ЁМОН НИЯТ КАСРИ
Халқимиз «қинғир иш — келтирар ташвиш», деб бежиз айтмаган. Шуҳрат Чориев (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу ҳикматни аввалроқ англаб етганида, бу ножўя ишга қўл уриб, суднинг қора курсисига юзи шувут бўлиб ўтирмаган бўлар эди.
Мамлакатимизда ов қуроли ва ўқ-дориларни ноқонуний тарзда сақлаш, уни қўлбола усулда ясаш, шунингдек, қурол — яроғ савдоси билан шуғулланиш таъқиқланган. Шунга қарамасдан Шуҳрат Чориев Интернет орқали қўлбола ов қуроли ясашни ўрганишга киришди. Ўзи ясаган ов милтиғининг ҳақиқийсидан қолишмаганини кўрган Шуҳрат уни сотиб, мўмай даромад олишни режалаштирди. Орадан кўп вақт ўтмай, қўшни маҳаллада яшовчи Шермат исмли йигит бир танишига ов милтиғи зарурлигини айтиб, унга «буюртма» берди.
Шуҳрат янги «харидорга» қўлбола ов милтиғини 2 миллион 600 минг сўмга сотаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди. Суд мажлисида Шуҳрат «оқибатини ўйламабман», дея айбини хаспўшламоқчи бўлди. Аммо суд унинг жиноий ҳаракатларини ўрганиб чиқиб, қонуний жазо тайинлади.
Ўйламай босилган қадам Шуҳрат учун шу тариқа аянчли якун топди.
Ҳолбуки, у ҳар бир ишга ақл билан ёндашганда гулдек умрининг навқирон палласини темир панжара ортида ўтказмаган бўлар эди.
Воҳид Норбеков,
жиноят ишлари бўйича
Термиз шаҳар суди судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш