етиб боради.

– Топишга қийналмадингизми? Келинг, ўтиринг, – дея уй тўридаги диван-креслога таклиф қилади мезбон унинг қўлидаги елим халталарни олиб.

– Раҳмат!

Шу тариқа иккаласи бироз суҳбатлашиб ўтиришади. Бир маҳал эшик қаттиқ тақиллай бошлайди. Буни эшитиб, Б. Ваққосов хавотирга тушади.

Н. Турғунова эса, бамайлихотир эшикни очади. Чунки боя Ботир келган заҳотиёқ унга билдирмай, ўзининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Осим Калоновга хабар бериб қўйган эди. Аниқроғи, эр-хотин “ошиқ” йигитни чув тушириш, яъни товламачилик йўли билан унинг пулини қўлга киритишни кўзлашганди.

О. Калонов ичкарига киргач, Ботирни сўроққа тута бошлайди.

– Кимсиз, бу ерга нега келдингиз?, – дейди у ўзини Нозиманинг укаси сифатида таништириб.

Б. Ваққосов хижолатли оҳангда нега келганини айтади. Буни эшитиб, О. Калонов бирдан “рол”га киришади.

– Массажчи бўлса, енгил табиат, дегани эмас-ку?… – дея ўдағайлашга ўтади у.

– Опангиз таклифимга рози бўлгани учун келдим, – деб тушунтиради Ботир ҳам.

– Сиз бу гапингиз билан менинг опамни суюқоёқ аёл сифатида ҳақорат қилдингиз. Шунинг учун ҳозир ички ишлар бўлимига қўнғироқ қиламан, – дейди у дўқ-пўписа қилиб.

Албатта, Ботир “сир”дан ички ишлар ходимлари хабар топса, нафақат оиласи, балки маҳалла-куй, таниш-билишларининг олдида ҳам шарманда бўлишини ўйлайди. Шу сабабли у О. Калоновга ялина бошлайди.

– Илтимос, ука, ундай қилманг. Гап шу ерда қолсин…

Худди шундай ҳолатни, яъни унинг ялиниб-ёлворишини кутиб турган О. Калонов дарҳол мақсадга ўтади.

– Майли, опамга беш юз доллар бериб, рози қилиб чиқиб кетасиз. Кеча ҳам биров икки юз бериб қутулган, – дейди у.

– Ҳозир менда бунча пул йўқ, беролмайман, – дея эътироз билдиради Б. Ваққосов.

Шундан сўнг Нозима Ботирнинг телефонини олиб, хотирасини текшира бошлайди. Кейин у ҳам товламачиликка ўтади.

– Ҳозир хотинингиз, бола­чақангизга қўнғироқ қилиб, шармандангизни чиқараман. Яхшиликча жияним сўраган пулни беринг, – дейди аёл.

– Ҳа, ҳозир минг доллар деб туриб оламиз, сўнг ўзингизга қийин бўлади, – деб гапга қўшилади О. Калонов.

– Мени тўғри тушунинглар. Унча пулим йўқ.

– Бўлмаса, кредит дўконидан беш юз долларлик бирорта товар олиб берасиз, – дея шарт қўяди Нозима.

Бироқ Б. Ваққосов буни ҳам рад этиб, тўловга қийналишини айтади.

Шунда О. Калонов “нарх”ни сал пасайтиради.

– Майли, уч юз доллар берасиз.

У шундай деб Ботирга Нозимадан 300 АҚШ доллари миқдорида қарзи борлиги ҳақида тилхат ёздириб, имзолатиб олади.

– Телефонингиз бизда қолади. Эртага юз доллар олиб келсангиз, телефонни берамиз. Кейин икки юз берсангиз, тилхатни қайтариб оласиз, – деб шарт қўяди.

Орадан тўрт кун ўтиб, Б. Ваққосов шаҳардаги 2-умумтаълим мактаби яқинида О. Калонов билан учрашиб, 100 АҚШ долларини беради. Лекин телефонини қайтариб ололмайди.

– Телефонингиз опамда. Икки юз долларни берсангиз, у телефон ва тилхатни қайтаради, – дейди у.

Қолаверса, вақтинча фойдаланиб туриши учун Ботирга оддий телефон аппаратини беради. Ноилож қолган Ботир эса, 2022 йил 4 июль куни Н. Турғуновага 200 АҚШ доллари беради. Аммо аёл тилхатни қайтаради-ю, уяли телефон шаҳар ички ишлар идораси ходимларида эканини айтади.

– Мен улар билан гаплашиб, телефонингизни олиб бераман. Лекин улар бирор-бир хизмат ёки бозорлик қилиб беришни айтиши мумкин, – дея гўёки ўзини ёрдам берадигандек қилиб кўрсатади.

Бинобарин, эртаси куни Ботир яна унга қўнғироқ қилади. Бироқ Нозима телефон хотирасидан беҳаё фотосуратлар чиққанини, шу боис ички ишлар идораси ходимларига 500 АҚШ доллар бериш лозимлигини, аксинча, мазкур ҳолат расмийлаштирилиб, судга юборилишини айтиб ваҳима қилади.

– Агар иш судга ошадиган бўлса, адвокат ёллайсиз. Кейин суд жарима тайинлайди. Хуллас, бир неча миллионга тушасиз. Бундан ташқари ички ишлар ходимлари қилмишингизни телевидениега ҳам чиқаришмоқчи. Шунинг учун беш юз долларни бериб, қутула қолинг, – дейди у йигитни қўрқитиб.

Аёлнинг сўзлари қанчалик юрагига ғулғула солмасин, Ботир ортиқча лом-мим демайди.

– Хўп, мен пул топиб келаман. Сиз улар билан гаплашаверинг, – дея ортига қайтади.

Аммо Б. Ваққосов пул қидириш ўрнига рўй берган воқеа юзасидан шаҳар ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Пировардида айни мурожаат бўйича тезкор тадбир ўтказилиб, Н. Турғунова уйида Б. Ваққосовдан 300 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланади. Сўнгра шаръий эр-хотинга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди иккала товламачини Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, Осим Калоновга муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Нозима Турғуновага эса, озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қинғир йўл билан бировнинг ҳақини ўзлаштирмоқчи бўлганлар ҳамиша адашишади. Чунки ўзганинг ризқи ҳеч қачон бошқага буюрмайди. Бу — кўп бора исботланган ҳаёт ҳақиқати.

Қобилжон АБДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: