143 ШАХСГА НИСБАТАН ФИРИБГАРЛИК ИШЛАРИ КЎРИЛДИ

23 апрель 2019

Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 143 шахсга нисбатан фирибгарликка оид ишлар кўрилган.

Бугунги кунда жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарликдир. 
 
“Ўқишга киритиб қўяман”, “уй олиб бераман”, “ишга жойлаб қўяман”, деб одамларни алдаб, кўпчиликни чув тушираётган фирибгарлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Айниқса, олий ўқув юртларига қабул жараёни бошланган вақтда кимлардир бу вазиятдан фойдаланиб қолиш пайида бўлади.
 
Равшан Назаров ва Мақсадхон Солиева ҳам фарзандини олий ўқув юртига киритиш ниятида бўлган ота-оналарни чув туширган. Улар товламачилик қилишда ҳаттоки юқори идораларнинг номидан фойдаланган.
 
Судланувчи Р. Назаров 2017 йил февраль ойида Бешариқ туманида яшовчи М. Солиева билан Тошкент шаҳрида танишиб, ўзаро суҳбат давомида унга ўзини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ишлашини айтиб, алдайди. Олий таълим йўналиши бўйича июль ойидан бошлаб, олий ўқув юртига кира олмасдан келаётган абитуриентлар учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан Республика бўйича супер-контракт тўлови асосида ўринлар ажратилганлиги, бу борада ҳар қандай “хизмат” бўлса бажаришга тайёрлигини билдирган.
 
Ўзига яқин танишлари бўлса юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уларни мазкур квота ўринлари рўйхатига киритиб қўйиш ҳамда чет элда ўқиётган талабаларни Ўзбекистон Республикасида ўқишларини имтиҳонсиз давом эттиришлари учун ҳамда ўқишларини кўчириш масалаларига ҳам ёрдам бериши ҳақида ваъда бериб, уни ўзининг жиноий режасини амалга оширишда ёрдамлашишга кўндирган. Албатта, “хизмат ҳаққи” борлигини ҳам айтишни унутмаган.
 
Барча ишлар ана шундан кейин бошланди. М. Солиева бирга ишловчи ҳамкасби Д. Убайдуллаеванинг фарзандини Украина давлатидаги тиббиёт университетидан Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртига ўқишини кўчириш масаласида ҳаракат қилаётганлигидан хабар топди. Унга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 5 минг АҚШ доллари эвазига бу ишларни битириб беришга ваъда бериб, 2 минг 500 доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, пулларни Тошкент шаҳрига олиб бориб, Р. Назаровга бериб, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.
 
М. Солиева ҳамкасби З. Маҳкамованинг фарзандини Тошкент ахборот технологиялари университетига ҳужжат топшириб, тест синовларидан ўта олмаганини билиб, унга ёрдам беришини айтади. 5 минг доллар эвазига фарзандини мазкур университетга супер-контракт тўлови орқали ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, келишилган пулларни олган.
 
Вақт ўтса ҳамки, бирорта ваъда бажарилмади. Улар бир неча шахслардан 16 минг 300 доллар ва 1 миллион сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Товламачиларни қўлига тушганлар уларнинг кирдикорлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган.
 
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди томонидан бу фирибгарларнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, Равшан Назаров олти йил озодликдан маҳрум қилинди. Мақсадхон Солиеванинг нафақа ёшидалиги, I гуруҳ ногирони экани каби ҳолатлари инобатга олиниб, унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА 

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: