ТОРТИШУВГА АЙЛАНГАН ТАНИШУВ
Сарвиноз Рамазонова (исм-шарфлар ўзгартирилган) бир нафар фарзанди билан оиласидан ажрашган. Абдулла Исоқов маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз.
Булар иккиси кафе ёнида И. Ҳакимова билан жанжаллашади. Буни кўриб турган кафе ходимлари уларни ажратишга ҳаракат қилади. Икки йигит тортишаётган пайтда С. Рамазонова И. Ҳакимовага қўлидаги қайчи билан ташланади ва танасининг турли жойларига жароҳат етказади.
Гап шундаки, бу икки «дугона» аввалдан бир-бирини ижтимоий тармоқлар орқали таниган. Шу тармоқларда гаплашиб юришган кунларнинг бирида тортишиб қолиб, бир-бирини ҳақорат қилишга ўтган. Кўришиб, масалани юзми-юз гаплашиш мақсадида учрашган ва ўша жойда жанжаллашиб кетишган. Бахтига уларни ИИБ ходимлари кўриб қолган. Улар билан гаплашиб, огоҳлантиришган. Шундай бўлса-да, буларнинг жанжали тугамайди. Оқибатда кафе олдидаги аянчли манзара содир бўлган.
Уларнинг шовқинидан кафе атрофида яшайдиганлар ҳам уйғониб кетади ва бунга гувоҳ бўлишади. Ва айнан шу одамлар «102» рақамига қўнғироқ қилиб, уларни вазиятдан огоҳ этади. Судда гувоҳ бўлганлар ҳам кўрганларини баён этди. Энг муҳими, бўлаётган воқеаларни телефон аппарати ёрдамида видео камерага туширган гувоҳнинг кўрсатмаси бўлди. Айбдорлар шундан кейингина ўз айбларига иқрор бўлиб, жазони енгиллатишни сўради.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, безорилик қилаётган бу ёшлар жазосини олди. Лекин ички ишлар ходимлари вақтида етиб келмаганида ёки одамлар ажратишмаганида қандай оқибатларга олиб келишини ўзингиз тасаввур этаверинг!
Аҳрор Ҳошимхонов,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 15 ноябрь)
Фикр қолдириш