ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ
Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 11-мақсади «Халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштириш», деб номланган.
Ушбу мақсадни тўлиқ амалга ошириш учун халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш; давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Шунингдек, «Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт» ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқпарвар давлат» миллий дастурини ишлаб чиқиш ва изчил амалга оширилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишга нисбатан эътибор кундан-кун ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, барча давлат бошқаруви органлари, жумладан, суд органларига ҳам жиддий масъулият юклайди.
Айни соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий мақсадларидан бири — аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этишдир. Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларни ҳал этиш соҳасида янги давр бошланди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам, қисқа фурсат ичида ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Сўнгги йилларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимни йўлга қўйиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 23 июлда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлоқо янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бунга ёрқин мисол бўлади.
Таъкидлаш ўринлики, Олий суд томонидан мазкур йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона ҳуқуқий тизим яратилди. Шу тизим асосида ушбу соҳага тааллуқли ҳуқуқий база такомиллаштириб борилмоқда.
Жумладан, Олий суд Раёсатининг 2021 йил 9 ноябрда қабул қилинган қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома янги таҳрирда тасдиқланди. Йўриқномада суд тизимида фуқаролардан келиб тушган умумий мазмундаги мурожаатлар билан ишлаш тартиби белгиланган.
Маълумки, судларга икки хил тоифада, яъни процессуал ва умумий мазмундаги шикоят аризаси билан мурожаат қилинади:
– умумий мазмундаги мурожаатлар — хат, ариза, таклиф ва шикоят;
– процессуал мазмундаги мурожаатлар — муайян низо ёки суд қарори билан боғлиқ бўлган ариза, даъво ариза, илтимоснома, апелляция ё кассация тартибидаги шикоятлар.
Барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Умумий мазмундаги мурожаатлар, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлиб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Агар ариза ва шикоят муддати узайтирилганда, бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
Кейинги вақтда суд органларига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортмоқда. Жумладан, 2021 йилда жами 159 минг 258 та мурожаат йўлланган. Шундан:
Олий судга — 54 минг 397 та;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали — 84 минг 49 та;
вилоят ва унга тенглаштирилган судларга — 17 минг 826 та;
маъмурий судларга — 2 минг 623 та;
ҳарбий судларга — 363 та мурожаат келиб тушган.
Олий судга келган 54 минг 397 та мурожаатнинг 26 минг 671 таси ёки 49 фоизи умумий мазмундадир. Қолган 27 минг 726 таси ёки 51 фоизи эса, кассация тартибидаги шикоятларни ташкил қилган.
2021 йил давомида умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар 2020 йилга нисбатан 28,6 фоизга, кассация тартибидаги мурожаатлар 25 фоизга кўпайган. Мурожаатларнинг кўпайишига:
биринчидан, Олий суд раҳбарияти томонидан 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида икки мартадан оммавий сайёр қабуллар ташкил этилгани;
иккинчидан, сайёр қабулдаги мурожаатлар Олий судда кирим қилингач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳам юборилгани;
учинчидан, айрим фуқароларнинг мурожаатларни йўллаш соҳасида етарли даражада ҳуқуқий билимга эга эмаслиги;
тўртинчидан, мурожаатлар тааллуқлиги бўйича берилмасдан Олий судга юборилиши;
бешинчидан, аҳоли томонидан суд тизимига ишонч ортиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
2021 йил мобайнида Олий суд 2 минг 418 та мурожаатни тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқиш учун бошқа идораларга юборган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят қилишга маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли, деб кўрсатилган.
Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар — судланувчи, маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари мурожаатни юқори идораларга юбормоқда.
Олий судга 2021 йил мобайнида ана шундай давлат идораларидан 6 минг 744 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 597 таси бошқа идораларга, 1 минг 84 таси қуйи судларга юборилган. Яна 3 минг 498 таси бўйича судга мурожаат қилиш талаби тушунтирилган.
Мурожаат қилиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик, биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш, иккинчидан, суд қарорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига сабаб бўлади. Натижада муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлиш ҳолатлари келиб чиқади.
Бундан ташқари 2021 йилда шикоятга суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар илова қилинмагани сабабли Олий суд томонидан 3 минг 498 та мурожаат кўрилмасдан қайтарилган.
Яна бир муҳим натижа: 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекс, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, иш бўйича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қарорларини илова қилиш талаби бекор қилинди. Бу орқали фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратилди.
Шунингдек, Олий суд раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахс вакилларини қабул қилиш жараёни ҳам кенг йўлга қўйилмоқда. Жумладан, 2021 йилда 18 минг 658 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинди.
Кейинги йилларда аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фаолиятида кенг жорий этиш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг Олий судга мурожаат қилиши учун қулай усулда кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бугунги кунда Олий суднинг электрон почтаси — info@supcourt.uz, веб-сайти — www.sud/my.sud.uz, интерактив хизматлар орқали Олий суд раиси қабулига рўйхатдан ўтиш учун qabul.sud.uz ва «@SUDUZBOT» Telegram-бот ишга туширилган. Telegram-бот орқали фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича фуқаролар мурожаат қилиш ва қисқа вақт ичида жавоб олиш имконига эга.
Мухтасар қилиб айтганда, Олий суд ва қуйи судларда аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ҳамда қонуний кўриб чиқилиши самарали йўлга қўйилган. Зеро, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли қарор қабул қилиш ва ҳақиқатни қарор топтириш, яъни судларни том маънодаги адолат қўрғонига айлантириш орқали халқимизни рози қилиш айнан шу муҳим омилларга бевосита боғлиқдир.
Бахтиёр Иброҳимов,
Садриддин Хидиров,
Олий суд масъул ходимлари
Фикр қолдириш