СУДЬЯ НОТЎҒРИ ҚАРОР ЧИҚАРСА… БУНГА НИМА САБАБ, БИЛИМСИЗЛИКМИ, ТАЖРИБАСИЗЛИКМИ, БЕПАРВОЛИКМИ? ҚОНУНГА ҲУРМАТСИЗЛИКМИ?

Президентимиз кўплаб маъруза ва чиқишларида “Одамларни рози қилишимиз керак” ёки “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган фикрларни таъкидлайди ва барчани шунга даъват этади. Шубҳасиз, инсон манфаатларини амалда таъминлашда мус¬тақил суд ҳокимияти муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда бу соҳада ниҳоятда катта ишлар амалга оширилмоқда.


Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга ¬эга. Фармонда судьялар ва улар билан биргаликда суд идораларида хизмат қилаётган ходимларнинг ҳам ойлик маошлари оширилиши белгилаб қўйилди. Ҳаттоки, Фармонга асосан судьяларнинг транспорт воситалари, суд ходимларининг эса намунали уй-жойларни сотиб олишлари -учун имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди. Бундай ҳолат шу кунга қадар ҳеч қачон юз бермаганлиги сабабли ушбу Фармонни тарихий, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Лекин биз учун яратилаётган шунча шароит ва имкониятларни қай даражада оқлаяпмиз, деган савол мени безовта қилади. Шу соҳанинг вакили сифатида, очиғини тан олиб айтишим керак, ҳаммамиз ҳам оқлаётганимиз йўқ.


Жиддий камчиликлар кўп
Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, сўнгги пайтларда судларда кўрилаётган ишлар сифат жиҳатидан қониқарли даражада эмас. Юқори судлар томонидан қуйи судларда кўриб чиқилган ишларнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ҳолатлари кўп учраётганлиги ачинарли.
Шу ўринда нега биринчи инстанция, апелляция ва кассацияда иш кўрган судья ўз ваколат доирасида ишларни қонуний кўрмаяпти, бунинг сабаби нимада, деган ҳақли савол туғилади. Эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган 6 ой мобайнида судьялар томонидан кўрилган ишлар ҳар томонлама тўла текширилиб, аниқланган ҳақиқий ҳолатга қонуний баҳо бермаслик, жиноят ишлари бўйича Жиноят кодексининг 57-моддасини нотўғри қўллаб, енгил жазо тайинлаш, Жиноят кодексининг 72-моддасини нотўғри қўллаб, шартли жазо тайинлаш, қўшимча жазо тайинлаш қонунда лозим бўлсада, тайинламаслик, етказилган зарар миқдорини асоссиз камайтириш ҳамда тақиқда бўлган мол-мулкни асоссиз равишда рўйхатдан чиқариш, суд қарорларини ўз вақтида ижрога қаратмаслик ҳолатлари ариза ва шикоятлар оқимининг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича давлат божи ундиришни асоссиз кечиктириш ёки уни тўлашдан озод қилиш, тарафларга никоҳдан ажралиш ҳақида ярашиш учун муҳлат бермаслик ёки муддатини асоссиз равишда қисқартириш ҳолатлари, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини асоссиз равишда янги очилган ҳолатлар бўйича, деб бекор қилиш, суд қарорларини ўз муддатида ижрога қаратмаслик, суд қарорларига нисбатан берилган шикоятларни ҳаракатсиз қолдириш каби ҳолатлар кузатилмоқда.
Иқтисодий ишлар бўйича неустойка суммаларни асоссиз равишда камайтириш, зарарларни ундириш ишлари бўйича етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқламаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Маъмурий ишлар бўйича ҳам шу каби хатолар билан чиқарилган қарорларнинг бекор бўлиши ва ўзгартирилиши кузатилмоқда. Натижада фуқаролар айрим судьяларнинг хатти-ҳаракати юзасидан юқори судга ва бошқа идораларга тинимсиз ариза ва шикоятлар юбораяпти. Таъкид¬лаш керак, фуқаролар юқори судларнинг жавобларидан ҳам норозиликларини билдириб, чора кўриш учун Судьялар олий кенгашига мурожаат этмоқда.
Судьялар томонидан йўл қўйилаётган бу каби камчиликларни кўриб ўйлаб қоласан киши…
Бундай асоссиз қабул қилинадиган қарорлардан кўзланган мақсад нима? Ёки қандай омил борки, судья нотўғри қарор чиқараяпти? Бу судьяларнинг билимсизлигими? Тажрибасизликми? Бепарволикми? Қонунга ҳурматсизликми ёки билиб туриб моддий манфаатдорлик эвазига ўз ваколатини суиистеъмол қилишми?


Порага қарши кураш бўйича тавсиялар
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Рес¬публикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини яна бир бор кўрсатиб берди. Шунингдек, жорий йилнинг 15 июнь куни Олий Мажлис Сенатида коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, айниқса, суд тизимида бу каби иллатларнинг мавжудлигини асло кечириб бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимизда шу йил 6 ойда қанчалаб мансабдор шахслар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақида хабарлар берилди. Уларнинг деярли барчасига коррупция айблови қўйилган. Бу масалада, судьялар билан бир неча бор йиғилиш ўтказдик, хатлар ёзилди, лекин вазият ўнгланмаяпти.
Ўтган 6 ой мобайнида Кенгаш томонидан 89 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилди ва чора кўриш учун тегишли малака ҳайъатларига юборилди. 11 нафар судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди. 2 нафар судьяга нисбатан Бош прокурор томонидан жиноят иши қўзғатилганлиги сабабли тегишли тақдимномага асосан уларни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди, бирининг ваколати муддатидан олдин тугатилди, яна бирини жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилиб, ваколати тўхтатилди. Июль ойининг бошида ҳам бир нафар судьяга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилди. 12 нафар судьянинг аризаси олиниб, муддатидан олдин вазифасидан озод этилди.
Ахир, соҳада шунча ижобий ўзгаришлар қилинаяпти. Судьяларнинг ойлик иш ҳақини яна ошириш ҳақидаги масала ҳам кун тартибида турибди. Лекин юқорида санаб ўтган нохуш ҳолатлар камаймаяпти.
Коррупцияга қарши курашда зарурий чораларни кўриш билан бирга, айрим қонун нормаларини тарғибот қилишни ҳам таклиф этган бўлардим. 
“Қарс, икки қўлдан чиқади”, деган нақл бор. Фуқаролар ҳам қайсидир қинғир йўллар билан мақсадига эришишга интилиш ўрнига қонун нормаларини ўқисин, ўргансин.Таниш-билишчилик, турли илтимослар, ўз манфаати учун ҳеч нарсадан тоймайдиган, моддий манфаат, деб қонунларни оёқости қилиб, қасамёдини бузадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмайдиган судьялар, суд ходимларига ва ушбу суд идораларига иш юзасидан келиб кетаётган фуқароларга қонун талабларини эслатиш ва огоҳлантириш мақсадида қуйидаги қонун нормаларини ҳамма учун кўринадиган жойга 1-2 метр масофадан бемалол ўқиш мумкин бўлган катталикдаги ҳарфларда, ўқишга қулай тартибда ёзиб қўйиш зарур, деб биламан.
Инсондаги ҳар қандай ёмон одатлар – бепарволик, дангасалик, масъулиятсизлик, ўз манфаатини устун қўйиш ҳаётда олган тарбиясига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ эканлигини яхши биламиз. Лекин судьялар оила тарбиясидан ташқари, мактабда, олий ўқув юртида илм олиш билан бирга, судьялик лавозимига келгунига қадар ҳаёт тажрибасига эга бўлиб, ундан ҳам сабоқ чиқарган, ибрат олган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мен яна бир бор мутафаккир аждодимиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматларини ёдингизга солмоқчиман. Бу бежиз айтилмаган. Ахир, тарбиясиз ва маънавиятсиз, ўзини тийиб юролмайдиган инсонларни қандай аҳволга тушганларини кўряпмиз-ку.
Нафсни тийишни уддалайдиган киши — ҳар томонлама кучли ва ақллидир, уддалай олмаганлар — маънавиятдан оқсаган кучсиз ва ожиз кишилардир. Шунинг учун айрим мансабдорлар босар-тусарини билмай қолади ва кўнгли тусаган ишни қилиб, ҳаттоки жирканч қилмишлардан ҳам ҳазар қилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни беғараз амалга ошириш жараёнида, ҳар қандай йўсинда манфаатдор бўлишга уриниш, ҳаракат ва ҳаракатсизликнинг натижаси оддий фуқароми, мансабдорми, ким бўлишидан қатъи назар, ¬охир-оқибат яхшилик билан тугамайди. Шунинг учун киши ҳар бир ишни қилишдан аввал, шундай қилиш мумкинми, дея ўз-ўзига савол қўйиб, бу ҳуқуқ-мажбуриятим доирасига кирадими, шу иш оқибатида ўзимга ва оила аъзоларимга зарар етмайдими, деган фикрларни обдон ўйлаб, яъни “етти ўлчаб бир кес” иборасига амал қилиб, кейин ҳаракат қилса, ҳеч қандай бало-қазоларга учрамайди, демоқчиман.
Бир доно киши: “Фақирлигим — ҳалоллигим, Ватанимга, халқимга содиқлигим исботи”, деган экан.
Ёзганларимни ҳам раҳбарнинг талаби, ҳам шу соҳа оқсоқолининг, агар кимда-ким тан олса устознинг шогирдларига қарата айтган насиҳати, деб қабул қиласиз, деган умиддаман.


Убайдулла МИНГБОЕВ,
Судьялар олий кенгаши раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист
Манба: «Инсон ва қонун» газетаси
ЎзА

  • Jamshid

    2018 yil 20 dekabrdagi Qo’ng’irot sudi sudyasi D.Razov chiqargan 352153/2018-06 sonli sud hukumidan narozi bo’lib, Qoraqalpog’istan Respublikasu oliy sudiga appelatsiayik tartibda murajaat etkan edik lekin murojaatimiz qanoatlantirilmadi. shuningdek Sudyalar Kengashi raisi U.Mingboevga, Oliy sud raisi K.Komilovga, O’zbekistan respublikasi bosh prokuraturasi O.Murodovga xat bilan chiqdik lekin bizga K.Komilovdan,O.Murodov,U.Mingboevlardan emas boshqa xodimlardan javob xati keldi. Murojaatimiz yetib bormayabdi.

    20.08.2019 at 22:07

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: