МИЛЛИАРДЛАР «ОПЕРАЦИЯ»СИ

Ҳаётда ҳалол меҳнатдан бўйин тоблаш, бойликка ҳирс қўйиш, нафс қутқусига берилиш ҳеч қачон яхшилик билан якун топмагани, аксинча, одамни бадном қилгани тўғрисида мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Халқимиз «Менинг нафсим балодур, тириклайин ўтга соладур», деб бежизга айтмаган.

Қибрай туманида яшаган, гулдек ои­ласи, ҳамма ҳавас қилгудек касби ва иш жойига эга бўлган Зилола Содиқова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам балои нафснинг измига юриб, охир-оқибат юзшувут бўлиб қолди.

Гап шундаки, З. Содиқова 2015 йил 21 апрелдан 2019 йил 6 ноябрга қадар «Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази» давлат муассасаси бош ҳисобчиси вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритган. Аввалига у қонуний фаолият юритди. Аммо орадан бир йил ўтгач, нафс қутқусига учганча, қинғир иш­га қўл ура бошлади. Яъни турли ноқо­нуний йўл ва усуллар орқали мўмай даромад орттиришга киришди. Бу борада у «Ипак йўли» банкининг Мирзо Улуғбек тумани филиали кассири Гавҳар Қўлдошева билан ўзаро жиноий тил бириктирди. Қисқаси, ҳамтовоқлар 2016 йил 3 майдан 2017 йил 31 июлга қадар Г. Қўлдошева томонидан қабул қилиб олинган 15 миллиард 446 миллион 295 минг сўм нақд пулнинг 6 миллиард 637 миллион 312 минг сўмини банкка топширмай, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишди.

Ҳисоботларга эса, шунча миқдордаги маблағ ҳақиқатдан ҳам, банкка топширилгани тўғрисида сохта маълумот ва ёзувлар киритишди. Бу қинғирлик оқибатида тиббиёт маркази ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етди.

Кейинги гал Зилола Содиқова қибрайлик фермер Жавоҳир Панжиев билан ўзаро жиноий тил бириктиради. Аниқроғи, ҳамтовоқлар 2017 йил 12 май куни акциядорлик тижорат «Invest Finance Bank»нинг Қибрай тумани филиали бошқарувчисига фуқаролар Б. Зубайдуллаев, Ф. Зияев, У. Мажидов ва Э. Авазов номидан пластик карта очиш юзасидан ариза билан мурожаат қилишади. Ҳамтовоқлар аризаларда юқорида номлари қайд этилган шахсларнинг имзоларини сохталаштиришади. Натижада шу куннинг ўзида тўрт нафар шахснинг номига расмийлаштирилган «UzCard» пластик карталарини қўлга киритишади. Келаси йили — 2018 йил 1 мартдан 2018 йил 4 июнга қадар эса, ана шу пластик карталарга гўёки беморларга амалда кўрсатилмаган тиббий хизмат учун тўланган ортиқча маблағ қайтарилгани важи билан 62 066 940 сўм ўтказиб, талон-торож қилишади. Энг қизиғи шундаки, бош ҳисобчи хоним қарасаки, бу пул ишлаш учун жуда мақбул усул экан. Шунинг учун яна бир жиноий шериги — дастлабки терговда жиноят ишининг унга нисбатан қисми айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, тугатилган шахс билан жиноий тил бириктирган ҳолда 2018 йил 19 июндан 2019 йил 28 августга қадар таниши Л. Ҳамидова, унинг отаси Ф. Нуруллаев, онаси Н. Нуруллаева ҳамда бош­қа бир гуруҳ фуқаролар номига расмийлаштирилган пластик карталарга 231 504 052 сўмни гўёки ортиқча тўланган маблағ сифатида ўтказиб, ҳазм қилиб юборади.

Шундан сўнг З. Содиқова ўзининг қўл остида ишловчи марказ ҳисобчиси Ситора Баротова билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда пул ишлашнинг янада антиқа «усули»ни ўйлаб топади. Яъни иккала ҳисобчи тиббиёт муассасаси даромадга чиқмаганини била туриб, касаба уюшмасининг розилиги олмасдан, қолаверса, ходимларни рағбатлантириш ёки уларга қўшимча пул маблағи тўлаш ҳақида бирор-бир ҳужжат мавжуд бўлмаса-да, 2017 йил август ойи­дан 2019 йил сентябрь ойига қадар сохта баённома ва 50 нафар ходимнинг имзоларини сохталаштириш орқали 500 515 356 сўмни растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишади. Бу ҳам етмагандек, ходимларнинг имзоларини сохталаштириб, банкдан иш ҳақи сифатида олинган 279 147 014 сўмни ўзаро бўлиб олишади.

Бундан ташқари бош ҳисобчи «Radnor premium» масъулияти чекланган жамиятига маиший техника воситаларини таъмирлаш, «Premium medikal» масъу­лияти чекланган жамиятига эса, дори-дармон ва тиббий буюмлар харид қилиш учун ортиқча пул ўтказиб, 57 000 000 сўмни ўзлаштиради.

Шунинг­дек, «Sam-ferre» хусусий корхонасидан сотиб олинган 60 075 000 сўмлик эшик, газ плита ва музлатгичларни омбор мудири К. Назарованинг имзосини сохталаштирган ҳолда марказга қабул қилингани ҳақида ҳужжатларни расмийташтиради. Кейин эса, ушбу мулкни терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборади.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, Зилола Содиқова нафс қутқусига шу қа­дар берилиб кетадики, ҳатто 2018 йил 25 июндан 2019 йил 19 сентябрга қадар оила аъзолари ва танишлари хорижий давлатларга бориб-келиши учун олинган авиачипталарнинг 140 666 800 сўмини ҳам гинекология маркази ҳисобидан тўлаб юборади.

Халқимиз «Чиллаки чиллакини кўриб, чумак урибди» деб бежизга айтмаган. Гап шундаки, марказ дорихона омборининг мудираси Назира Туманова ҳам қинғирликка қўл уради. У дорихона омборида сақланиши лозим бўлган 319 736 923 сўмлик дори-дармон, тиббий буюм ва мурувват ёрдами сифатида берилган дори воситаларини талон-торож қилади.

Аммо…

Аммо 2021 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан миллиард­лар «операция»си фош этилди. Оқибатда З. Содиқова, Г. Қўлдошева, Ж. Панжиев, С. Баротова ва Н. Тумановага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди эса, «қаҳрамон»ларимизни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қи­лиш жазосига маҳкум этди. Г. Қўлдошева, Ж. Панжиев, С. Баротова ва Н. Тумановага Жиноят кодекснинг 72-моддаси тартибида синов муддатлари белгиланди. Энг муҳими, суд ҳукмида судланувчилардан «Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази» давлат муассасасига етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида айтганда, нопок луқма ҳеч кимга ҳеч қачон буюрмаган. Шу маънода айтганда, ҳамтовоқлар шунча маблағни ўмариб нимага эришишди? Албатта, бугун уларнинг афсус-надомати, пушаймонлигининг адоғи бўлмаса керак. Энг ёмони, бу қилмишга қўл урганларнинг одамлар олдида боши эгилиб қолгани, жиноятчи деган номни олгани энг оғир жазодир.

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: