ЯХШИ ХУЛҚ ИНСОН УМРИГА ФАЙЗ БАҒИШЛАЙДИ

Донишманддан сўрашди:

— Дунёда инсон учун энг яхши нарса нима-ю, энг ёмони нима?

Донишманд жавоб берди:

— Дунёда инсон учун энг мақбул нарса гўзал хулқ. Энг ёмон нарса эса, ахлоқсизлик, тарбиясизлик ва ялқовликдир.

Машраб (исм-шарифлар ўзгартирилди) Зарбдор тумани марказидаги савдо дўконларидан бирида ишларди. Ҳар куни дўкон жойлашган кўча яқинидаги бетон ариқ ёнида «DOGAN S» русумли автомашинасини қўярди. Бу жой бехавотир, транспорт воситалари қатновига ҳам, пиёдаларга ҳам халақит бермасди.

Шу йилнинг 14 апрель куни ҳам тушликдан қайтган Машраб автомашинасини доимги жойда қолдирди. Кечга яқин, соат тахминан ўн саккиз-у ўт­тизларда дўконни ёпиб, уйга кетиш учун ташқарига чиқса, автомашина жойида йўқ.

Туйқус хаёлидан тушлик пайти автомашинани уйда қолдириб келгандимми, деган фикр ўтди ва турмуш ўртоғига қўнғироқ қилди.

Автомашинаси уйда йўқлигини эшитгач, уни кимдир олиб қочиб кетган бўлиши мумкин, деган хавотирда туман ички ишлар бўлимига хабар берди.

Орадан икки соат ўтгач, ич­­ки ишлар бўлимидан автомашина Зомин туманининг Даштобод шаҳарчаси яқинидан топилгани ҳақида хабар беришди. Машраб зудлик билан ўша манзилга етиб борганида автомашинанинг олд ўнг ёни шикастланган, орқа ўнг қанот қисми тирналган, орқа томонидаги давлат рақами ечиб олинган ва ғаладондаги ҳужжатлар титилганини кўр­ди.

Орадан кўп ўтмай воқеа рўй берган жойга Зарбдор тумани ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи ҳам етиб келди.

— Мен Даштобод шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи «Жиззах-Қўқон» автомобиль йўлидаги транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш устахонасида ишлайман, — деди суд мажлисида гувоҳ М. Дониёров. — Шу йилнинг 14 апрель куни соат ўн етти-ю ўттизларда Абдумурод Жумақулов маст ҳо­латда устахонага кириб келди. Автомашинаси йўлда бузилиб колганини айтиб, автошина беришни илтимос қилди. Биргаликда автомашина олдига бордик. Унинг орқа ўнг ғилдираги ёрилиб, фақат темир диски турганини кўр­дим. Бундан ташқа­ри автомашинанинг олд ўнг ён томонидаги эшиги ва ғилдирагининг олди урилиб, шикастланган эди.

Гувоҳ М. Дониёров фойдаланилган автомашина шинасини қўйиб беради. А. Жумақуловдан ёнида пули йўқ­лигини эшитгач, «эски, ишлатилган балон, хижолат бўлманг, пул шарт эмас» дейди ва устахонага қайтади. Шундан сўнг А. Жумақулов «КАМАЗ» автомашинаси ҳайдовчисидан «DOGAN S» автоуловга газ ўтказиш учун резина шланг сўрайди.

— Дўконга бораётгандим, — деди судда гувоҳ Б. Тошпўлатов. — Йўл четида нотаниш қизил рангли «DOGAN S» русумли автомашина турганига кўзим тушди. Автомашинанинг олд ўнг ён томонидаги эшиги ва ғилдирагининг олди урилиб, шикастланган ва орқа томонидаги давлат рақами йўқ эди. Автомашина ёнида турган фуқаро, кейинчалик билсам, А. Жумақулов менга аккумуляторни сотишни таклиф қилди, аммо мен рад жавобини бериб, дўконга кириб кетдим. Ке­йин кўнг­лимда шубҳа туғилгани боис ИИБ ходимларига қўн­ғироқ қилдим.

Маълум бўлишича, А. Жумақулов Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида туғилган. Ўр­та махсус маълумотли бу кимса ои­лали, бир нафар фарзанди бор. У жиноий қилмишга қўл уришдан тўрт кун аввал ишлаш мақсадида Зарбдор туманига келган ва новвойхонага ишга кирган.

14 апрель куни А. Жумақулов туман марказидаги ошхонада овқатланиш чоғида спиртли ичимлик истеъмол қилади. Сўнг уйига кетаётиб, жабрланувчи М. Искандаровга тегишли автомашинага кўзи тушади. Автомашина эшикларини қулф­лаш эгасининг ёдидан кўтарилган эди.

Маст ҳолатдаги Абдумуроднинг хаёлига Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшовчи таниши тушади, у билан учрашиш фикри туғилади.

У ҳайдовчи ўриндиғига ўтирганида ка­лит йўқ эди. Аммо у бунинг йўлини топади — темир бўлаги билан автомашинани ўт олдиради.

Шу тариқа «Жиззах — Қўқон» автомобиль йўлидан Даштобод шаҳарчаси йў­налишида жабрланувчи М. Искандаровга тегишли автомашинани олиб қочади. Кейинги воқеалар ривожи қандай кечганини юқорида баён қилдик.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи А. Жумақуловнинг транспорт воситасини олиб қочишда ифодаланган жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан тўғ­ри малакаланган деб ҳи­соблади.

Судланувчига нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарар қоплангани жазони енгиллаштирувчи, унинг жиноятни спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблади.

Суд судланувчи А. Жумақуловни Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмига асосан айбдор деб топиб, унга нисбатан кодексининг 57-моддасини қўллаб, уч йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Яхши хулқ инсон умрига файз бағишлашини алоҳида таъкидламоқ лозим. Чунки яхши хулқли, тарбияли ва умуман олганда, гўзал хислатларга эга одамлар билан жамиятимиз файзли.

Бироқ тафсилоти келтирилган жиноят ишидаги судланувчи А. Жумақулов ҳалол меҳнат билан яшашдан бўйин товлагани, ўзганинг транспорт воситасини олиб қочишда ифодаланган жиноий ҳаракатни содир этгани унинг табиатида ёмон хулқ устун эканлигини кўрсатди.

Хулоса шуки, ёмон хулқ ҳеч қачон, ҳеч кимга яхшилик келтирмайди.

А. Жумақуловни ҳам ёмон хулқи бадном қилди. Охир-оқибат у суд ҳукми билан қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазога тортилди.

Илҳом ҚОРАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани суди раиси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: