БЕБОШ КУЁВ ҚАЙНОТАСИНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ
Фарзанд тарбиясида йўл қўйилган хато, эътиборсизлик ҳеч қачон изсиз кетмайди. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Карим Икромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигидан бебош бўлибўсди. Натижада айни вояга етган маҳали жиноий қилмишга қўл уради. Аниқроғи, ўзидан саккиз ёш катта инсонни уриб, Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир этади. Пировардида жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судининг 2020 йил 25 майдаги ҳукмига биноан, бир йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига маҳкум қилинди.
Ўтган йилнинг июнь ойида ота-онаси Каримни қўшни қишлоқда яшовчи Санобар Илҳомовага унаштиришади. Бироқ қизнинг онаси Зайнаб Илҳомова куёвнинг «таърифи» ҳамда судланганини эшитиб, унаштирувни бекор қилдиради. Қолаверса, тез фурсатда Санобарни бошқа бир йигитга унаштириб қўйишади. Табиийки, бу ҳолат Каримнинг ғазабини келтиради.
— Агар мендан бошқасига турмушга чиқадиган бўлсанг, ота-онангни ўлдираман, — дейди у қизга дағдаға қилиб.
Худди шу гапни унаштирилган йигитга ҳам айтади. Натижада фотиҳа яна бузилиб, Баҳодир ака билан Зайнаб опа иккинчи маротаба қизларини К. Икромовга узатишга мажбур бўлишади. 2020 йил 18 июль куни икки ёш на қонуний никоҳ, на тўйсиз шаръий никоҳ асосида турмуш қуришади. Чунки келин томоннинг тўй қилишга имкони йўқ эди. Шу билан бирга, ўша пайтда юртимизда карантин талаблари кучайтирилган эди…
Ёш келин-куёвнинг ҳаёти турли дилхиралик ва жанжал-тўполонлар билан бошланади. Айни турмуш тарзи эса, орадан 6 ой ўтса ҳам ўзгармайди.
Жорий йилнинг 6 февраль куни Санобар ота-онасини кўргани бориш учун рухсат сўраганида, Карим бунга рози бўлмай, жанжал кўтаради. Шу баҳонада хотинини роса дўппослайди. Калтак зарбидан юз-кўзи кўкарган келин аразлаб, ота-онасиникига кетади. Энг ачинарлиси, калтак ейиши оқибатида унинг 3 ойлик ҳомиласи нобуд бўлади. Бундан аччиқланган С. Илҳомова эрига қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан К. Икромовга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланади.
Тергов жараёнида Карим таниши Фахриддин Мадраҳимов билан онаси Жамила Раҳматовани келинни олиб келиш учун юборади. Чунки у хотинини қайтариб келиб, ярашиб, жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишни ўйлайди.
Аммо Санобар ҳам, ота-онаси ҳам бунга рози бўлмайди. Бу эса, Каримни баттар жаҳл отига миндиради. Шу боис у қайнотасиникига болта кўтарган ҳолда кириб бориб, рафиқаси ва қайнона-қайнотасига дағдаға қилади.
Натижада Баҳодир ака бу ҳақида ҳудуд профилактика инспекторига хабар беради. Инспектор ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан маъмурий баённома тузади. Кейин тўпланган ҳужжатларни судга юборади.
Гап шундаки, ушбу маъмурий иш 2021 йил 2 март куни судда кўриб чиқилиб, зўравон куёвга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд мажлисида куёв С. Илҳомова билан яшаб, оиласини сақлаб қолмоқчи эканини айтади. Санобар эса, у билан яшамаслигини билдиради. Қолаверса, суд мажлисида иккала томон бир-бирини ҳақорат қилишади. Ҳатто келин «Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор!» — дея дағдаға қилади. Лекин биргина ана шу гап ва қайнона-қайнотасининг суддаги муомаласи содир этилажак қабиҳликка замин яратишини ким билибди дейсиз?
— Қайнотам билан қайнонамни ўлдираман, — дейди К. Икромов ошнаси Ф. Мадраҳимовга.
— Йўқ, ундай қилма, бу билан ўзингга жабр қилганинг қолади, холос, — дея Фаҳриддин уни шаштидан қайтармоқчи бўлади.
Бироқ дарғазаб куёв фикридан қайтмайди. Ўша куни кундузи у уйида турган чопқи ва узунлиги 80 сантиметр келадиган дарахт ғўласини кўтариб, маҳалладаги устахонага чиқади. Яъни чопқига янгидан соп қўйдиради. Кеч соат 20.00 лар атрофида қайнотасиникига йўл олади. Қайнотасининг ҳовлисида ҳали дарвоза ўрнатилмаганидан фойдаланиб, унинг қурилиши тугалланмаган уйига кириб олади. Ана шу ерда 2 соатча пойлаб ўтиради.
Сўнгра ҳовлида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Баҳодир ака ухлайдиган уйнинг олдига бориб, деразасидан пойлайди. Қарасаки, икки киши алоҳида-алоҳида ўрин тўшаб, ухлашга тайёргарлик кўраётганди. Улар қайнотаси ва Санобар эди. Лекин Карим хотинини қайнонаси деб ўйлайди.
Зайнаб опа бу пайтда сумалак пишираётган қўшнисиникига чиқиб кетганди.
Шундан сўнг у яна бир муддат кутиб туради. Хона чироқлари ўчиб, ётганлар ухлагудек вақт ўтгач, ичкарига бостириб киради. Киради-ю, кўрпани очиб, қайнотасининг бошига ва танасининг дуч келган жойига чопқи билан ура бошлайди. Шунда Б. Илҳомов бақириб юборади. Бу даҳшатли овоздан Санобар ҳам уйғониб кетади. К. Икромов унинг бошига ҳам кетма-кет зарба беради. Ота-бола беҳуш бўлиб, овозлари чиқмай қолгач, Карим ташқарига чиқиб, яширинади.
Албатта, хонадондаги бақир-чақир ва қий-чувни эшитиб, ён-атрофдаги қўшнилар югуриб чиқишади. Уларнинг чақирувига биноан етиб келган «Тез ёрдам» ходимлари жабрланувчиларни шифохонага олиб кетади. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан Баҳодир ака шифохонага олиб келинган вақтда вафот этади. Санобар Илҳомованинг ҳаёти сақлаб қолинади. Шу тариқа К. Икромов ожиз аҳволдаги икки нафар шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш жиноятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмайди.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Ёзёвон тумани судида К. Икромовга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Судда айбдор, жабрланувчилар, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди ҳамда батафсил текшириб чиқилди. Пировардида суд судланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж” бандлари билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шу ўринда айни ўта оғир жиноятнинг содир этилишига сабаб бўлган айрим омиллар хусусида фикр юритиш мақсадга мувофиқ. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, ота-онаси судланувчининг тарбиясига ўта эътиборсизлик билан қарашган. Йўқса, бебош ўғиллари бир эмас, уч маротаба жиноят кўчасига қадам қўйиб, учинчисида ўта оғир жиноятга қўл уриб, умрининг навқирон даврини хазон қилмаган бўларди. Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳам қонуний никоҳсиз, ҳам тўйсиз турмуш қуришга томошабин бўлиб турмай, бунинг олдини олганида эди, балки аҳвол бугунги даражага етиб бормасди. Ҳатто улар оиладаги жанжалларга нисбатан ҳам лоқайд муносабатда бўлишган. Ўз ҳудудларида оиланинг муқаддас экани борасида кенг қамровли тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга оширишмаган.
Ҳудуд профилактика инспекторининг ҳаракатсизлиги ҳам оловга мой сепган.
Чунки у кун-кунора юз берган жанжалларни бартараф этиш чорасини кўрмаган. Хусусан, Карим қайнотасиникига кўтариб борган болтани топиб, рўй берган воқеани ҳуқуқий жиҳатдан тўғри баҳоланишини таъминламаган.
Яъни ҳолатга майда безорилик сифатида қараб, масаланинг асл моҳиятини яширган, муаммони бартараф этмаган.
Қотилликнинг ана шу омилларини инобатга олган суд келгусида бундай мудҳиш жиноят такрорланмаслигини таъминлашга қаратилган хусусий ажрим чиқариб, уни маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Бувайда тумани ички ишлар бўлимига юборди.Бинобарин, бу мудҳиш воқеадан ҳамма тегишли хулоса чиқариши зарур.
Раҳматжон АРАПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Ёзёвон тумани суди раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш