ДАЛИЛГА АСОСЛАНМАГАН ХАБАР ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ
Маълумки, ҳар бир хабар, маълумот ёки мақола аниқ далилларга таянган ҳолда эълон қилиниши шарт. Чунки кимнингдир обрў-эътиборини тўкиш, қадр-қимматини топташга қаратилган ҳаракатлар учун амалдаги қонунларда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Марҳамат туманида яшовчи Ботир Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай ножўя қилмишга қўл урди ва охир-оқибат қонун олдида жавоб берди. Гап шундаки, 2021 йилнинг март ойида у ўзининг Facebook ижтимоий тармоғида очилган профили орқали «Марҳамат тумани БЎСМда карта қимор мусобақалари ташкил қилинадими?» сарлавҳали хабарни эълон қилади. Хабарда у туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Носир Ғаниевни асоссиз равишда муассасада қиморхона ташкил қилганликда айблайди. Қолаверса, у директорнинг шаънини топтовчи бошқа бўҳтон маълумотларни ҳам тарқатади. Бу ҳам етмагандек, у Н. Ғаниевни ҳақорат қилади.
Энг қизиғи, Б. Тўраев бу билан ҳам чекланмайди. Орадан кўп ўтмай у ижтимоий тармоққа «Тақдимнома жиноятни яшириш воситасими ёки олдини олиш?» номли хабарни жойлаштиради. Бу хабарда ҳам спорт мактаби директор ўринбосари Абдумалик Ҳамдамовни қариндош-уруғини мактабга ишга қабул қилиб, текин иш ҳақи билан сийлаб келаётганини баён қилади. Бундан ташқари у А. Ҳамдамовнинг қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни ҳам тарқатади.
Табиийки, ушбу хабарлар нафақат туман, балки Андижон вилояти миқёсида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлади. Жамоа, қариндош-уруғ, маҳалла-куй ва таниш-билишлари ўртасидаги обрўсига путур етган Носир ўаниев ва Абдумалик Ҳамдамов Б. Тўраевга қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов-суриштирув жараёнида Б. Тўраевнинг яна бир жинояти фош этилди. Маълум бўлишича, Б. Тўраев 2019 йил октябрь ойининг бошларида Д. Абдиевага қуёнчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун банкдан кредит олиб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига ажратиладиган кредитни ўзига тегишли бўлган «VAVILON GLOBAL BIZNESS» хусусий корхонаси ҳисоб рақамига туширса, 160 бош қуён беришини айтади. Унинг гапига ишонган соддадил аёл «Халқ банки»нинг Булоқбоши тумани филиалидан ажратилган 25 000 000 сўм маблағни хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Лекин Б. Тўраев Д. Абдиевага бор-йўғи 1 700 000 сўмлик 11 бош қуён берган, холос. 23 300 000 сўм маблағни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шу боис Б. Тўраевга нисбатан айни ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди.
Б. Тўраевнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Бўлоқбоши тумани судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисмига асосан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади. Аммо судланувчи суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция инстанциясига мурожаат қилди.
Апелляция суди мажлисида Б. Тўраевнинг айби жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, аризалар, экспертиза хулосалари, тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа далиллар билан тўлиқ исботини топди. Шу боис Андижон вилояти суди апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич суди ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.
Шу ўринда таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали воқеа-ҳодисаларни батафсил суриштирмай, уларнинг юз беришида кимлар айбдорлигини аниқламай ёки ўша масалага нисбатан қонуний баҳо берилмай туриб, турли хабар ва маълумотларни эълон қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу нафақат жабрланувчилар, балки ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
Бош қомусимизнинг 13-моддасига кўра, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Уни топташга уриниш қонуний жавобгарликка сабаб бўлади. Бунга баён этилган воқеа тафсилотлари ҳам ёрқин мисол бўла олади.
Нодиржон МИРЗАЖОНОВ,
Андижон вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш