ФОШ БЎЛГАН ФИРИБГАРЛИК

Поп туманида яшовчи қирқ тўрт ёшли Ихтиёр Ёрматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) нинг ҳаёт йўлига назар таш­ласангиз, у жуда «сермазмун» эканига иқрор бўласиз. Чунки Ихтиёр сўнгги 20 йил мобайнида босқинчилик, маъмурий назорат қоидаларини бузиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш ва тўрт марта фирибгарлик жиноятини содир этгани учун судланган.

И. Ёрматов тўр­тинчи марта фирибгарлик қилмишига қўл ургани учун жи­ноят­ ишлари бўйича Поп тумани судининг 2020 йил 12 ав­густ­даги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­линган. Буни қарангки, жазони ўтаётган пайтида унинг яна бир фирибгарлиги фош этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ихтиёр Ёрматов тумандаги қурилиш-таъмирлашга ихтисослашган «Аббос Бахтибек» масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келган. Бинобарин, у Поп туманининг янги деҳқон бозори қурилишида иштирок этган пайтда кўнглида қурилиш ишла­ридан таш­қари ҳам «бир-икки сўмлик» бўлиб қо­лишдек ғаразли ният пайдо бўлади.

— Сизга бозордан иккита дўкон олиб бераман, — дейди у 2019 йилнинг август ойида таниши Фахриддин Юсуповга. — Аммо бозор ичидаги дўконларнинг нархи қиммат бўлади. Шунинг учун ҳар бирига йигирма минг доллардан берасиз.

Ф. Юсупов унинг сўзларига лаққа ишонади. Пировардида битта дўкон учун олдиндан тў­лов сифатида нархи 154 275 000 сўмлик «Ласетти» автомашинасини 16 500 АҚШ доллари ҳисобида И. Ёрматовга бериб юборади. Ихтиёр­ эса, автомашинани фуқаро Қо­дирали Сатторовга 9 000 АҚШ доллари (84 150 000 сўм) га сотиб, пулини шахсий манфаатларига ишлатиб юборади. Натижада Фахриддин Юсупов ҳам дўконсиз қо­лади, ҳам пулидан айрилади.

Бундан ташқари Ихтиёр Ёр­матов яна бир таниши Гулзода Нуралиевани ҳам чув туширади. У Поп шаҳри марказида қу­рилган «Ёш­лар боғи» истироҳат мажмуасининг очилиш маросими муносабати билан аёлнинг 16 920 000 сўмлик «Фрезер» русумли музқаймоқ тайёрлаш аппарати ҳамда 4 230 000 сўмлик 1 дона музлаткичини олиб кетади.

— Очилиш маросими ўт­гач, қайтариб бераман, — дейди у.

Бироқ фирибгар бу кимса ваъдасини «унутиб», айни мулк­ларни бегона шахсга сотиб юборади.

Агар яна бир таниши К. Турсунова унинг фирибгарлигидан огоҳ бўлганда эди, чув тушиб ўтирмасди.

Лекин…

— Илтимос, кредит савдо дўконидан бир-иккита жиҳозларни ўз номингизга олиб берсангиз. Тўловларнинг барчасини ўзим амалга ошираман, — дея у ялинган куйи К. Турсуновадан илтимос қи­лади.

— Майли, — дея аёл унинг ил­ти­мосини ерда қолдирмайди.

Аммо ана шу ўйламай ташланган қа­дам К. Турсуновага жуда қимматга тушади. Боиси у туман марказида жойлашган «Ои­ла маркет» савдо дўконидан жами 22 252 000 сўмлик маҳсулотни 2 йил муддатда тўлаш шарти билан И. Ёрматовга олиб беради. Шунда фирибгар К. Турсунованинг ишончини янада чуқурроқ қозониш мақсадида антиқа йўл тутади. Яъни 1 дона те­лефон аппаратини унинг ўзига сов­ға қилади. Кейин эса, 1 дона газ плитасини та­ниши Ёндошали Ор­тиқовга совға сифатида бериб юборади. 18. 078 000 сўм­лик анжомларни шахсий манфаатлари йўлида фойдаланади-ю, бироқ кредит тўловларини умуман тўламайди.

2020 йил ян­варь ойида кутилмаганда, К. Турсунованинг қўл телефони жиринглаб қолади.

— Ассалому алайкум, опажон! Биз сизни «Оила маркет» савдо дўконидан безовта қиляпмиз, — дейди қўнғироқ қилган йигит.

— Хўп, эшитаман, ука.

— Дўконимиздан беш хил маҳ­сулот олган экансиз. Би­роқ ҳалигача ҳақини тўламабсиз. Шунинг учун тез кунда тў­ла­шингиз керак. Йўқса, шарт­но­мага мувофиқ, келтирган зарарни қонуний тарзда ундириб оламиз.

Бу гапни эшитиб, К. Турсунова ҳангу манг бўлиб қолади. Шундай бўлса-да, у бу маҳсулотларни Ихтиёр Ёрматовга олиб берганини тушунтиришга уринади. Лекин дў­кон вакили умуман ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаганини маълум қилади.

Шундан сўнг жазо муддатини ўтаётган фирибгарга нисбатан навбатдаги жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бў­йича Поп тумани су­ди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди би­лан­ айбдор деб топиб, 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Кодекснинг 59-моддасига асосан ушбу жазога муқаддам тайинланган озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси қисман қўшилиб, судланувчи узил-кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари суд ҳукмида тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ ва жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида фирибгарликка қўл урган ва бундай қилмишга мойил кимсаларга қа­рата айтмоқчимизки, ҳар қандай қинғир иш жазосиз қолмаслигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Шу боис пешона тери эвазига топилган ноннинг таъми ширин бўлиши билан бирга кўнгил хотиржамлигини таъминлашини ҳам доимо ёдда тутиш лозим.

Бахтиёр ОБИДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Поп тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: